Қарор “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ҳамда “яшил” иқтисодиёт тамойилларини жорий этишга қаратилган.
Дастур доирасида қурилиш объектларини лойиҳалашда “яшил” технологиялар, энергия самарадорлиги стандартлари ва қайта тикланувчи энергия манбаларини мажбурий қўллаш белгиланди. Энергия тежамкор ва экологик тоза қурилиш материалларидан фойдаланилмаган ҳолларда лойиҳа-смета ҳужжатларини экспертизадан ўтказишга йўл қўйилмайди.

Ижтимоий инфратузилмани мустаҳкамлаш мақсадида бир қатор йўналишларга йирик молиявий ресурслар ажратилади. Хусусан, илғор касбий маҳорат техникумларини қуриш ва реконструкция қилиш учун 150 миллиард сўм, ижтимоий соҳа объектларида қўшимча қувват яратиш учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси ҳисобидан 2 триллион сўм йўналтирилади. Умумтаълим мактабларини жиҳозлаш учун ажратиладиган маблағлар 1,6 баробарга оширилади.
Туризм салоҳиятини ошириш мақсадида зарур инфратузилмани барпо этишга ажратиладиган маблағлар 1,7 баробарга кўпайиб, 700 миллиард сўмга етказилади. Иссиқлик таъминоти объектларининг энергия самарадорлигини ошириш учун 70 миллиард сўм, автомобиль йўлларида пиёдалар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ерости пиёдалар йўлларини қуришга 100 миллиард сўм маблағ йўналтирилади.

Қарор билан давлат инвестицияларини бошқариш тизимини такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилди. 2026 йил 1 январдан бошлаб қиймати базавий ҳисоблаш миқдорининг 6 минг бараваридан юқори бўлган бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари ҳисобидан молиялаштириладиган қурилиш-таъмирлаш лойиҳалари фақат ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастури доирасида амалга оширилади. Лойиҳаларни қисмларга бўлиб молиялаштириш тақиқланади.
Дастур ижроси бўйича қатъий муддатлар белгиланган. 2026 йилда режалаштирилган капитал қўйилмаларнинг камида 40 фоизи биринчи ярим йилликда ўзлаштирилиши шарт. Таълим муассасалари объектлари 1 сентябрга, иссиқлик таъминоти объектлари 1 октябрга, бошқа ижтимоий ва ишлаб чиқариш объектлари эса 1 декабрга қадар фойдаланишга топширилиши лозим.

Дастур ижроси юзасидан тизимли мониторинг йўлга қўйилади. Ҳар ой якуни бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритилади, ҳар чоракда эса Олий Мажлис палаталарига ҳисобот тақдим этилади. Қурилиш, тендер ва қабул қилиш жараёнларига қонунчиликка зид ҳар қандай аралашув қатъиян тақиқланади.
Мазкур қарор ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантиришда маблағларнинг мақсадли ва самарали сарфланишини таъминлаш, “яшил” иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этиш ҳамда аҳоли учун қулай ва хавфсиз муҳит яратишга хизмат қилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш