Крипто-биржа савдосини амалга ошириш қоидалари белгиланди

Крипто-биржа савдосини амалга ошириш қоидалари белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлигининг 2019 йил 6 декабрдаги 172-сон буйруғи (Адлия вазирлигида 2019 йил 20 декабрда 3127-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Крипто-биржалар фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди, хусусан, Крипто-биржа савдосини амалга ошириш қоидалари (бундан кейин - Қоидалар) белгиланди.

Қоидаларда умумий қоидалар ва асосий тушунчалар, мижозлар билан муносабатларни ўрнатиш тартиби, реклама ва мижозларга маълумот бериш талаблари, крипто-биржалар томонидан крипто- биржалар савдосини ташкил этиш жараёни, крипто-биржада ҳисоб-китоб ва клиринг операциялари амалга ошириш тартиби ва бошқалар белгилаб берилган.

Қоидаларнинг қуйидаги муҳим жиҳатларига эътибор қаратамиз:

- Ўзбекистон Республикаси резидентлари крипто-биржаларда фақат крипто-активларни сотиш бўйича битимлар тузиш ҳуқуқига эга;

- крипто-активлар билан илгари аноним тарзда тузилган битимлар (операциялар) бўлса, крипто-биржаларда бундай крипто-активлар билан операцияларни амалга ошириш тақиқланади;

- крипто-активлар Ўзбекистон Республикаси ҳудудида тўлов ёки тўловни қабул қилиш воситаси сифатида ишлатилиши мумкин эмас.

Ушбу ҳужжатни ишлаб чиқишда, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши кураш соҳасидаги халқаро стандартларга (ФАТФ тавсиялари ва раҳбарлик ҳужжатлари) риоя этишга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Қоидаларга мувофиқ, крипто-биржа:

мажбурий идентификация қилиш механизмлари жорий этилганидан кейин савдо иштирокчиларига электрон савдо майдончалари орқали операцияларни амалга оширишга рухсат беришга;

18 ёшга тўлмаган шахслар билан, шунингдек, жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга, терроризмни молиялаштиришга ва оммавий қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига мувофиқ террористик фаолиятда ёки оммавий қирғин қуролларини тарқатишда иштирок этаётган ёки гумон қилинаётган шахслар рўйхатига киритилган шахслар билан муносабатларни ўрнатмасликка;

савдолар якунлари бўйича ҳисоботлар ва қонун ҳужжатлари ва Қоидалар бузилганлиги аниқланган фактлар тўғрисидаги маълумотларни беш йилдан кам бўлмаган муддатда сақлаб туришга;

жиноят белгилари аниқланган тақдирда дарҳол бу ҳақда ваколатли орган ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёзма равишда хабар беришга мажбурдир

Крипто-активлар қийматининг ўзгарувчанлигини ва шу сабабли крипто-активларга сармоя киритиш билан боғлиқ хавфларни ҳисобга олган ҳолда, реклама фаолияти ва мижозларни хабардор қилиш бўйича истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилади.

Қоидалар маълум даражада қаттиқ бўлсада, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги ушбу Қоидаларни белгилаш Ўзбекистон Республикасида рақамли иқтисодиётни ривожлантириш ва крипто-активларнинг айланмаси билан боғлиқ фаолиятда муҳим қадам деб ҳисоблайди. Ушбу Қоидаларнинг ўрнатилиши:

- Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаган ҳолда крипто-биржа фаолияти тартиби ва талабларини қатъий белгилаш;

- Ўзбекистон Республикасига тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни, шунингдек, крипто-биржалар фаолиятига хизмат кўрсатиш орқали тижорат банклари учун қўшимча даромад манбаларини жалб қилишни таъминлаш;

- Ўзбекистон Республикаси майнер-резидентлари томонидан крипто-активларни қонуний сотиш механизмини жорий этиш имконини беради

Ҳужжатнинг тўлиқ матни билан Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари миллий маълумотлар базасида танишишингиз мумкин.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар