Янги Ўзбекистоннинг “Тараққиёт стратегияси” 2022-2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, давлат инсон учун деган эзгу ғояни ҳаётга тадбиқ этишни кўзда тутади.
Мамлакатимизнинг кейинги 5 йилга мўлжалланган “Тараққиёт стратегияси”нинг 1-устувор йўналиши бўйича электрон давлат хизматларининг улушини амалдаги 54%дан 100%га етказиш мақсад қилиб қўйилган. Бу билан ортиқча сарсонгарчиликларга чек қўйилади, фуқароларга қулайлик яратилади, қолаверса, жамоатчилик фикрини мунтазам ва илмий асосланган ҳолда тизимли ўрганиш йўлга қўйилади.
“Тараққиёт стратегияси”да Социология институтини ташкил этиш белгилаб берилди. Бу институтнинг масъулларидан бири Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Ҳакимов “Ўзбекистон24” телеканалининг “Таҳлилнома” кўрсатувида ушбу институтнинг вазифалари хусусида тўхтатилиб ўтди.
“Жамиятни нима қийнаяпти, қандай масалалар қийнаяпти, одамларнинг онгги қандай ўзгаряпти булар бизнинг энг асосий масалаларимиз. Бизга ҳозирда мана шу нарсаларни доимий тадқиқот қилиб ва давлат сиёсатини шакллантиришда доимий алоқани ўрнатувчи институт керак.
Худди мана шу нарсани давлатимиз раҳбари томонидан кенгайтирилган йиғилишда ҳам айтиб ўтилда ва ҳозирда ишлар бошлаб юборилган. Жамоат фикрини ўрганиш базасида Ўзбекистон Республикасида биринчи марта Социология институти ташкил этилади. Бу институт қилаётган ислоҳотларимизнинг одамларда қандай таъсуротлар уйғотаётгани, қандай қониқиш ҳосил қилаётганини ўрганади.
Кейинги 5 йилда энг асосий нарса мана шу ҳисоб-китоблардан келиб чиққан ҳолда мамлакатимизда ЯИМ ҳажмини 100 млрд.дан ошириш ва аҳоли жон бошига тўғри келадиган ЯИМ ҳажмини 2800 долларга етказиш асосий мақсад қилиб қўйилган”, дейди марказ директори.
Обид Ҳакимов нималар ҳисобига ЯИМ ҳажми кўпайишини қуйидагича изоҳлади:
“Ҳар битта ривожланаётган иқтисодиёт бор экан, бу иқтисодиётни олдинга тортадиган меҳнат унумдорлигининг энг катта ва энг ўсувчан қисми - бу саноат соҳасидир. Саноат соҳасида меҳнат унумдорлиги энг тез ўсадиган ва катта ўзгариш берадиган соҳа ҳисобланади.
Кейинги 5 йилда энг асосий мақсадимиз, саноатимизда устувор йўналишларни ривожлантириш орқали саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришни 1,4 мартага ошириш режа қилиб қўйилган”.
Бу ниманинг эвазига амалга ошади?
“Бизнинг саноатимизда тўқимачилик кластерлари саноат маҳсулотларининг ўсишида катта туртки берган соҳа. Кластер тизимини худди шундай мисни қайта ишлашга тадбиқ қилиш орқали 2026 йилга бориб 8 млрд.долларлик мис маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган саноат клатерларини ташкил қилиш режа қилинган. Масалан, айтайлик Ўзбекистонда дунёдаги саноқли бўлган мис резерфлари мавжуд. Ушбу мис резерфларини ишлаш ва буни қайта ишлаш ҳамда уни қўшилган қиймат занжири бўйича ишлаб чиқаришларни ташкил қилиш орқали биз мис саноатида ҳам жуда катта ўзгариш қилиш режасини тузганмиз”, дейди О.Ҳакимов.
Янги Ўзбекистонинг 2022–2026 йилга мўлжалланган “Тараққиёт стратегияси” инсон қадрини улуғлашга хизмат қилади. Мамлакатимиз тараққиётини янги сифат босқичига кўтаради.
Изоҳ қолдириш