Уч муҳим воқеа: Ўзбекистон нимаси билан халқаро доира эътиборини қозонмоқда?

Уч муҳим воқеа: Ўзбекистон нимаси билан халқаро доира эътиборини қозонмоқда?

Ўзбекистон бугун том маънода дунёга очилган. Бу мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатда ҳам, хорижий давлатларнинг, турли халқаро ташкилотларнинг айни пайтдаги ҳамкорлик алоқаларида ҳам яққол кўзга ташланмоқда. Узоққа бормайлик, ўтган ҳафта Ўзбекистон иштирокидаги уч воқеа бунинг яққол мисоли.

Бинобарин, улар нафақат Ўзбекистоннинг ижтимоий-сиёсий ҳаётида, балки минтақа ва ҳамкор давлатлар билан алоқалари мустаҳкамланиб, кўлами янада кенгайишига хизмат қилади.

Ўта долзарб ва зарур мавзу

Мақолани бежиз очиқлик ҳақидаги гаплар билан бошламадик. Чунки хорижда яқин-яқингача Ўзбекистонни ёпиқ мамлакат, деб билишар, инвесторлар, халқаро молиявий ташкилотлар, дунё бозоридаги йирик савдо брендлари биз билан ҳамкорлик қилишга иккиланиб турарди. Сабаби улар юртимиз иқтисодиёти, халқимизнинг ижтимоий ҳаёти ҳақида етарлича ёки тўғри ахборотга эга эмасди.

Мисол учун, камбағаллик ҳақида давлатимиз раҳбари 2020 йил 29 декабрь кунги Мурожаатномасида фикр юритиб, “...Аввало, аҳолининг муайян қатлами ўртасида камбағаллик мавжудлигини биринчи марта тан олиб, уни қисқартириш бўйича кенг қамровли ишларни бошладик. Шу ўринда аҳолининг минимал истеъмол харажатларини ишлаб чиқмас эканмиз, камбағал аҳоли ким деган саволга жавоб топа олмаймиз”, деганди.

Шундан сўнг узоқ йиллар очиқланмаган рақамлар тилга олиниб, камбағаллар сонини камайтиришга эътибор кучайди, амалий ишларга жиддий киришилди. Бу бўйича махсус дастурлар ишлаб чиқилиб, алоҳида тизим яратилди.

Мутахассислар камбағалликни учта — ўта муҳтож бўлмаган, муҳтожлиги анча юқори ва ўта қашшоқликда яшовчиларга ажратиш лозимлигини қайд этади. Чунки ёрдам, аввало, мана шу гуруҳларга кўрсатилиши керак. Ўзбекистонда ишлар шу асосга қурилди ва натижа ҳам ёмон бўлмади.

Хусусан, 2021 йилдан бошлаб кам таъминланганларни “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизимига киритиш орқали ҳисобга олиш механизми жорий этилди. 2017 йилда 500 минг нафар кам таъминланган оилага ижтимоий ёрдам кўрсатилган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 2,2 миллиондан зиёдни ташкил қилмоқда. Ажратилаётган маблағлар ҳажми етти баробар кўпайиб, йилига 13 триллион сўмга етди.

Президентимизнинг ўтган йил 20 декабрдаги Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида таъкидланганидек, янги Ўзбекистонни “ижтимоий давлат” тамойили асосида қуриш, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечириши учун зарур шароитлар яратиш ва камбағалликни қисқартириш мақсад қилинган. 2022 йил якунларига кўра, юртимизда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга камайди. Йил давомида 200 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 10 мингта корхонанинг фаолияти кенгайтирилган бўлса, 11 мингтасининг қуввати тикланди. Давлат дастурлари, жумладан, аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш, маҳаллаларда тадбиркорликка кўмаклашиш борасидаги чоралар туфайли 1 миллион киши камбағалликдан олиб чиқилди.

Камбағалликни қисқартириш бўйича II халқаро форум Ўзбекистонда олиб борилаётган мана шундай ишларни таҳлил этиш, халқаро тажрибаларни оммалаштиришда айни муддао бўлди.

Камбағалликнинг сабаблари, оқибати ва унга қарши курашиш дунё олимлари, халқаро ташкилотлар томонидан мунтазам ўрганиб борилади. Шу асосда керакли тавсиялар ишлаб чиқилади.

Халқаро форумда ҳам ижтимоий ҳимояга ажратилаётган маблағлар тўғри манзилига етиб бориши, керакли натижани бериши лозимлиги қайд этилди.

Бунинг учун бизнесни қўллаб-қувватлашнинг энг самарали йўллари сифатида турли янги солиқ имтиёзларига тадбиркорлар муносабатини ўрганиш, айниқса, тадбиркор аёлларни қўллаб-қувватлашда қандай чора-тадбирлар самарали бўлиши мумкинлиги, касбий таълимнинг қандай шакллари самарали экани, муваффақиятли бандлик натижаларини қўллаб-қувватлашнинг энг тежамкор усулларини аниқлаш каби масалалар кўриб чиқилди.

Шу ўринда, камбағаллик нима, унинг иқтисодиётга, мамлакатга қандай таъсири бор, деган саволга ҳам жавоб бериб ўтсак, мақсадга мувофиқ бўлади, назаримизда. Негаки, буларни тушунмасдан туриб, қилинган ишнинг самараси ҳам кам кўринади. Аввало, таъкидлаш керакки, камбағаллик ҳар томонлама салбий ҳолат. У келажак режаларга ҳам, иқтисодиётга ҳам, ижтимоий ҳаётга ҳам акс таъсир қилади:

камбағаллик инсон капиталини заифлаштиради. Оддий қилиб айтганда, оила қанчалик оз даромад топса, шунчалик маблағ кам ишлатилади. Демак, сифатли овқатланилмайди. Билим олиш, соғлиқни мустаҳкамлаш каби масалалар кейинги ўринларга тушиб кетаверади;

камбағаллик ички бозор ҳажмига ҳам тескари таъсир қилади. Яъни камбағаллар қанчалик кўпайса, ички бозор шунчалик тораяди. Бу эса иқтисодиёт учун зиён.

Камбағаллик ихтиёрий ва мажбурийликдан ҳам келиб чиқади. Биринчиси одамларнинг ўзига боғлиқ. Ишлашни хоҳламайди, интилмайди. Бироқ мажбурий камбағаллик иложсизликдан пайдо бўлади. Малака етишмайди, иш топа олмайди, топса ҳам яхши иш ҳақи ололмайди. Натижада боқимандалар кўпаяди. Камбағалликни қисқартиришда ушбу омиллар ҳисобга олиниши керак. Бунинг учун, аввало, иқтисодни ўстириш талаб этилади.

Яна бир гап. Камбағалликни бутунлай йўқотиш қийин. Лекин уни қисқартириб, меъёрига, яъни иқтисодий-ижтимоий хавфсизлик яратмайдиган даражада ушлаб туриш мумкин. Олимларнинг айтишича, бу меъёр жамиятда 2-3 фоиздан ошиши керак эмас.

Эътиборга молик жиҳати, Ўзбекистонда ушбу йўналишда олиб борилаётган сиёсат амалда ўз самарасини кўрсатмоқда. Бунда оилалар, маҳаллалар, туманлар тоифаларга ажратилиб, кўриладиган чоралар аниқ режаларга асослагани қўл келяпти. Бу жиҳат давлатимиз раҳбарининг халқаро форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатида ҳам алоҳида қайд этилди.

Натижаларга эришишда аҳолини замонавий касб-ҳунарларга ўқитиш, уларга муносиб иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган тизимли ва узоқни кўзлаган сиёсат ҳал қилувчи омил бўлаётгани қайд этилди.

Маҳаллаларда ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтириш орқали мамлакатимиздаги 2 миллион 300 мингдан зиёд муҳтож оилалар, хотин-қизлар, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар ижтимоий ҳимоя билан тўлиқ қамраб олинди.

Яқинда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституцияда тарихда биринчи марта Ўзбекистон ижтимоий давлат, деб белгилаб қўйилди. Бу билан давлат инсон қадрини янада улуғлаш ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш бўйича конституцион мажбуриятларни зиммасига олди. Шу боис, камбағалликни қисқартириш борасида бошлаган кенг кўламли ишларни янги босқичга олиб чиқиб, ислоҳотлар бундан буён ҳам барча йўналишларда “инсон — жамият — давлат” тамойили асосида қатъий давом эттирилиши таъкидланди.

Халқаро форумда дунё ҳукуматлари коронавирус пандемиясига жавобан ижтимоий ҳимоя дастурларини кучайтираётгани айтилди. Хусусан, бугунги кунга қадар 3 минг 856 га яқин дастур режалаштирилган ёки амалга оширилган. Ўзбекистон ҳақида гап борганда, ижтимоий дастурларни ишлаб чиқишда мақсадли аудиторияни тўғри аниқлаш, уларга нима кераклиги, уларни қандай қўллаб-қувватлаш зарурлиги, камбағаллар ва дастлабки ёрдамга муҳтожларни аниқлаш каби масалаларда бошқаларга намуна экани айтилди. Камбағаллик ўта долзарб масала эканлигини инобатга олсак, бу жуда диққатга молик жиҳатдир.

Тадбиркорлик — энг мақбул ечим

Тадбиркорлик иқтисодиётнинг таянчи ҳисобланади. Яъни ишбилармонлар энг кўп иш ўрни яратувчи, демакки, одамларни даромадли қилувчи тармоқ вакилларидир. Шу жиҳатдан олганда, Ўзбекистонда тадбиркорликни маҳаллаларда ривожлантиришга, оилавий бизнесни қўллаб-қувватлашга қаратилаётган эътибор тобора ортиб бораётгани диққатга сазовордир.

Қолаверса, келгуси ойдан “20 минг тадбиркор — 500 минг малакали мутахассис” дастури амалга оширила бошлайди ва унга 2023-2024 йиллар давомида 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида маблағ йўналтирилади. Бу маблағлар ҳисобидан тадбиркорга камбағал оилалар аъзосини касбга ўқитиб, ишли қилишига қараб, амалдаги паст фоизларда ва узоқроқ муддатга кредит берилади. Тадбиркорнинг “амалий мономарказ” ташкил қилиш, жиҳозлаш ва касбга ўқитиш харажатлари тўлиқ қоплаб берилади. Дастурда иштирок этган тадбиркорларга солиқлардан алоҳида имтиёзлар берилади.

Давлатимиз раҳбарининг халқаро форум иштирокчиларига йўллаган мурожаатида қайд этилганидек, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли даромадларини оширишнинг “драйвери” бўлган хусусий сектор ҳамда тадбиркорлик учун энг қулай шароитларни яратиб бериш, уларни изчил қўллаб-қувватлаш бундан кейин ҳам эътибор марказида бўлади. Хусусан, ишсиз фуқароларни ўқитиш ва ишга жойлаш ташаббусини билдирган фаол тадбиркорларга “ижтимоий контракт” тизими асосида қўшимча имтиёзлар пакети тақдим этилади.

“Ижтимоий реестр” тизими доирасида камбағал оилаларни индивидуал ёндашув асосида манзилли қўллаб-қувватлаш дастурлари жадал давом эттирилади. Давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини тўлиқ амалга ошириш мақсадида ногиронлиги бўлган шахслар, хотин-қизлар, нуронийлар, алоҳида эътиборга муҳтож аҳоли қатламларига маҳалланинг ўзида юздан ортиқ ижтимоий хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади.

Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш мақсадида аҳоли ўзи танлаган лойиҳаларга “очиқ бюджет” тизими орқали ажратилаётган маблағлар ҳажми кескин кўпайтирилади.

Инсон капиталини ривожлантириш учун ҳар бир шахснинг сифатли таълим ва тиббиёт хизматларидан фойдаланиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга қаратилган ишлар янада кенгайтирилади.

Бугунги кунда ҳар бир маҳалланинг “ўсиш нуқтаси”ни аниқлаш ва ривожлантиришда ҳоким ёрдамчилари, маҳаллий етакчи тадбиркорлар томонидан таклиф этилаётган янги лойиҳалар муҳим аҳамият касб этмоқда. Бинобарин, бундай лойиҳалар аҳолини, биринчи навбатда, ишсиз ёшлар ва аёлларни касб-ҳунар ҳамда тадбиркорликка ўқитиш орқали уларнинг бандлигини таъминлашда қўл келади. Аҳолининг кенг қатламини тадбиркорликка жалб қилиш ва уларнинг даромадини кўпайтиришда “Ҳар бир оила — тадбиркор”, “Ёшлар — келажагимиз” ва бошқа ижтимоий дастурлар доирасида имтиёзли кредитлар ажратилаётгани кўплаб оилалар турмуш шароитини янада яхшилашга олиб келди.

Ўзбекистонда Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 21 февралдаги “2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги миллий мақсад ва вазифаларни амалга оширишни жадаллаштириш бўйича қўшимча чоратадбирлар тўғрисида”ги қарорида ҳам камбағалликка доир бир қатор вазифалар белгилаб олинган:

– 2030 йилгача мамлакатда камбағаллик даражасини икки бараварга қисқартириш;

– кам таъминланган эркаклар, хотин-қизлар ва барча ёшдаги болаларнинг улушини кам таъминланишнинг барча кўринишларида икки бараварга қисқартириш;

– аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимининг манзиллилиги ва самарадорлигини кучайтириш, ижтимоий ҳимоя қилиш хизматлари сифатини ошириш, ижтимоий ҳимоя қилиш чоралари доирасига муҳтожларнинг барчаси тўлиқ қамраб олинишига эришиш;

– бутун аҳолининг, жумладан, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларнинг базавий захиралардан (ер участкалари, янги технологиялар, банк кредитлари, масофавий банк хизматлари ва бошқалар) фойдаланишлари учун қулай иқтисодий ва молиявий шарт-шароитлар, чакана тўлов тизимлари инфратузилмалари, янги технологиялар ҳамда молиявий хизматлар, шу жумладан, микромолиялаштириш билан таъминлаш;

– аҳолининг ижтимоий заиф қатламларининг яшаш шароитларини яхшилаш, шу жумладан, уларга иқтисодий, ижтимоий ҳамда экологик муаммоларнинг салбий таъсирининг олдини олиш;

– аҳолининг барча шаклдаги камбағаллик даражасини тугатиш бўйича дастурлар ва стратегияларни амалга оширишга прогноз қилинадиган маблағни таъминлаш учун турли манбалардаги, жумладан, ривожланиш мақсадида ҳамкорликни фаоллаштириш асосидаги салмоқли захираларни сафарбар этиш;

– аҳолининг камбағаллик даражасини қисқартириш бўйича тадбирларга тезкор сармоя киритилишига кўмаклашиш учун кам таъминланган фуқароларнинг манфаатлари ҳамда гендер жиҳатларни инобатга оладиган ривожланиш, мониторинг ва баҳолашни стратегик прогнозлаштириш механизмларини такомиллаштириш шулар жумласидан.

Халқаро тажриба ва молиявий кўмак масаланинг яна бир муҳим жиҳати

Шу кунларда бир қатор ташкилотлар ўзининг ижтимоий тармоқ саҳифаларида юртимиздаги барча саноат ишлаб чиқарувчиларини, чакана ва улгуржи савдо билан шуғулланувчи тадбиркорларни 2023 йилда Хитойда бўлиб ўтадиган халқаро кўргазмаларда қатнашишга чорламоқда. Жорий йилда ушбу мамлакатда “Beijing International Automotive Exhibition”, “Yiwu International Commodities Fair”, ECF (East China Import and Export Commodity Fair), “China International Import Exposition” номли нуфузли халқаро анжуманлар ўтказилиши режалаштирилганки, бу ишбилармонларимиз учун катта имкониятдир.

Бундай ҳамкорликни икки давлат ҳам якдиллик билан қўллаб-қувватлайди. Хусусан, ўзбекистонлик тадбиркорларнинг бу юртда бўлиб ўтадиган иқтисодий тадбирларда иштирокини таъминлаш масаласи ўтган ҳафта Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётида кузатилган яна бир воқеа — “Марказий Осиё — Хитой” саммитида эришилган келишув самарасидир. Бинобарин, Президентимизнинг мазкур саммитга ташрифи доирасида икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш ва амалий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган жами 41 та ҳужжат имзоланди.

Давлатимиз раҳбари саммитдаги нутқида кейинги йилларда Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги ҳамкорликда мисли кўрилмаган даражага эришилганини алоҳида таъкидлади. Ўзаро товар айирбошлаш икки карра ошиб, 9 миллиард долларни ташкил қилгани қайд этилди. Ўзбекистонда ўзлаштирилган Хитой инвестициялари ҳажми илк бор 11 миллиард долларга яқинлашди. Бугун мамлакатимизда Хитой сармояси иштирокида 1,7 мингдан ортиқ корхона муваффақиятли фаолият юритмоқда.

Энергетика, нефть-газ, кимё, тоғ-кон, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда қатор йирик қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Саммитда ҳамкорликдаги экспортимпорт кўргазмалари, бизнес ва инвестиция форумларини ҳар йили ўтказиб бориш муҳимлиги таъкидланди. Саноат кооперациясини чуқурлаштириш, рақамли технологияларни жалб этиш ва инновацияларни, айниқса, қишлоқ хўжалигига кенг жорий этиш масалалари Хитойнинг провинциялари билан тўғридан-тўғри ҳудудлараро мулоқотлар доирасида самарали ҳал этилиши мумкин.

Учрашувларда мамлакатимиздаги инвестиция муҳити тубдан яхшилангани, инвесторлар учун максимал даражада қулай шароитлар яратилганига алоҳида урғу берилди. Ўзбекистон минтақадаги жадал ривожланаётган мамлакат сифатида бугунги кунда дун ёнинг барча давлатлари, шу жумладан, Хитой билан ҳам ўзаро алоқаларни фаол ривожлантирмоқда.

Бундай алоқалар Хитойнинг илғор тажрибасини ўрганиш учун кенг имконият беради, албатта. Хусусан, Хитой камбағаллик устидан тўлиқ ғалаба қозонилгани ҳақида эълон қилган биринчи мамлакат саналади. Бундай юксак самара жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортиб, БМТ ва бошқа бир қатор халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилди.

Айтиш жоизки, Ўзбекистон Хитой билан бу борада амалий ҳаракатларни бошлаб юборган. Яъни бир нечта лойиҳа бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Поёнига етган ҳафтанинг биз сўз юритмоқчи бўлган яна бир муҳим тадбири Самарқанд шаҳрида Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилиши ўтказилишидир. Зеро, асосий мавзуси “Барқарорлик учун инвестиция” деб номланган ушбу анжуман туфайли Ўзбекистонга хорижий давлат ва халқаро молиявий ташкилотлар ишончи тобора ортиб бораётганига яққол мисол бўлди.

Эътиборли жиҳати, ЕТТБнинг бундай йиғилиши Ўзбекистонда бундан йигирма йил олдин бўлиб ўтган эди. Ўтган вақт мобайнида Ўзбекистон анча ўзгарди. Иқтисодиёт эркинлашди, барча соҳалар кенг кўламли янгиланишларга юз тутди. Ушбу ислоҳотларда Европа тикланиш ва тараққиёт банки ҳам яқин ҳамкор сифатида ўзини намоён қилмоқда.

Хусусан, Президентимиз қайд этганидек, мамлакатимизда илк бор камбағаллик мавжудлиги тан олиниб, уни қисқартириш учун самарали тизим яратилди. Бу тизим билан давлат кўмагига муҳтож оилалар тўлиқ қамраб олинди.

ЕТТБ Бошқарувчилар кенгаши мажлиси глобал иқтисодиёт истиқболларини кенг муҳокама ва чуқур таҳлил қилиш, унинг барқарор тараққиётини таъминлаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш учун муҳим майдон ҳисобланади. Унинг навбатдаги анжуманида иқтисодиёт барқарорлигига сармоя киритиш, халқаро савдони рағбатлантириш, энергетик хавфсизликни таъминлаш, рақамлаштиришни жадаллаштириш, молиявий инфратузилмани модернизация қилиш кабилар қаторида кичик ва ўрта бизнесни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Умуман олганда, ЕТТБ 2022 йил давомида Ўзбекистондаги 26 лойиҳага қарийб 900 миллион доллар миқдорида сармоя киритган. Буни мамлакатимизнинг ўсиб бораётган инвестициявий жозибадорлиги, юртимизда яратилган қулай меъёрий-ҳуқуқий муҳитга берилган яна бир муносиб баҳо, десак муболаға эмас.

Экспертлар фикрича, камбағалликни қисқартириш учун, биринчи навбатда, ишсизлик даражасини пасайтириш лозим. Бу борада фаол ва таъсирчан сиёсат катта самара беради. Дунё илм-фани, тараққиёт маъносида бугун биз замонавийликнинг юқори чўққиларини забт этяпмиз. Лекин дунёда камбағалликнинг ўта оғир даражасида ҳаёт кечираётганлар ҳам кам эмас.

Ушбу муаммолар, ўз навбатида, таълим, соғлиқни сақлаш каби хизматлардан фойдалана олмаслик, ижтимоий нотенг муносабатларни юзага чиқаради. Одамларни муқим даромадли иш билан таъминлашда эса тадбиркорликнинг ўрни бўлакча.

Амалга оширилган ислоҳотлар натижасида биргина солиқ қонунчилигининг либераллашуви, тадбиркорлик соҳасида 132 та лицензия ва рухсат бериш тартиб-таомиллари бекор қилингани туфайли тадбиркорларимиз умумий сонининг 1,5 миллиондан ошгани бунда айни муддао бўляпти.

Бугун бутун дунёда, хусусан, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ишлар ана шундай муаммоларнинг олдини олишга қаратилгани билан ниҳоятда аҳамиятли ва долзарбдир.

Қаландар Абдураҳмонов,
академик
"Янги Ўзбекистон" газетаси №99 (888), 2023 йил 23 май, сешанба
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар