“Texnopark”да Ўзбекистон - Қирғизистон бизнес форуми ва Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтмоқда

“Texnopark”да Ўзбекистон - Қирғизистон бизнес форуми ва Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бўлиб ўтмоқда
Фото: Gazeta.uz

Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифи билан бир вақтда пойтахтимизнинг Яшнобод туманидаги “Texnopark” да Ўзбекистон - Қирғизистон бизнес форуми ва Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши бошланди.

Тадбирдан кўзланган асосий мақсад икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва тадбиркорлар ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида очиқ мулоқот платформаларини ташкил этиш ҳисобланади.

Мазкур тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Қирғиз Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Улукбек Кармишаков, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икромов, Қирғизистон Савдо-саноат палатаси президенти Марат Шаршекеев, шунингдек икки давлатдан вазирлик, идоралари ҳамда жами 250 дан ортиқ тадбиркорлик субъектлари масъул вакиллари иштирок этмоқда.

Тошкентда давом этаётган Ўзбекистон — Қирғизистон бизнес форуми ва Ишбилармонлар кенгашининг биринчи йиғилиши аввалида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари — Инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов тадбирни очиб бераркан, илк каломини қирғиз тилида ифодалаганда, қўшни давлатдан келган меҳмонларнинг қизғин олқишларига сазовор бўлди.

Шундан сўнг С.Умурзоқов икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар ривожланиб, сўнгги йилларда ҳамкорлик кўлами янада кенгайиб бораётганини таъкидлаб, бугунги бизнес форуми ҳам икки мамлакат ишбилармон доиралари учун кенг ва қулай имконият яратиши, келгусида самарали натижаларга эришишда асос вазифасини ўташига ишонч билдирди.

Шундан сўнг Қирғиз Республикаси Бош вазири ўринбосари — Иқтисодиёт ва молия вазири Улукбек Кармишаков сўзга чиқиб, мазкур анжуманнинг икки қардош халқ учун беқиёс аҳамияти, келгусида ҳамкорликда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳалар хусусида тўхталди. У ўз сўзида Ўзбекистон нисбатан қисқа вақт ичида сезиларли иқтисодий ўсишга эришганини эътироф этиб, айнан шу омил Қирғизистоннинг мамлакатимизга бўлган қизиқиши кескин ошишига асос бўлганини қўшимча қилди.

Зеро, таҳлилларга кўра, Қирғиз Республикасининг пандемия туфайли бошқа кўплаб яқин ҳамкорлари билан муносабатлари яққол сустлашган бир пайтда, Ўзбекистон билан савдо-иқтисодий алоқаларида сезиларли ўсиш кузатилган. Аниқроқ айтганда, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги маҳсулот айирбошлаш ҳажми 2016 йилга нисбатан 5 баравар кўпайган, мамлакатимиздаги икки мамлакат иштирокидаги қўшма корхоналар сони эса ўтган йил 2019 йилга нисбатан икки марта кўпайган.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар