Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури – Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий йўналишларини баён этди (+фото)

Шавкат Мирзиёев ўз сайловолди дастури – Янги Ўзбекистон стратегиясининг асосий йўналишларини баён этди (+фото)

Давлат раҳбари аввал ўтган беш йилдаги натижаларга қисқача тўхталиб ўтди:

2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини қабул қилдик. Унинг доирасида 300 га яқин қонун, 4 мингдан зиёд Президент фармони ва қарори қабул қилинди.

Халқ ҳокимиятини мустаҳкамлаш, парламентаризмни ривожлантириш ва давлат органлари ҳисобдорлигини таъминлашга қаратилган кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Сўнгги беш йилда мамлакатимиз иқтисодиёти 24 фоизга, саноат – 34 фоизга, экспорт ҳажми 1,5 баробарга, хорижий инвестициялар ҳажми эса 3 баробарга ўсгани биз қўлга киритган юқори натижалардан далолат беради. Шу даврда ўртача ойлик иш ҳақи 2,2 марта кўпайди.

Мавжуд захира ва имкониятларимизни сафарбар этган ҳолда келгуси беш йилда аҳоли жон бошига ялпи ички маҳсулотни 1,6 баробар ошириш вазифаси олдимизда турибди.

Шу тариқа 2030 йилга бориб аҳоли жон бошига тўғри келадиган даромадни 4 минг доллардан ошириб, “даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар” қаторига киришга пухта замин яратган бўламиз.

Албатта, бу осон вазифа эмас. Бунга эришиш учун, аввало, иқтисодиётда илм ва инновацияларга асосланган ривожланиш ҳисобидан янги технологиялар ва қўшилган қиймат занжирларини кўпайтириш орқали меҳнат самарадорлигида туб ўзгаришлар қилишимиз шарт.

Шавкат Мирзиёев тақдим этаётган Янги Ўзбекистон стратегиясига кўра, келгуси беш йилда:

  • саноат маҳсулотлари ҳажми 1,4 баробар, меҳнат унумдорлиги эса камида 2 марта оширилади;
  • мис ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажми 2 мартага ошади ва 8 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқаришга асос яратилади;
  • табиий газни қайта ишлаш даражасини 8 фоиздан 20 фоизга ошириш орқали кимё саноатида 2 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади;
  • рақамли иқтисодиётнинг ҳажми камида 2,5 баробарга оширилиб, 4 миллиард долларга етказилади;
  • ҳар бир хонадон ва ижтимоий муассаса мақбул нархда юқори тезликдаги интернетга уланади, магистраль автомобиль йўллари 100 фоиз мобиль алоқа ва интернет билан қамраб олинади;
  • халқаро магистрал интернет тезлиги – 5 баробарга, туманлараро тармоқлар тезлиги – 8 баробарга оширилади.
  • 2023 йил охиригача инфляция даражаси 5 фоизга туширилади. Давлат бюджети тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан 2,5 фоиздан ошмаслиги таъминланади.

  • Бевосита аҳолининг талаблари асосида йилига 1,5 – 2 триллион сўм маблағ жойлардаги энг долзарб муаммоларни ҳал этишга сарфланади.

  • Янгидан жалб қилинадиган йиллик ташқи қарз миқдори 5 миллиард доллардан, умумий давлат қарзи эса ялпи ички маҳсулотнинг 50-60 фоизидан ошмаслиги таъминланади.

  • Келгуси беш йилда 120 миллиард доллар, шундан камида 70 миллиард доллар хорижий инвестициялар жалб қилинади.

  • Мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти 1,7 баробар оширилиб, 2026 йилда 30 миллиард долларга етказилади.

"Яшил иқтисодиёт"ни жорий қилиш борасида келгуси беш йилда:

- қуввати 5 минг мегаваттдан ортиқ бўлган шамол, қуёш ва гидро электр станциялар ишга туширилади. Натижада, йилига қарийб 3 миллиард куб метр табиий газ тежалади.

- электромобиллар ишлаб чиқариш ва улардан фойдаланишни рағбатлантириш бўйича, алоҳида дастур қабул қилинади.

- келгуси йилнинг ўзида Тошкент шаҳри жамоат транспортида 320 та электробус қатнови йўлга қўйилади.

- “Яшил иқтисодиёт”ни ривожлантириш махсус жамғармаси ташкил этилади.

- иқтисодиётнинг энергия самарадорлиги 20 фоизга ошади, атмосферага чиқариладиган зарарли газлар ҳажми 10 фоизга қисқаради.

2026 йил якунигача камбағалликни камида 2 баробар қисқартириш учун қилиниши лозим бўлган ишлар ҳақида:

Тадбиркорликни янада қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилади. Бизнес соҳасига имкониятларни кенгайтириш, солиқ турлари ва унинг юкини камайтириш бўйича тизимли ишларимизни изчил давом эттирамиз.

2020 йилда қўшилган қиймат солиғи ставкасини 20 фоиздан 15 фоизга туширган эдик. Энди, зарур тайёргарлик ишларини кўрган ҳолда 2023 йилдан бошлаб ушбу солиқ ставкасини 15 фоиздан 12 фоизга туширамиз.

Келгуси йили корхоналарнинг мол-мулк солиғи ставкаси 2 фоиздан 1,5 фоизга камайтирилади.

Яна бир янгилик – 2023 йилдан юридик шахсларнинг мол-мулк ва ер солиқларини бирлаштириб, ягона кўчмас мулк солиғи жорий қилинади.

Ҳозирги вақтда банк, молия, телекоммуникация каби тадбиркорлик йўналишларида фойда солиғи ставкаси ҳар хил бўлиб, улар амалдаги 20 фоиздан 15 фоизга туширилади ва барча тадбиркорлар учун бир хил бўлади.

Туман ва шаҳарлардаги мавжуд бир нечта тадбиркорликка кўмаклашадиган тузилмалар негизида Тадбиркорлар кенгаши ташкил этилади.

Шавкат Мирзиёев эҳтиёжманд аҳоли қатламларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ишларини янги босқичга кўтариш зарурлигини таъкидлади. Бунда:

- эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий нафақа ва моддий ёрдам билан таъминлаш даражаси ҳозирги 60 фоиздан 100 фоизга етказилади. Уларнинг барчаси давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий ёрдам билан таъминланади;

- базавий пенсия ҳисоблашда иш ҳақининг чегаравий миқдори ҳозирги 10 баробардан 12 баробарга оширилади. Бу – 2 миллион нафар фуқаронинг пенсияси камида 20 фоизга ошади, дегани;

- уй-жойга муҳтож фуқароларга турар-жойларни ижтимоий ижарага бериш тизими жорий этилади;

- ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини 3 баробар оширишни кўзда тутувчи, касбга ўқитиш ва иш билан таъминлаш Миллий дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилади;

- эҳтиёжманд оилаларнинг қизлари учун олий таълим грантлари йилдан-йилга ошириб борилади ва 2026 йилда 6 мингга етказилади.

Янги Ўзбекистон стратегиясида мактабгача, мактаб ва олий таълим тизимларидаги вазифалар:

- мактабгача таълимдаги қамров даражаси, ҳозирги 62 фоиздан камида 80 фоизга етказилади;

- мактаб таълими тизими учун ўқув дастурлари ва дарсликлар илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта ишланиб, 2026 йилга қадар амалда жорий этилади;

- олий таълимга қамров даражасини 50 фоизга етказиш билан бирга асосий эътибор таълим сифатини оширишга қаратилади. 2026 йилга қадар камида 10 та олийгоҳ нуфузли халқаро рейтингларга киритилади;

- талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш учун келгуси беш йилда қарийб 100 минг ўринли талабалар ётоқхоналари барпо этилади;

- олий таълимда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида 2026 йилгача хусусий олийгоҳлар сони камида 50 тага етказилади.

- докторантурага қабул давлат буюртмаси ҳамда манфаатдор ташкилотлар маблағлари ҳисобидан тўлов-грант асосида жорий этилади.

- олимпия ва миллий спорт турлари бўйича ҳар икки йилда ўтказиладиган умумреспублика спорт ўйинлари – Миллий олимпиада тизими жорий этилади.

Фуқароларнинг соғлиғини асраб-авайлаш масаласи энг муҳим вазифалардан бири бўлишини шарт. Бунда:

- бирламчи бўғинига ажратиладиган маблағлар 2 баробар оширилиб, асосий эътибор хонадонбай тиббий профилактикага қаратилади;

- 46 та туманлараро перинатал марказлари барпо этилади, ногиронлиги бўлган болаларни соғломлаштириш учун Республика болалар тиббий реабилитация маркази ва унинг филиаллари ташкил қилинади;

- тиббий хизматлардаги хусусий секторнинг улуши ҳозирги 12 фоиздан 25 фоизга етказилади;

- 11 та тиббиёт олийгоҳи трансформация қилиниб, уларнинг қошида клиникалар ташкил этилади;

- санитария-эпидемиология хизматининг халқаро мақомга эга 250 дан зиёд лабораториялари ташкил этилади.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар