ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган доирадаги учрашувида Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади

ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган доирадаги учрашувида Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади

ШҲТ давлат раҳбарлари кенгашининг кенгайтирилган доирадаги учрашувида Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади.

Ушбу саммит — тарихий воқеа. Бу ташкилот келажаги ва ШҲТ минтақаси тақдирини белгилаб берадиган қўшма қарорлар қабул қилиш имкониятидир. Ўзбекистон Ташкилотга раислиги даврида 80 дан зиёд йирик тадбирларни ўтказди. Пандемия ва бошқа муаммоларга қарамай ҳар томонлама ҳамкорликнинг барча йўналишлари ва соҳалари қамраб олинди.

40 дан ортиқ битим ва қарорлар: ўзаро ҳаморлик, саноат кооперацияси, яшил иқтисодиёт, рақамлаштириш ва савдо соҳасидаги концепциялар ва дастурларни ўз ичига олган ҳужжатлар пакети тўплами имзолаш учун тайёрланди. ШҲТ катта оиласига янги аъзолар — мулоқот бўйича кузатувчи ва ҳамкорлар қабул қилинмоқда. Бу Евроосиёда кўп қиррали ҳамкорликни тубдан кенгайтириш учун имкониятдир.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ Давлат раҳбарлари Кенгаши Мажлисининг очилишидаги нутқидан асосийлари:

“Қадимий ва меҳмондўст Самарқанд шаҳрида Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар, кузатувчи мамлакатлар раҳбарларини, фахрий меҳмонларимиз ва халқаро ташкилотлар вакилларини шахсан қабул қилиш шарафига муяссар бўлганимдан мамнунман”, деди Президентимиз сўзининг аввалида.

Шавкат Мирзиёев анжуманда биринчи маротаба иштирок этаётган давлат раҳбарлари – Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф, Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдоған, Озарбайжон Республикаси Президенти Илҳом Алиев, Туркманистон Президенти Сардор Бердимуҳамедовни самимий қутлади.

Ўзбекистон ШҲТга раислик даврида ташкилот доирасидаги амалий ҳамкорликни фаоллаштириш, унинг салоҳияти ва халқаро нуфузини оширишга интилгани таъкидланди.

Хавфсизлик масалалари билан бир қаторда савдо-иқтисодий ва гуманитар ҳамкорликни кенгайтиришга устувор эътибор қаратилди. Ташкилот фаолиятининг барча соҳаларида кўплаб ташаббуслар амалга оширилди.

“Пандемия ва глобал инқироз оқибатларига қарамасдан, Раислик режасини биргаликда тўлиқ амалга оширишга муваффақ бўлдик. 80 дан ортиқ йирик тадбирлар ўтказилди. Ҳамкорликдаги саъй-ҳаракатларимиз бугун қабул қилинган 40 дан ортиқ ҳужжатда ўз ифодасини топган”, деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз дунёда ишонч ва ўзаро бир-бирини тушуниш тақчиллиги сезилаётган, қарама-қаршиликлар ва можаролар кузатилаётган бугунги шароитда барқарорлик ва хавфсизликка нисбатан кўплаб таҳдидлар кучайганини кўрсатиб ўтди.

Унинг фикрича, иқлим ўзгариши, сув ва табиий ресурсларнинг етишмаслиги, пандемиянинг ижтимоий-иқтисодий оқибатлари, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлиги инқирози каби замонамиз муаммолари барқарор ривожланиш учун жиддий хавф туғдирмоқда.

“Ўзаро ишонч, адолат ва ҳамжиҳатликка талаб глобал миқёсда тобора ортиб бормоқда. Шу муносабат билан очиқ ва конструктив мулоқотни давом эттириш ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ талаб этилмоқда. Ташкилотимиз фаолияти шундай мулоқотни амалга ошириш мумкинлигини дунёга намоён этмоқда”, деди Шавкат Мирзиёев.

ШҲТ очиқлик ва блокларга қўшилмаслик тамойилларига қатъий содиқлиги туфайли иштирокчи мамлакатлар ўртасидаги ўзаро манфаатли муносабатларни мустаҳкамлаб, халқаро ҳамкорликни муваффақиятли тарзда чуқурлаштираётгани таъкидланди.

Президентимиз ШҲТ таркиби кенгайиб, шериклик муносабатларимиз ривожланиб бораётганини таъкидлади.

Эрон Ислом Республикасининг Ташкилотга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандум имзоланди.

Миср Араб Республикаси ва Қатар Давлатига мулоқот бўйича шериклар мақоми берилди.

Беларусь Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси, Баҳрайн Подшоҳлиги, Кувайт Давлати, Мальдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянма Иттифоқи Республикасига – мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш жараёнлари бошланади.

“ШҲТнинг географик қамрови кенгаяётгани ўз мисолида самарадорлик, ўзаро бир-бирини тушуниш ва амалий саъй-ҳаракатларни намойиш этаётган Ташкилотимиз фаолиятининг долзарблигини яна бир тасдиқламоқда”, деди Шавкат Мирзиёев.

Давлатимиз раҳбари Ўзбекистон ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақомини ва унинг очиқлигини сақлаб қолиш муҳим эканини қайд этди.

“Биз хавфсизликнинг яхлитлик тамойилига қатъий риоя қиламиз. ШҲТнинг фаолияти кенг ҳамкорликка йўналтирилган бўлиши лозим. Марказий Осиё ШҲТнинг "географик ядроси" мақомини сақлаб қолиши кераклигига ҳам ишончимиз комил”, деди Шавкат Мирзиёев.

ШҲТни 2040 йилгача Ривожлантириш стратегиясини тайёрлашга киришиш мумкинлиги, ушбу дастуруламал ҳужжат кўп қиррали ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олиши, ШҲТни узоқ муддатли ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб бериши лозимлиги таъкидланди.

Президентимиз, аввало, иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини ошириш ғоят муҳим эканини қайд этди.

Ўзбекистон ШҲТ мамлакатлари иқтисодиётларининг бир-бирини ўзаро тўлдириб боришдаги афзалликларини ҳисобга олган ҳолда, мавжуд салоҳиятни максимал даражада оширишдан манфаатдор. Шу муносабат билан ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқотини бошлаш асосида саноат ва технологик ҳамкорликнинг умумий маконини шакллантириш таклиф этилди.

Мамлакатларимиз ўртасида кенг кўламли иқтисодий ҳамкорликни таъминлаш ва амалий ҳамжиҳатликнинг аниқ натижаларига эришиш мақсадида Ўзбекистонда ШҲТ минтақаларининг бизнес шериклиги ҳафталигини ўтказиш таклифи илгари сурилди.

Ўзбекистон саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ўзаро савдони рағбатлантириш мақсадида ШҲТ мамлакатлари Махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш тарафдори.

Ҳар йили ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказиш, унинг асосида ягона электрон платформа яратиш таклиф этилди.

Президентимиз иштирокчиларнинг эътиборини мамлакатларимиз қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг йирик ишлаб чиқарувчилари, экспорт ва импорт қилувчилари бўлишига қарамасдан, ШҲТ майдончасида озиқ-овқат хавфсизлиги масалалари бўйича ҳали жиддий ҳамжиҳатлик йўлга қўйилмаганига қаратди.

“Давлатларимиз салоҳияти ички бозорларни бошоқли экинлар, чорвачилик ва мева-сабзавот маҳсулотлари, асосий озиқ-овқат турлари ҳамда зарур ўғитлар билан мунтазам таъминлаш имконини беради. Бундан ташқари, биз ушбу муаммони глобал даражада ҳал қилишга ҳисса қўшишимиз керак”, деди давлатимиз раҳбари.

Шу муносабат билан Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг умумий тамойиллари ва ёндашувларини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларига, тўғридан-тўғри ўзаро таъминотнинг мувофиқлаштирилган схемаларини шакллантиришга, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш учун самарали логистика, "яшил" ва экспресс-йўлакларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратишга чақирди.

Ушбу ҳаётий масалаларни кенг муҳокама қилиш мақсадида келгуси йили Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказишни таклиф этилди.

Бугун қабул қилинаётган ШҲТнинг Ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш ва самарали транспорт йўлакларини яратиш концепциясини амалиётга татбиқ этиш мақсадида Президентимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қўллаб-қувватлаши остида Тошкент шаҳрида Минтақалараро ўзаро боғлиқлик марказини ташкил этишни таклиф қилди.

Саммит доирасида Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши тўғрисида уч томонлама Битимнинг имзоланишини тарихий воқеа дея баҳолаб, Шавкат Мирзиёев стратегик жиҳатдан яна бир муҳим лойиҳа – Термиз–Мозори Шариф-Кобул–Пешовар темир йўли коридори қурилишини ҳам қўллаб–қувватлашга чақирди.

Транспорт ва коммуникациялар соҳасидаги барча истиқболли лойиҳаларни келгуси йили Ўзбекистонда ШҲТ Биринчи транспорт форуми доирасида муҳокама қилиш мумкинлиги таъкидланди.

Кун тартибидаги экологик муаммолар алоҳида долзарблик касб этмоқда.

“Барчамиз учун ҳаётий ўта муҳим бўлган ушбу соҳада амалий ҳамкорликнинг янги механизмлари ва шакллари зарурдир”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Ўз таркибида сиёсатчилар, жамоат арбоблари, олимлар ва эксперт-экологлар, бизнес вакилларини бирлаштира оладиган ШҲТ Иқлим кенгашини тузиш таклиф қилинди.

Хавфсизлик соҳасидаги самарали ҳамкорлик ШҲТ ривожланишининг муҳим шарти ҳисобланади.

ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси самарадорлигини ошириш, жумладан, хавфсизликка таҳдид ва хавф-хатарлардан огоҳлантириш ва уларга тезкорликда муносабат билдиришга оид шартномалар асосида ушбу тузилманинг фаолиятини такомиллаштириш зарурлиги таъкидланди.

Мамлакатларимиздаги вазиятни баҳолаш ва бугунги воқеликни ҳисобга олган ҳолда мажмуавий қарорлар қабул қилиш учун Минтақавий аксилтеррор тузилмаси кенгашининг йиллик сайёр йиғилишлари амалиётини йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.

Кибержиноятчиликка қарши курашиш учун қўшма платформани яратиш вазифаси тобора долзарб бўлиб бораётгани қайд этилди.

Президентимиз таъкидлаганидек, Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштиришни кучайтириш ШҲТнинг энг устувор йўналишларидан бўлиб қолиши лозим.

“Шуни таъкидлашни истардимки, афғон халқи яхши қўшничилик ёрдамимизга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ муҳтождир. Биз ўтмишдаги хатоларни такрорламаслигимиз ва Афғонистонни унинг муаммолари билан ёлғиз қолдирмаслигимиз лозим.

Санкциялар сиёсатининг кучайтирилиши ва Афғонистоннинг ҳозирги ҳукумати янада яккаланиши муқаррар равишда мамлакат ичида радикаллашувнинг кучайишига олиб келади ва уни террорчилик ташкилотлари учун плацдармга айлантиради.

Шу боис биз Афғонистон муваққат ҳукумати томонидан илгари қабул қилинган, шу жумладан, аёллар ва болалар ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларини бажариши бўйича Кобул билан конструктив алоқаларни ривожлантириш тарафдоримиз”, деди Президент.

Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондни мазкур мамлакатга чегарадош бўлган Термиз шаҳрида – у ердаги мавжуд транспорт-логистика хабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда, биргаликда таъсис этиш таклиф қилинди.

Фонд маблағлари ушбу мамлакатдаги ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.

Президентимиз маданий-гуманитар алоқалар анъанавий равишда ҳамкорлигимизнинг мустаҳкам асоси эканини таъкидлади. Халқларимиз ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ва бир-бирини ўзаро тўғри тушуниш ШҲТ минтақасидаги тинчлик ва кенг қамровли шерикликнинг гаровидир.

Бугун қабул қилинаётган Узоқ муддатли яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани амалга ошириш бўйича комплекс режа айнан шу мақсадларга қаратилган.

ШҲТ доирасида университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар сингари қўшимча форматларни таъсис этиш зарурлиги қайд этилди.

Маданиятлараро мулоқотнинг рақамли платформаларини ишга тушириш таклиф этилди.

Ўзаро туристик оқимларни кўпайтириш, сайёҳлик соҳасида қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Ушбу устувор йўналишдаги ҳамкорликни фаоллаштириш учун давлатимиз раҳбари келгуси йилни ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили, деб эълон қилишни таклиф этди.

“Самарқанд – биз ШҲТни тузишда асос қилиб олган бағрикенглик ва турли халқларнинг анъана ва қадриятларига ҳурмат тамойиллари асрлар давомида ҳаётга татбиқ этилган жонли намунадир”, деди Президент Шавкат Мирзиёев.

Ҳозирги кунда геосиёсий рақобат, мафкуравий зиддият ва баҳслардан холи бўлган бундай мулоқот фавқулодда зарурлиги боис Ўзбекистон шерикларга умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббусини тақдим этади.

Бу ташаббуснинг мақсади – бизнинг умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ёндошувлар ва қарорларни излашга тайёр, "Самарқанд руҳи" тамойилларига ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал цивилизациялараро мулоқотга жалб қилишдир.

Унинг амалий ижросига доир масалаларни сиёсий етакчилар, жамоатчилик, ишбилармонлар, академик ва эксперт доираларининг нуфузли вакиллари иштирокида келгуси йили Самарқанд халқаро форумида биргаликда кўриб чиқиш таклиф этилди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг якунида Ўзбекистон раислигидаги мақсадларга эришишда фаол кўмак учун ҳамкасбларига самимий миннатдорлик билдирди.

“Ишончим комилки, бугун қабул қилинаётган ҳужжатлар ва қарорлар мамлакатларимиз ва халқларимиз тараққиёти ҳамда фаровонлиги йўлида минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш мақсадида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти янада изчил ривожланишига ҳамда Ташкилотимиз нуфузининг юксалишига муносиб ҳисса бўлиб қўшилади”, деди Президентимиз.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ШҲТ мамлакатлари номидан халқаро ҳамжамиятни Покистондаги табиий офатнинг кенг кўламли салбий оқибатларини бартараф этиш учун ушбу мамлакатга имкон борича гуманитар ёрдам кўрсатишга чақирди.

Йиғилишда шунингдек, Қоғозистон Президенти Токаев, Ҳиндистон бош вазири Моди, ХХР раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон Президенти Жапаров, Покистон бош вазири Шариф, Россия президенти Путин ва Тожикистон Президенти Раҳмон сўзга чиқди.

Материал тўлдириб борилади


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар