ССВ: “COVID-19” коронавирус инфекциясидан қандай сақланиш мумкин?

ССВ: “COVID-19” коронавирус инфекциясидан қандай сақланиш мумкин?

Шу кунларда кўпчиликда бутун дунё бўйлаб кенг тарқалаётган коронавирус инфекцияси билан боғлиқ қатор саволлар туғилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги тиббиёт фанлари доктори, Эпидемиология, микробиология ва юқумли касалликлар илмий текшириш институти директори Ботир Таджиевнинг коронавирус инфекциясидан қандай сақланиш мумкинлиги тўғрисидаги мулоҳазаларини маълум қилди.

– Коронавирус инфекциясининг яширин даври 2 кундан 14 кунгача давом этади. Ҳозирги кунда вирус тарқалиши асосан одамдан одамга яқин алоқа оқибатида юз бермоқда. Унинг аломатлари иситма, йўтал ва нафас қисиши ҳисобланади, – дейди Ботир Таджиев.

Вирусни барча ёшдаги одамлар юқтириши мумкин. Ёши катта, сурункали касалликка йўлиққан, иммунитети заифлашган одамларда касаллик оғирроқ кечиши мумкин. Айни пайтда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва дунё давлатлари мутахассислари ушбу вирусга қарши янги вакцина ва даволаш методларини яратиш устида фаол ишлашмоқда.

"Хасталикдан сақланишда қўлларни ювиш муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, спиртли дезинфекциядан фойдаланиш ҳам зарар қилмайди. Овқат қилиш давомида ҳамда ундан олдин ва кейин, шунингдек, овқатланишдан олдин, уй ҳайвонлари олдидан қайтганда ҳам қўлларни ювишни унутмаслик керак. Айни кунларда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан бутун аҳолига қўл ювишнинг аҳамияти ҳақида sms хабарлар тарқатилаётганлигининг сабаби ҳам ана шунда", дейди мутахассис.

Ботир Таджиев коронавирусни юқтириб олмаслик ёки унинг хавфини камайтириш учун аввало, шамоллаш ёки грипп аломатлари кузатилган одамлар билан яқин алоқа қилишдан тийилиш кераклигини таъкидламоқда. Шунингдек, юзни қўл билан ушламасликни, имкон қадар бозор, вокзал, катта дўконлар каби одамлар йиғиладиган жойларга боришни камайтириш кераклиги айтди. Бундан ташқари йўталганда, бурун қоққанда ва аксирганда оғиз ва бурунни беркитиш керак.

Касалликнинг илк аломатлари кузатилганда, уйда қолинг ва дарҳол шифокорга мурожаат қилинг.

Мутахассис айрим ҳолатлардагини ҳимоя ниқобини тақиб юришни, бошқа ҳолатларда зурурат туғилмаслигини айтди.

– Биласизми, сизда йўтал, нафас олишда қийналиш каби респиратор инфекция аломатлари кузатилса, шунингдек, тиббиёт ходими сифатида инфекция аломатларига эга беморга қараётган бўлсангиз ёки бориб кўрсангизгина тиббий ниқобни тақиб юришингиз мумкин. Респиратор инфекцияси аломатлари мавжуд бўлмаган барча ҳолатларда ҳимоя ниқобларини тақиб юришга зарурат йўқ.

Тиббиёт фанлари докторининг сўзларига кўра, овқат тайёрлаётганда, хом гўшт ва тайёр овқатни кесиш учун алоҳида чопиш тахталари ва пичоқлардан фойдаланиш зарур экан. Гўшт ва сут маҳсулотларини ушлагандан кейин қўлларни яхшилаб ювиш эса муҳим ўрин тутади. Гўшт маҳсулотларини яхшилаб пишириш лозим. Хом ёки чала қайнатилган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилишдан сақланинг.

Сафарга йўл олганда коронавирус инфекциясидан сақланиш учун нималарга эътибор қаратиш керак?

– Аввало, зарурат бўлмаганда хорижга чиқишдан чекланиш мақсадга мувофиқ бўлади. Сафарга чиққанда инфекциядан сақланиш учун юқоридаги айтиб ўтилган, умумий гигиеник қоидаларга қатъий риоя қилиши керак. Бунда аввал, қўлларни спиртли нам салфетка ёрдамида тез-тез артиб, совунлаб ювиб туриш керак. Соғлигингиз ёмонлашса, сиз билан сафарга чиққан гуруҳ аъзоларига хабар қилинг ва имкон бўлиши билан шифокорни ҳам хабардор этинг. Шамоллаш ёки грипп аломатларига эга одамлардан йироқ бўлинг, агар юқоридаги аломатлар сизда сезилса, сафарни бекор қилганингиз маъқул, – дейди Ботир Таджиев.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар