Темир дафтар, Аёллар дафтари ёки Ёшлар дафтарида турувчиларга қандай кредитлар ажратилади?

Темир дафтар, Аёллар дафтари ёки Ёшлар дафтарида турувчиларга қандай кредитлар ажратилади?

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги 2021 йил 28 апрель, 250-сонли қарори тасдиқланди.

Унга кўра,

▪️«Темир дафтар»нинг юритилиши бўйича Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги;

▪️«Аёллар дафтари» юритилиши бўйича Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги;

▪️«Ёшлар дафтари» юритилиши бўйича Ёшлар ишлари агентлиги масъул ҳисобланади.

«Темир дафтар»

«Темир дафтар»га киритилган оилаларни қўллаб-қувватлаш чоралари:

  • томорқадан даромад манбаи сифатида фойдаланишга кўмаклашиш — Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари, тижорат банклари кредитлари;
  • тадбиркорликни йўлга қўйиш ва кредит олишга кўмаклашиш — Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари, тижорат банклари, халқаро молия институтларидан жалб этиладиган кредит ва грантлар ҳисобидан молиялаштирилади.

«Аёллар дафтари»

▪️Халқ банки «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш, уларга кредит олишда кўмаклашиш, бу масалада республикада ажратилган кредитларнинг статистик ҳисоботини юритиш ва кредит ажратилгандан сўнг уларнинг тадбиркорлигини ривожлантириш учун доимий қўллаб-қувватлаш борасидаги амалий ишларни мувофиқлаштиришга масъул ҳисобланади.

▪️Кредитлар «Аёллар дафтари»га киритилган ва тадбиркорлик билан шуғулланиш истагида бўлган хотин-қизларнинг тадбиркорлигини йўлга қўйиш ва ривожлантиришга йўналтирилади.

▪️Бунда кредитлар базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача миқдорда ажратилади.

▪️Кредитларнинг фоиз ставкаси бўйича, истисно тариқасида, 2022 йил 1 январга қадар Марказий банкнинг асосий ставкаси белгиланади.

▪️Кредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.

▪️Кредитлар қарз олувчининг ссуда ҳисобварағидан кредит шартномасида белгиланган мақсадлар учун тегишли ташкилотларнинг банкдаги ҳисобварағига пул ўтказиш йўли билан ажратилади.

▪️Кредитлар Микрокредитбанк, Агробанк ва Халқ банкининг туман (шаҳар) филиаллари томонидан «Аёллар дафтари»да ҳисобда турган хотин-қизларнинг фамилияси, исми, отасининг исми бўйича алфавит тартибида шакллантирилган қатъий навбат асосида ажратилади.

«Ёшлар дафтари»

Президентнинг 2020 йил 13 ноябрдаги ПҚ-4862-сон қарорига кўра, махсус сертификат олган ёшларга «Микрокредитбанк» томонидан микрокредит ажратилади:

▪️тадбиркорлик ташаббусига эга жисмоний шахслар, шу жумладан ёшларга ўз бизнесини ташкил этиш учун 33 миллион сўмгача бўлган миқдордаги кредитлар таъминотсиз ажратилади;

▪️микрофирма ва кичик корхона таъсис этган шахсларга учинчи шахс кафиллиги, суғурта полислари, кредит ҳисобига сотиб олинаётган мол-мулклар гарови, Жамғарма кафиллиги ва бошқа таъминот турлари асосида 225 миллион сўмгача миқдорда микрокредитлар ажратилади.

▪️Кредитларнинг фоиз ставкаси МБнинг асосий ставкасида белгиланади.

▪️Кредитлар 6 ойгача имтиёзли давр билан 3 йилдан кўп бўлмаган муддатга ажратилади.

▪️Тижорат банклари томонидан ёшларга балиқчилик, қуёнчилик, паррандачилик, асаларичилик, мева-сабзавотчилик, узумчилик, тикувчилик, ҳунармандчилик ва бошқа илғор соҳаларда фаолиятларини ташкил этиш учун оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар ажратилади.

Кредитларни илгари олинган кредитлар ёки ҳар қандай бошқа қарзларни қайтаришга, шахсий эҳтиёж учун автотранспорт сотиб олишга, маъмурий харажатларни тўлашга, жумладан, автотранспорт воситасининг таъминоти, мебель, алоқа хизматлари тўлови ва уяли телефон сотиб олишга ҳамда қонун ҳужжатлари ва Марказий банкнинг қоидаларига кўра тақиқланган фаолиятларга ажратишга йўл қўйилмайди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар