29-30-сентябр кунлари Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Анна Берденинг Ўзбекистонга ташрифи бўлиб ўтди. У Президент Шавкат Мирзиёев ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ва парламентининг бошқа олий мартабали вакиллари билан музокаралар ўтказди. Берде хоним, шунингдек, Биринчи Халқаро Иқтисодий Форумда ва Ўзбекистон бўйича янги ташкил этилган “Мамлакат платформаси”нинг йиғилишида иштирок этди.
Тошкентда Берде хоним Ўзбекистон иқтисодий форумида иштирок этди. Маҳаллий ва халқаро экспертлар билан биргаликда Берде хоним сўнгги беш йил ичида мамлакатнинг иқтисодий трансформациясидаги ютуқларни, шунингдек, мамлакатнинг инклюзив ва барқарор бозор иқтисодиётига муваффақиятли ўтиши бўйича ҳукумат режаларини муҳокама қилди.
«Жаҳон банки Ўзбекистоннинг 2026 йилга қадар камбағалликни икки баробарга қисқартириш ва 2030 йилга келиб ўртачадан юқори даромад даражасига эришиш бўйича режаларини олқишлайди. Кейинги авлод ислоҳотлари турли соҳаларда янги ва сифатли иш ўринлари яратиш мақсадида хусусий сектор ўсиш суратларини жадаллаштиришга қаратилса, улар ушбу мақсадларга эришишга ёрдам беради. Шунингдек, давлатнинг иқтисодиётдаги ролини ўзгартириш, уни йирик товарлар ва хизматлар ишлаб чиқарувчисидан рақобат ҳамда хусусий фирма ва компанияларнинг ривожланишига кўмаклашувчи кучга айлантириш муҳим», - дея таъкидлади Берде хоним
«Ҳукумат соғлиқни сақлаш, таълим ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш, шунингдек, иқтисодиётнинг экологик барқарорлигини яхшилаш орқали фуқароларнинг ривожланишига кўпроқ сармоя киритиши керак бўлади. Биз бу ислоҳотларни Жаҳон банкининг Ўзбекистон билан янги ҳамкорлик дастури доирасида қўллаб -қувватлашга тайёрмиз. Унда келгуси беш йил ичида ислоҳотлар дастурининг Банк томонидан молиявий тарзда ва маслаҳатлар орқали қўллаб -қувватлашнинг устувор йўналишлари белгиланади», дея қўшимча қилди Берде хоним.
Ташриф давомида Берде хоним Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева, Бош вазир ўринбосари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, Бош вазир ўринбосари ва инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов, Молия вазири Тимур Ишметовлар билан самарали музокаралар олиб борди. Берде хоним Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратов билан ҳам учрашув ўтказди.
Учрашувлар доирасида инклюзив иқтисодий ўсишга эришиш ва камбағаллик, ишсизлик ва гендер тенгсизлигини қисқартириш бўйича ҳукумат чоралари; аҳолининг соғлиқни сақлаш, таълим ва ижтимоий ҳимоя хизматларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш; бизнес учун қулай муҳит яратиш ва инвестицияларни жалб қилиш; давлат институтлари, корхоналар ва банкларни, шунингдек қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш; давлат хизматларини рақамлаштириш; сув ва энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш; шунингдек, Ўзбекистонда "яшил" иқтисодиётни ривожлантириш каби масалалар муҳокама қилинди.
Берде хоним Тошкентда бўлган вақтида Ўзбекистон учун “Мамлакат платформаси” йиғилишида ҳам иштирок этди. Бу форум ҳукуматга турли ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда кўмаклашувчи халқаро ҳамкорлар фаолиятини мувофиқлаштириш платформаси бўлиб хизмат қилади. Шунингдек, йиғилиш иштирокчилари эътиборига янги тузилган Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ривожлантириш агентлиги ҳамда Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлигининг фаолияти, мақсад ва вазифалари ҳавола этилди.
Жаҳон банки Ўзбекистонни техник ёрдам кўрсатиш ва умумий қиймати 4,8 миллиард долларга яқин 26 та лойиҳани молиялаштириш орқали қўллаб-қувватламоқда. Бу лойиҳалар ҳукуматга муҳим макроиқтисодий ислоҳотларни амалга оширишга, қишлоқ хўжалиги, соғлиқни сақлаш, таълим, сув таъминоти ва санитария хизматлари, энергетика ва транспорт тармоқлари, ижтимоий ҳимоя тизимлари, шаҳар ва қишлоқ инфратузилмасини ривожлантиришга ҳамда CОВИД-19 пандемиясининг аҳоли саломатлиги ва мамлакат иқтисодиётига таъсирини юмшатишга ёрдам бермоқда.
Изоҳ қолдириш