24 октябрь куни мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови бўлиб ўтади. Мамлакатимизда сайловга тайёргарлик жараёнлари эса аллақачон бошлаб юборилган.
Президентликка номзодлар ўз сайлов дастурларини эълон қилишди. Шу билан бирга жойларда сайловолди учрашувлари ўтказилиб келинмоқда. Айни дамларда мамлакатимиз бўйлаб сайлов жараёнлари авж паллада олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 23 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президентлиги сайловига расман старт берилди. Сиёсий партиялар ўз номзодларини илгари сурди ва Қурилтой мажлисларида Ўзбекистон Президентлигига номзодлар тасдиқланди.
Бугунги кунда Ўзбекистон Экологик партияси, Халқ демократик партияси, Ўзбекистон Либерал демократик партияси, Миллий тикланиш демократик партияси, Адолат социал-демократик партиясидан кўрсатилган номзодларнинг ғоялари, ташаббуслари нималардан иборат, уларнинг фарқли жиҳатлари нималарда кўрилади, ана шу ғоялар ва ташаббусларни амалга ошириш механизмлари қандай ҳамда уларнинг амалга ошиши натижасида халқимизга қандай манфаат етади. Мана шу масалалар ҳақида “Ўзбекистон 24” телеканалида мустақил экспертлар ўз фикрларини билдиришди.
Ушбу “Сайлов-экспертлар нигоҳида” кўрсатувида Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Сектор мудири Муҳсин Холмуҳамедов ҳам иштирок этиб, ЎзЛиДеП партиясининг дастури борасидаги фикрларини билдирди.
“ЎзЛиДеП партиясининг сайловолди дастурида инклюзив тараққиёт ва ёшлар масалалари марказий ўрин олган. Инклюзив дегани – бу ҳаммани қамраб олади. Масалан, аҳолининг асосий тоифаси бўлган ёшларни оладиган бўлсак, Ўзбекистонни бемалол ёшлар мамлакати деб атасак бўлаверади. Электоратнинг учдан бир қисми ҳам ёшлардан ташкил топган", - дейди Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Сектор мудири Муҳсин Холмуҳамедов.
Изоҳ қолдириш