Жорий йилнинг 23 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказида Япониянинг Хоккайдо университети профессори Масато Хиватари билан учрашув бўлиб ўтди.
Мазкур учрашувдан кўзланган мақсад икки мамлакат олимлари ўртасида ҳамкорликда тадқиқотлар олиб бориш, илмий алоқаларни ривожлантириш бўйича тажриба алмашишдир.
Профессор Масато Хиватари ўз маърузасида тадқиқот фаолиятининг моҳиятини қисқача тушунтириб ўтди.
Маълумот учун: Профессор Масато Хиватари 2001 йилдан бошлаб “маҳалла” институтининг Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсирини баҳолаш мақсадида тадқиқотлар олиб бормоқда. Жумладан, у аҳолининг молиявий жамғармаларини шакллантиришда "гап" учрашувларининг ролини ўрганиб, маҳалла ва қариндошлик муносабатлари (peer effect)нинг миграцияга таъсирини баҳолайди. У ўз тадқиқотларини Андижон вилоятидан 567 оила мисолида олиб борди.
Ўз маърузасида япониялик олим "Ўзбекистонда анъаналар ва норасмий иқтисодиёт: Андижон вилоятидаги “гап” институти мисолида” мавзусида тақдимотини тақдим этди. Унда жамиятни ривожлантириш, тармоқлар таҳлили, Марказий Осиё иқтисодиёти, ўтиш иқтисодиёти, миграция масалалари бўйича олиб борган тадқиқотларининг моҳиятини батафсил баён этди.
Тақдимот якунида Профессор Масато Хиватари Марказ ходимларининг саволларига жавоб берди.
Ҳар икки томонни қизиқтирган қўшма илмий-тадқиқот ишлари, қўшма семинар ва симпозиумлар ташкил этиш борасида Хоккайдо университети ва Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлиги таъкидланди.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар хизмати
Изоҳ қолдириш