Брюсселда Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди

Брюсселда Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди

Мамлакатимизнинг Бельгиядаги элчихонасида Ўзбекистон мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан тантанали қабул маросими ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Тадбирда Европа Иттифоқи ва Бенилюкс мамлакатларининг сиёсий, эксперт-таҳлил, ишбилармон доиралари, дипломатия корпуси вакиллари ҳамда Европа мамлакатларида яшовчи ватандошлар иштирок этди.

Ўзбекистоннинг Бенилюкс мамлакатларидаги элчиси Дилёр Ҳакимов маросим қатнашчиларини қутлар экан, мамлакатимизнинг мустақил ривожланиш йиллари давомида эришган муваффақиятлари, хусусан, барча соҳаларни янада модернизациялаш борасида амалга оширилган ислоҳотлар натижалари ҳақида атрофлича фикр юритди. Дипломатия ваколатхонаси раҳбари жорий йил 24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Президент сайлови масаласига алоҳида тўхталди.

Элчи, шунингдек, Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги икки томонлама муносабатларнинг ижобий динамикаси, жумладан, жорий йил апрель ойида Ўзбекистон томонидан ЕИ «GSP+» преференциялар умумий тизимининг бенефициар мақомини олиш, Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги янги битимни ишлаб чиқиш жараёнини фаол тарғиб қилиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши жараёнида Европа томонидан қўллаб-қувватланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Ушбу маросим доирасида «Diplomatic World» журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.

Махсус сонда эълон қилинган материалларда мамлакатимизда амалга оширилаётган сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотлар, республикамизнинг инвестиция ва туризм салоҳияти, шунингдек, Европа Иттифоқининг муҳим ҳамкори ва таҳлилий марказлар учун тадқиқот объекти сифатида Европада катта қизиқиш уйғотаётгани сингари мавзулар атрофлича қамраб олинган.

Қабул маросими доирасида унинг иштирокчилари элчихона томонидан ташкил этилган ўзбекистонлик таниқли фотограф Владимир Ковреин асарлари кўргазмаси, мамлакатимиз миллий маданияти, санъати ва меъморчилиги, «Ҳунарманд» уюшмаси билан ҳамкорликда уюштирилган ҳунармандчилик маҳсулотлари кўргазма-ярмаркаси билан танишиш имкониятига эга бўлди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар