2021 йил 22 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ёрдамида "UzAuto Motors" AЖ илк бора 300 млн. AҚШ доллари миқдорида халқаро облигацияларининг чиқарилиши ва халқаро инвесторлар билан телеконференциялар ўтказилиши ҳақида жаҳон молия бозори иштирокчиларига эълон қилди.
Ташкиллаштирувчи банк-андеррайтерлар Citi (AҚШ), MUFG (Япония), Natiksis (Франция) ва Raiffeisen Bank Internationl (Aвстрия) каби халқаро миқёсда етакчи банклардан иборат.
"UzAuto Motors" AЖ халқаро облигацияларни чиқариш мақсадида “S&P” ва “Fitch” халқаро рейтинг агентликларидан “B+” (Барқарор кутилма билан) баҳосига эга бўлди.
Кун давомида “роудшоу” (Roadshow) тадбири доирасида халқаро инвесторлар билан “яккама-якка” (one-on-one) форматида телеконференциялар бўлиб ўтиши режалаштирилган.
Шунингдек, жорий йилнинг 22-27 апрель кунлари халқаро инвесторлар учун телеконференция (Global Investor Call) ўтказиш ва “яккама-якка” (one-on-one) форматида телеконференциялар давом этиши режалаштирилган ҳамда мазкур тадбирларда бир қатор давлатлар халқаро инвесторларининг иштирок этиши кутилмоқда.
Халқаро инвесторлар қизиқишлари ва молия бозорларининг ҳолатидан келиб чиқиб, кейинги кунларда буюртмалар китоби очилиши ва халқаро облигацияларнинг фоиз ставкаси белгиланиши кутилмоқда.
Маълумот учун, 2018-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишбанк” AТБ, “Ўзмиллийбанк” AЖ ва “Ипотека Банк” AТИБ томонидан халқаро облигациялар чиқарилиб, 2,65 млрд. AҚШ доллари миқдорида маблағлар хорижий инвесторлардан жалб қилинган.
Мазкур транзакция Ўзбекистон Республикаси корпоратив эмитентлари орасида чиқарилаётган биринчи халқаро облигация ҳисобланади.
Жараён бўйича қўшимча ахборот бериб борилади.
Изоҳ қолдириш