Тошкентда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва МДҲ Ижроия қўмитаси кўмагида "Ахборот хавфсизлигини таъминлаш масалалари" бўйича халқаро МДҲ эксперт форуми бўлиб ўтмоқда.
Гибрид форматда хорижий иштирокчиларни онлайн тарзда жалб қилган ҳолда ташкил этилган ахборот хавфсизлиги масалалари бўйича мулоқот Ҳамдўстлик мамлакатларининг 60 дан зиёд етакчи экспертларини жамлади. Унда нафақат халқаро ташкилотлар ва МДҲ мамлакатлари етакчи таҳлилий марказларининг вакиллари, балки тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари ҳам иштирок этмоқда.
МДҲ Ижрочи котиби Сергей Лебедев, МДҲнинг алоқа соҳасидаги минтақавий ҳамдўстлиги Ижроия қўмитаси бош директори Нурудин Муҳитдинов, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири маслаҳатчиси Олимжон Умаров, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов ўз нутқлари билан тадбирни очиб беришди.
Форумда Ўзбекистон томонидан Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси масъул ходимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш, ташқи ишлар, ички ишлар вазирликлари раҳбарлари, шунингдек, ихтисослаштирилган ташкилотлар – Бош прокуратура, Давлат божхона қўмитаси, Марказий банк, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекцияси, Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш маркази, Киберхавфсизлик маркази вакиллари қатнашишди.
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти мутахассисларидан ташқари форумга, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази, Марказий Осиё халқаро институти, Халқаро муносабатлар ахборот-таҳлил маркази ва “Тараққиёт стратегияси” марказининг мутахассислари жалб қилинган.
Кун тартибидаги барча масалаларни кўриб чиқиш учун форум иши қуйидаги масалалар бўйича 4 сессияга бўлинган:
- рақамли иқтисодиётни ривожлантириш шароитида ахборот хавфсизлигини таъминлаш;
- ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда жиноятларга қарши курашиш;
- ахборот инфратузилмаси объектларини техник ҳимоя қилиш ва кибержиноятларни тергов қилиш;
- ахборот муҳитида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш.
Нуфузли мутахассислар таркиби ахборот хавфсизлиги соҳасидаги сўнгги тенденцияларни муҳокама қилиш, ушбу соҳадаги ноқонуний ҳаракатларга қарши курашишнинг энг яхши усулларини ишлаб чиқишда мувофиқлаштирилган ёндашувларни келишиб олишга имкон берди.
Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, тезкор рақамлаштириш шароитида ахборот хавфсизлигига таҳдидлар янада кучайган. Молия, кредит ва банк соҳаларида кибержиноятлар сони кўпайиб бормоқда ва бу давлатларнинг иқтисодий хавфсизлигига жиддий таҳдид солмоқда. Фирибгарликлар натижасида шахсга оид маълумотларни ноқонуний йиғиш ва улардан фойдаланиш орқали инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг асосий тамойиллари, шу жумладан, шахсий ҳаётга дахлсизлиги бузилмоқда.
Шу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда МДҲга аъзо барча давлатлар миллий даражада ахборот хавфсизлигини таъминлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга оширмоқдалар. Иштирокчилар қайд этганларидек, ахборот маконидаги хавфсизликка таҳдидларнинг трансчегаравий хусусияти миллий саъй-ҳаракатларни икки томонлама, минтақавий ва халқаро даражадаги қўшма ҳаракатлар билан тўлдиришни талаб қилади.
Шунингдек, замонавий чақириқ ва таҳдидлар нуқтаи назаридан киберхавфсизлигини таъминлаш масаласи энг долзарб масалалардан бирига айлангани ва барча давлатларнинг диққат-эътиборини талаб қилиши таъкидланди. Ахборот хавфсизлиги, рақамли жамиятни ривожлантириш масалалари Ҳамдўстлик давлатлари ўртасида ҳамкорлик қилиш учун устувор йўналишларини белгилайдиган концептуал ҳужжатларида акс эттирилган.
Ушбу соҳадаги давлатлараро ҳамкорликнинг мақсадлари ва тамойилларини белгилайдиган қатор муҳим тармоқ ҳужжатлари қабул қилинди – "Жамиятни рақамли ривожлантириш соҳасида МДҲга аъзо давлатларнинг ўзаро алоқалари тўғрисидаги битим", "Ахборот хавфсизлигини таъминлаш стратегияси", "Ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида МДҲга аъзо давлатларнинг ҳамкорлиги тўғрисида"ги ҳужжатлар шу жумласидандир.
Бундан ташқари, 2020 йилда давлат раҳбарлари томонидан қабул қилинган МДҲни янада ривожлантириш концепцияси ва 2030 йилгача бўлган давр учун МДҲни иқтисодий ривожлантириш стратегиясида кўрсатилган. Кейинги ўн йилликдаги ҳамкорлик учун асос бўлган ушбу ҳужжатларда ахборот хавфсизлиги ва АКТ соҳасидаги жиноятчиликка қарши кураш, рақамли иқтисодиёт ва рақамли кўникмаларни ривожлантириш бўйича ҳамкорликни чуқурлаштириш ўзаро ҳамкорликнинг энг талаб қилинадиган йўналишлари бўлиб қолиши қайд этилган.
Шу муносабат билан, иштирокчиларнинг фикрига кўра, Ўзбекистон Президентининг форумни ўтказиш тўғрисидаги муҳим ва ўз вақтида ташаббуси рақамлаштириш соҳасидаги сўнгги тенденция ва ютуқлар, кибер таҳдидларга қарши курашиш бўйича илғор миллий тажрибалар тўғрисида фикр алмашиш учун махсус платформа яратиш имкониятини беради.
Форумда сўз чиққанлар томонидан МДҲ доирасидаги ҳамкорлик кун тартибини илгари суришда Ўзбекистоннинг фаол роли алоҳида таъкидланди. 2019 ва 2020 йилларда Ҳамдўстлик давлатлари раҳбарларининг саммитларида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан илгари сурилган ташаббусга талаб юқори бўлгани қайд этилди. Ушбу масалага эътиборнинг кучайиши, авваламбор, иқтисодиётнинг муҳим тармоқлари, давлат ва жамият ҳаёти ҳамда хизмат кўрсатиш соҳаларини доимий равишда рақамлаштириш билан боғлиқдир.
Таъкидландики, 2020 йилда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони билан "Рақамли Ўзбекистон – 2030" стратегияси тасдиқланди ва изчил амалга оширилмоқда. Ҳужжатга мувофиқ телекоммуникация, коммунал хизматлар, иқтисодиётнинг реал сектори, соғлиқни сақлаш, давлат кадастри ва бошқаларга рақамли технологияларни жорий қилиш билан боғлиқ узоқ муддатли масалаларнинг кенг доираси ҳал қилинмоқда.
Тадбир иштирокчилари таъкидлаганидек, келгуси уч йил давомида Ўзбекистонда ҳудуд ва тармоқларни рақамли ўзгартириш бўйича 1627 та лойиҳани амалга ошириш белгиланган. Шу билан бирга, бугунги кунга қадар мактабгача таълим муассасалари ва соғлиқни сақлаш муассасаларининг юқори тезликдаги Интернет алоқасини қамраб олиш даражаси 100 фоизга етказилди.
2021 йилда барча мактаблар, шунингдек маҳалла фуқаролар йиғинларига (10 мингга яқин) Интернет тармоғига тўлиқ уланишни таъминлаш режалаштирилган.
Уяли алоқа учун таянч станциялар тармоғининг ривожланиши мамлакат аҳолисининг 98 фоизига, шу жумладан, 90 фоизигача уяли алоқа хизматларини кўрсатиш (қамров доирасини кўпайтириш) учун шароит яратишга имкон берди. 2017 йилдан 2020 йилгача Интернет тезлиги 3,5 баравар ошди. 2020 йилда “Бир миллион дастурчи” лойиҳаси доирасида 120 мингдан ортиқ талабалар ўқитилди. 2020-2022 йилларда ахборот технологиялари ва коммуникация соҳасига 498,1 миллион доллар миқдорида инвестициялар жалб қилиш режалаштирилган.
2020 йилда Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланувчилар сони 22,5 миллион кишига етди, бу 2016 йилга нисбатан деярли 17 фоизга кўпдир (17,9 миллион киши). Шу даврда оптик толали алоқа линияларининг узунлиги 2,5 баробарга ошди, уларнинг умумий узунлиги 55,6 минг километрга етказилди, 2016 йилда эса бу кўрсаткич 22 минг километрни ташкил этди.
2020-2022 йилларда бутун мамлакат бўйлаб аҳоли пунктларини Интернет билан қамраб олиш даражасини ошириш, хусусан, кенг полосали уланиш портларини 2,5 миллион донага етказиш, 20 минг километр оптик-толали кабелларни ётқизиш режалаштирилганлиги таъкидланди. Уяли алоқа тармоқларини ривожлантириш орқали аҳолининг мобил Интернет билан қамровини 95 фоизгача ошириш кўзда тутилган.
Иштирокчиларнинг эътиборини бугунги кунда рақамли иқтисодиётнинг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2,2 фоизни ташкил этишига қаратилди. Рақамли иқтисодиётнинг Ўзбекистон ялпи ички маҳсулотидаги улушини 2023 йилга қадар икки баробарга, электрон ҳукумат хизматлари улушини эса 2022 йилга келиб 60 фоизгача ошириш режалаштирилганлиги таъкидланди.
Ҳозирги кунда республикада рақамли иқтисодиёт ва электрон ҳукумат элементларини изчил жорий этишга, шунингдек, банк секторини рақамлаштиришга қаратилган 260 дан ортиқ лойиҳалар амалга оширилмоқда. Тадбиркорлик субъектлари ва тадбиркорлар учун бир зумда тўловлар тизими 24/7 ишга туширилди.
Форумни ўтказиш ташаббусини илгари сурган ҳолда, Ўзбекистон раҳбари "ахборот соҳасидаги хавфсизликни таъминлаш масалаларида янги ёндашувларни талаб қилиши"ни таъкидлаган эди.
Иштирокчилар Ҳамдўстлик давлатлари ҳукуматлари учун инновацион ривожланиш стратегиясини, шу жумладан, ахборот ва киберхавфсизликни таъминлаш, рақамли иқтисодиёт, шунингдек, ушбу соҳада ихтисослашган мутахассисларни тайёрлаш, рақамли ривожланишнинг ҳуқуқий ва ташкилий-техник жиҳатдан таъминлаш масалаларини самарали амалга ошириш бўйича амалий таклифларни ўз ичига олган якуний ҳужжатни қабул қилдилар.
Изоҳ қолдириш