2022 йил январь-июнь ҳолатига кўра вилоятнинг ташқи савдо айланмаси ҳажми $266,8 млн. (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,2%га камайиш) бўлиб, республикадаги улуши 0,8%, ҳудудлар орасида охирги ўринни эгаллаган.
Ташқи савдода экспортнинг улуши – 56,6% (17,3%га ўсиш), импорт – 43,4% (8,8%га камайиш) ни ташкил қилган.
Ташқи савдода МДҲ мамлакатларининг улуши – 39,8% бўлса, қолган қисми (60,2%) бошқа мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.
Сурхондарё вилояти жаҳоннинг 54 та мамлакатлари билан савдо алоқаларини амалга ошириб келмоқда. Хитой (23,9%), Россия (20,5%), Покистон (17%), Қозоғистон (11,6%), Туркия (6,7%), Афғонистон (4,8%), Тожикистон (3%), Қирғизистон (2,8%) ва Эрон (1,8%) ташқи савдо айланмасида етакчи ҳамкор давлатлар ҳисобланади.
Вилоятнинг ташқи савдо айланмаси ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг юқори улуш Денов (14,4%), Сариосиё (14,3%), Термиз шаҳри (12,4%), энг паст улуш Қумқўрғон (2,8%), Бойсун (2,4%) ва Бандихон (1,5%) туманлари ҳиссасига тўғри келади.
Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатлар орасидан 11 тасида фаол ташқи савдо баланси кузатилган. Қозоғистон, Хитой, Афғонистон, Туркия, Қирғизистон, Покистон, Эрон, Сингапур, Озарбайжон, Беларус, ва Германия шулар жумласидандир.
Экспорт. Таҳлил қилинган даврда вилоятдаги жами экспортёрлар сони 222 тани ташкил қилган бўлиб, умумий қиймати $150,9 млн товар ва хизматлар экспорт қилинди. Экспорт таркибида товарлар улуши 98,3% бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар – 45,9%, саноат маҳсулотлари – 43,7%, ноозиқ-овқат хом-ашё, ёқилғидан ташқари – 5,6%ни ташкил этган.
Вилоят экспорти таркибида энг юқори улушни Денов (15,6%), Жарқўрғон (14,0%), Термиз (11,7%) туманлари, энг паст улушни эса Бойсун (3,4%), Сариосиё (2,7%), Бандихон (2,1%) туманлари эгаллаган.
Хитой – $38,5 млн, Покистон – $25,2 млн, Қозоғистон – $23,5 млн, Россия – $16,7 млн, Туркия – $13 млн, Афғонистон - $12,3 млн, Қирғизистон – $6,5 млн каби давлатлар вилоятда маҳсулотлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорлар бўлди. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 89,8%ни ташкил этди.
Мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти. Сурхондарё вилоятида мева-сабзавотчилик тармоғи муҳим ўрин тутади. Таҳлил қилинаётган даврда мева-сабзавот маҳсулотлари экспорти ҳажми – 98,9 минг тонна ($70,5 млн), ўсиш кўрсаткичи эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 84,1%га ошган. Шундан келиб чиқиб 59,6 минг тонна сабзавот, 21,9 минг тонна мева ва резаворлар, 12,2 минг тонна узум, 2,1 минг тонна ерёнғоқ экспорт қилинди.
Шунингдек, мева-сабзавот маҳсулотлари жами экспортнинг 46,7%ини ташкил қилган. Мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари Қозоғистон (33,2%), Покистон (28,2%), Афғонистон (14,5%) ва Россия (12,3%) мамлакатлари ҳиссасига тўғри келади.
Сўнгги 3 йилда вилоятда сабзавот майдонлари 35 минг гектар майдонга кенгайтирилди ва 10 минг гектарда интенсив боғлар, токзор ва иссиқхоналар барпо этилди. Хусусан, Термиз, Сариосиё ва Шўрчи туманларида 150 гектар лимон, Шерободда 3,1 минг гектар анор ва Боботоғ ҳудудида 2,7 минг гектар писта плантациялари барпо этилди. Натижада, вилоятнинг мева-сабзавотлар экспорти сўнгги 3 йилда 2 баравар ошди.
Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти. Жорий йилда $66,4 млн (ўтган йилга нисбатан 5%га камайиш) тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинган бўлиб, умумий экспортнинг 44%ини ташкил этган. Экспорт қилинган тўқимачилик маҳсулотлари таркибида пахтадан йигирилган ип (81,9%), пахтадан газламалар (9,5%) асосий ўринни эгаллаган. Тўқимачилик маҳсулотлари экспортининг энг катта улуши Хитой (56,1%), Туркия (18,1%) ва Россия (10,4%) давлатлари ҳиссасига тўғри келади.
Умуман, вилоятда экспортни тизимли кўллаб-қувватлаш натижасида келгуси беш йилда:
– экспортчи корхоналар сони 3 баробарга ошиб, 900 тага етади;
– вилоят экспорти таркибида қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулотлар улуши ҳозирги 32 фоиздан 65 фоизга етказилади;
– 150 та янги турдаги тайёр саноат маҳсулотлари экспорти ўзлаштирилиб, экспортга чиқарилаётган маҳсулотлар турлари 250 тага етказилади.
Жумладан, қиймати $220,7 млн. саноат маҳсулотлари, $126,4 млн. мева – сабзавот маҳсулотлари экспорт ҳажмларини амалга ошириш, салоҳиятли 100 та маҳаллий корхоналарнинг ташқи бозорларга чиқишига йўл очиб бериш учун “тадбиркордан – экспортчигача” тамойили асосида тизим жорий этиш;
Мисол учун, сўнгги йилларда яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиб, Ангорликлар 6,5 минг гектарда эртаки экин сифатида кўкат, карам, брокколи, қизил лавлаги, булғор қалампири каби маҳсулотларни етиштирмоқдалар.
Бундан ташқари, 21 минг аҳоли хонадонидаги 2,3 минг гектар томорқада ҳам ушбу экспортбоп экинлар экилмоқда.
Бунинг ҳисобига, Ангорнинг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари нафақат мамлакатимиз, балки ташқи бозорларга ҳам етказилиб, 2021 йилнинг ўзида қарийиб $10 млн. экспорт қилинган.
Келгуси беш йилда Ангорда эски боғ ва токзорлар ҳамда янги ўзлаштириладиган ерлар ҳисобидан эртаки экинлар майдони 20 минг гектарга ва экспорт ҳажми йилига $25 млн.га етказилади.
Шунингдек, туманда минг гектар пахта ва ғалла майдонлари очиқ танлов асосида, аҳолига ўртача 50 сотихдан узоқ муддатга ижарага берилади ва 2 мингга яқин иш ўринлари яратилади.
Ангор мисолида, бошқа туманларда хам жами 50 минг гектар майдонда эртаки экинлар етиштириш йўлга қўйилиб, экспорт ҳажми йилига 100 млн. долларга етказилади.
Ушбу етиштирилган эртаки мева-сабзавот маҳсулотларни тезкор экспортга юклаш тизимини ташкил қилиш мақсадида, республика экспортни рағбатлантириш агентлиги қошида Сурхондарё вилояти учун алоҳида Жамғарма тузилади ва ҳар йили $100 миллион маблағ йўналтирилади.
Вилоятдан экспорт қилинадиган барча турдаги мева-сабзавот маҳсулотларини ташиш харажатларини 50%гача қисмини қоплаб бериш;
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 10 майдаги 245-сонли қарорига мувофиқ, 2022-2026 йилларда вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш мақсадида кейинги беш йилда жами ҳудудий экспорт ҳажмини 3,08 млрд долларга етказиш кўзда тутилган.
Ҳудудий экспорт ҳажмини ошириш ва саноат тармоқларини ривожлантириш мақсадида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳажмини 5 бараварга ошириш ҳамда йилига 670 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи ва 280 миллион долларлик экспортбоп маҳсулотларни ишлаб чиқариш, чарм-поябзал соҳасида 90 миллион долларлик қўшимча экспорт имкониятларини яратиш,
Импорт. Импорт қилинган товар ва хизматларнинг умумий ҳажми $116 млн.ни ташкил қилган. Импорт таркибида саноат маҳсулотлари – 39,3%, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар – 25,4%, машина ва транспорт асбоб-ускуналари – 27,8% асосий қисмни ташкил қилган.
Вилоятга МДҲ давлатларидан импорт қилинган маҳсулотларнинг улуши ўтган йилга нисбатан 10,5%га ўсган. Умуман олганда, вилоятга дунёнинг 43та мамлакатидан товар ва хизматлар импорт қилинган.
Импортнинг асосий қисми Россия – (умумий импортнинг 32,9%и), Хитой – (21,8%), Покистон – (17,5%), Қозоғистон – (6,4%), Тожикистон – (5,1%), Туркия – (4,2%), Ҳиндистон – (2,4%) давлатлари ҳиссасига тўғри келади.
Вилоят импорти ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда энг юқори улушни Сариосиё (29,3%), Термиз шаҳри (23,5%) ва Денов (12,8%), энг паст улуш эса Қумқўрғон (0,8%), Бандихон (0,7%), Ангор (0,3%) туманлари ҳиссасига тўғри келади.
Изоҳ қолдириш