Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан 2022 йилнинг 1-ярим йиллигида Ўзбекистон автомобил бозоридаги ҳолат таҳлил қилинди.
2022 йилнинг 1-ярмида Ўзбекистонда 712 мингта автотранспорт воситалари олди-сотдиси амалга оширилган бўлиб, бу 2021 йилнинг 1-ярмига нисбатан 2,1 баробар кўпдир.
Йил бошидан буён мамлакатнинг барча ҳудудларида автомобил савдоси сезиларли даражада ошди. Жумладан, энг юқори ўсиш суръатлари Наманганда 3 баробар (+45,4 минг), Андижонда 2,5 баробар (+32,2 минг), Бухорода 2,4 баробар (+24,7 минг), Сурхондарёда 2,4 баробар (+23,9 минг) ва Фарғонада 2,4 баробар (+45,7 минг) қайд этилди.
1-расм. Рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони ўзгариши
Ўсишнинг (375 мингта) 17 фоизи республикамиздаги ишлаб чиқариш хажмларининг ўсиши (64,4 мингта), 1 фоизга яқини импортнинг ўсиши (2,6 мингта), ва қолган 82 фоизи иккиламчи бозор хажми ўсиши эвазига тўғри келади (308 мингта).
Бирламчи бозор
Умуман олганда, рўйхатга олинган автотранспорт воситалари умумий сонининг 24% янги транспорт воситаларидир. Бирламчи бозорда харид қилинган автомобиллар сони (маҳаллий ишлаб чиқариш – 160,3 минг, хорижий – 9,8 минг) 170 минг донани ташкил этиб, 2022 йилнинг шу даврига (103 минг) нисбатан 1,6 баробарга (+67 минг) ўсди.
Жумладан, ҳудудлар кесимида энг кўп ўсиш Тошкент шаҳрида - 1,7 баробар (+18 минг), Фарғона - 1,8 баробар (+6 минг), Самарқанд - 1,6 баробар (+5,6 минг), Хоразм - 1,8 баробар (+5,6 минг), Андижон - 1,7 баробар (+4,9 минг) ва Бухоро - 1,7 баробар (+4,8 минг) вилоятларида кузатилди.
Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг февраль ойида Ўзбекистонда автомобилсозлик саноатини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди, унда Ўзбекистонда ички талабни қондириш мақсадида жорий йилнинг биринчи ярмида 160 мингта, йил якунига қадар 275 мингта автомобил ишлаб чиқариш зарурлиги таъкидланди.
Иккиламчи бозор
2021 йилнинг биринчи ярмида иккиламчи бозорда ўртача 224 минг дона автотранспорт воситалари сотилган бўлса, жорий йил бошидан буён ушбу кўрсаткич 542 минг донани (ўсиш 308 минг) ташкил этди.
Автомобиллар савдосининг бундай кескин ўсиши 2022 йил 1 январдан бошлаб автотранспорт воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва қайта рўйхатдан ўтказиш учун йиғимнинг, шунингдек, олди-сотди шартномасини нотариал тасдиқлаганлик учун ундириладиган давлат божи тўлиқ бекор қилиниши билан боғлиқ.
2-расм. Бирламчи ва иккиламчи автомобил бозори (2021-2022)
Хорижий автомобиллар савдоси
Жорий йилнинг 1-ярмида янги чет элда ишлаб чиқарилган автотранспорт воситалари олди-сотди шартномалари сони 9,8 мингтани ташкил қилган бўлиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 1,5 баробарга ошган.
Чет элда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар савдосининг 51 фоизга яқини Тошкент шаҳри ҳиссасига тўғри келади. Ҳудудлар кесимида бу кўрсаткич мос равишда Тошкент - 9%, Қашқадарё - 7%, Самарқанд - 6%, Бухоро - 5%, Навоий - 5%, Хоразм - 4% ва Андижон - 3% вилоятларида қайд этилди.
3-расм. Янги маҳаллий енгил автомобиллар ва хорижий автомобиллар савдоси
Ферузбек Давлетов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Сектор мудири
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
тел: (78) 150 02 02 (417)
Изоҳ қолдириш