Тошкентда оммавий қабуллар ҳафталиги бошланди

Тошкентда оммавий қабуллар ҳафталиги бошланди

Президент Халқ қабулхоналарининг Тошкент шаҳрида ўтказаётган оммавий қабуллар ҳафталиги бошланди. Ҳафталикнинг илк кунида пойтахтимизнинг барча туманидаги Халқ қабулхоналари секторлар раҳбарлари, ҳудудий бошқарма ва идоралар, хизмат кўрсатувчи ташкилотлар масъуллари билан фуқаролар ва тадбиркорларнинг жонли мулоқотларини ташкил этди. Учрашувларда аҳолини ўйлантираётган масалаларни ҳар бир туман ва соҳа кесимида яна бир бор назардан ўтказиш, уларга жойида ечим топиш, муаммоларни ҳар томонлама таҳлил қилиш асносида келгуси йиллар дастур ва режалари учун таклифлар ишлаб чиқиш бош мақсадни ташкил этди.

Сергели туманида бўлиб ўтган оммавий қабулда асосан Сергели ва Янги ҳаёт туманлари маҳаллаларида яшовчи аҳоли вакиллари ўз ариза ва шикоятлари, таклиф-тавсиялари билан туман ва шаҳар миқёсидаги секторлар раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар билан бирга тегишли вазирлик ва қўмиталар, республика идоралари вакилларига мурожаат қилиш имкониятига эга бўлди.

Қабул жараёнида ўндан зиёд шўъбаларда иш олиб борилди. Уларда республика, шаҳар ва туман масъуллари суд-ҳуқуқ, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, уй-жой коммунал, энергетика, банк, маҳалла ва оила, таълим каби йўналишлардаги мурожаатларни биргаликда кўриб чиқишди.

Қатор мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилгач, муаммоларни ҳал қилиш учун амалий ишлар бошлаб юборилди.

Сергели тумани 1-сектори “Ўзгариш” маҳалласидаги 29-уйдаги, Яшнобод туманидаги “Тузель” маҳалласида 9 қаватли уйдаги, “Хосиятли” маҳалласидаги 66-уйдаги истиқомат қилувчи аҳолини қийнаб келаётган муаммо – лифт носозликларини бартараф этиб, янги лифтлар ўрнатилиши бўйича топшириқлар берилда ва ишлар бошлаб юборилди.

Яшнободнинг “Нодирабегим” маҳалласидаги 44 та хонадон эгалари ичимлик суви босими пастлигидан қийналиб келаётганди. Сабаби қувурлар эскирган, юқори босимни кўтаролмайди. Аҳоли мурожаатларидан сўнг бу ерда асосий ичимлик суви қувуридан 80 метр масофага янги қувурлар ўтказилмоқда. Бу билан эса тез орада 44 та хонадондаги 200 нафардан зиёд аҳолининг мушкули осон бўлади.

Яшнобод туманидаги Халқ қабулхонасига “Машинасозлар” маҳалласи Паҳлавон Маҳмуд кўчасидаги умумий ётоқхона типидаги 33-уйдан шикоят келиб тушган эди. Муаммо – бу ётоқхона хусусийлаштирилгач, иссиқлик тизимидан узилган. Мурожаатдан сўнг Халқ қабулхонаси ва секторлар ҳамкорлигида бу масалага ечим топилиб, 40 та хонадонни иссиқлик билан барқарор таъминлаш учун алоҳида замонавий локал қозонхона ўрнатилди. Бу уйдаги аҳолининг қиш фаслидаги энг катта муаммоси ҳал этилди.

Олмазор туманидаги оммавий қабулларда ҳар бир мурожаат синчиклаб ўрганилиб, ечим топишга ҳаракат қилинди. Дейлик, олмазорлик Фания Тугушова масъуллардан бахтсиз ҳодисага учраб, чап сон суяги синган ўғлини даволатишда амалий ёрдам сўради. Ўрганишлар давомида бу оила чиндан ҳам ижтимоий ҳимояга муҳтожлиги аён бўлгач, уларга республика шифохонасида бепул жарроҳлик амалиёти ўтказиш учун йўлланма ажратиладиган бўлди.

Олмазорлик Шаҳноза Собированинг касби – ҳамшира, бироқ унинг доимий иши йўқ эди. Шу масалага ечим излаб оммавий қабулга келган бу келинчакнинг ҳам муаммоси ҳал қилинди, у шу тумандаги 15-оилавий поликлиникага ишга жойлаштирилди.

Олмазорда ҳам мурожаатларда кўтарилган масалалар юзасидан амалий ишлар бошлаб юборилди. “Янги Тошкент” маҳалласида ичимлик суви қувури эскириб кетган, оқибатда бир неча марта авария ҳолати юз берар, ичимлик суви эса узилиб қоларди. Айни пайтда бу қувурнинг 100 метр қисмини алмаштириш ишлари бошлаб юборилиши билан 120 та хонадон узлуксиз ичимлик суви билан таъминланадиган бўлди.

Оммавий қабуллар жараёнида фуқароларга имкон қадар кўпроқ қўшимча имконият ва қулайликлар яратиш мақсадида бўш иш ўринлари ярмаркалари, чуқурлаштирилган тиббий кўриклар, арзонлаштирилган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдоси, ҳунармандлар кўргазмалари ҳам ташкил этилди.

Худди шундай мулоқотлар пойтахтимизнинг қолган туманларида ҳам ўтказилди.

Биринчи куннинг ўзида Тошкент шаҳри туманларида ўтказилган оммавий қабулларда жами 2 мингдан зиёд мурожаатлар қабул қилиниб, уларнинг деярли 800 таси жойида ижобий ҳал этилди, 350 га яқинига ҳуқуқий тушунтириш ва маслаҳатлар берилди, 880 дан зиёди ижро қаратилиб, назоратга олинди.

Тошкент шаҳридаги оммавий қабуллар ҳафталиги давом этмоқда.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар