Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Сирдарё вилоятида юз берган фавқулодда вазият сабабли ушбу ҳудудда бўлиб турибди.
Сардоба сув омбори тўғонининг очилиши кутилмаган офат, эл бошига тушган яна бир синов бўлди. Давлатимиз раҳбари бошчилигида халқимиз бирлашиб, саросимага тушмай, сабр-матонат ва меҳнат билан тез фурсатларда унинг оқибатларини бартараф этишга киришди.
Ҳукумат комиссияси тузилиб, бу борадаги ишларга барча куч ва воситалар сафарбар этилди. Сув босган маҳаллалар аҳолиси хавфсиз ҳудудларга эвакуация қилинди, бошпана ва озиқ-овқат билан таъминланди.
Юзага келган талафотларни бартараф этиш ишлари бугун ҳам давом этмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, ҳуқуқ-тартибот идоралари, қурилиш-таъмирлаш ташкилотлари ва маҳаллий ҳокимликлар ўзаро мувофиқ ҳаракат қилиб, турмуш шароитларини тиклаш чораларини кўрмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бу ерда тиклаш ишлари куну тун ташкил қилинган, юзлаб қурилиш ва бошқа махсус техникалар тинимсиз ишламоқда. Сув иншоотларига ихтисослашган юқори малакали муҳандислар, бошқа туташ соҳа ва тармоқлар ишчи ва экспертлари жалб этилган.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев бугун Сардоба сув омборига бориб, тўғонни тиклаш бўйича амалга оширилаётган ишларни кўздан кечирди. Мутахассислар билан атрофлича муҳокама қилган ҳолда, дамбани мустаҳкамлаш бўйича қатор кўрсатмалар берди.
Изоҳ қолдириш