«Ургут» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида 313 миллион долларлик инвестицион лойиҳалар амалга оширилади

«Ургут» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида 313 миллион долларлик инвестицион лойиҳалар амалга оширилади

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг «Ургут» эркин иқтисодий зонаси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» ги қарори қабул қилинди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Мазкур қарордан мақсад Самарқанд вилоятининг ишлаб чиқариш ва ресурс салоҳиятини комплекс ривожлантириш, минерал хомашё ва қишлоқ хўжалиги ресурсларини чуқур қайта ишлаш орқали инновацион тадбиркорлик ва юқори технологияларга асосланган саноатни ривожлантиришга тўғридан-тўғри инвестицияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари ташкил этиш ҳамда аҳоли фаровонлигини оширишдан иборат.

«Ургут» эркин иқтисодий зонаси («Ургут» ЭИЗ) учун Самарқанд вилоятининг Ургут, Пастдарғом, Нуробод туманлари ҳамда Самарқанд шаҳридан жами 918 гектар ер майдони ажратилган. Шундан 278,7 гектар ер майдонида «Ургут» ЭИЗ иштирокчилари ва тадбиркорлик субъектлари томонидан инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. 207,2 гектар ер майдонида муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмаси объектлари жойлаштирилган. 173,1 гектар ер майдони муҳофаза зоналаридан иборат эканлиги ҳамда 259 гектар ер майдонида истиқболли инвестиция лойиҳаларини жойлаштириш режалаштирилган.

Айни пайтда ЭИЗ ҳудудида қиймати 313 миллион долларлик, шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 56,8 миллион доллар бўлган 55 та инвестиция лойиҳаси ишга туширилди ва натижада 4,5 мингга яқин янги иш ўрни ташкил этилди. Айни пайтда умумий қиймати 90 миллион долларлик, шундан тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар 23,2 миллион доллар бўлган 29 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Қарорга кўра, Ургут тумани «Ўрамас» мавзеси ҳудудидан 50 гектар ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокимлиги захирасидаги Самарқанд шаҳри «Хишрав» мавзесида жойлашган 294 гектар ер участкаларини ажратиш ҳисобига «Ургут» ЭИЗ ҳудуди кенгайтирилади.

Энергетика вазирлиги Молия вазирлиги билан биргаликда 2021 йил якунига қадар «Ургут» ЭИЗнинг «Мерганча» ҳамда «Сариқтепа» мавзеларида подстанция қуришни республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширади.

Ҳужжат билан «Ургут» эркин иқтисодий зонасининг ташқи муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш дастури тасдиқланади.

Унга кўра, ЭИЗ иштирокчилари учун барпо қилинган муҳандислик-коммуникация инфратузилмаси тармоқларига ҳудудидан ташқарида бўлган истеъмолчиларнинг уланиши қатъиян ман этилмоқда.

Шунингдек, республика бюджети ва Самарқанд вилоятининг маҳаллий бюджети маблағлари ҳисобидан тенг улушларда молиялаштириш ҳисобига «Ургут» ЭИЗ дирекциясининг маъмурий биноси қурилади.

«Ургут» ЭИЗнинг бош режасини ишлаб чиқиш ҳамда муҳандислик- коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини қуриш ҳамда реконструкция қилиш бўйича Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузуридаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмачи этиб тайинланди. Бош режани ишлаб чиқиш бўйича бош пудратчи ташкилот танлов асосида аниқлади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 10 апрелдаги «Эркин иқтисодий зоналар фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» қарорига асосан «Ургут» ЭИЗ ҳудуди таркибига киритилган Ургут тумани «Мерганча» мавзесида лойиҳалар жойлаштирилмаган 37 гектар ер майдонида ички автомобиль йўлларини қурилади ва янги инвестиция лойиҳаларини жойлаштирилади.

Қарорга кўра, икки ой муддатда Самарқанд вилояти иқтисодиётининг эҳтиёжлари, шунингдек, мавжуд минерал-хомашё, қишлоқ хўжалиги ресурсларини ва инфратузилмани инобатга олган ҳолда «Ургут» ЭИЗ ҳудудида импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган тайёр маҳсулотлар, материаллар ва бутловчи буюмлар турларини ишлаб чиқариш корхоналарини жойлаштириш бўйича манзилли дастурни ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

Инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотларининг 1 миллиард доллардан кам бўлмаган ҳажмдаги имтиёзли кредит линияларини босқичма-босқич жалб қилиш бўйича Вазирлар Маҳкамасига чора-тадбирлар режасини тасдиқлаш учун киритилади.

Бундан ташқари ҳукумат қарорида Ташқи ишлар вазирлиги ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари зиммасига биргаликда хорижий инвесторларни жалб қилиш учун «Ургут» ЭИЗ ҳудудида яратилган шароитлар ва имкониятлар, ҳудуднинг ва мавжуд минерал-хомашё ресурслари салоҳияти халқаро ишбилармон доираларда доимий равишда кенг тарғиб этиш ва ёритиш вазифалари белгиланди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар