Хоразм вилоятининг 2022 йил январь-декабрь ойлари бўйича асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари

Хоразм вилоятининг 2022 йил январь-декабрь ойлари бўйича асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари

2022 йилнинг январь-декабрь ойларида Хоразм вилояти ялпи ҳудудий маҳсулоти 2021 йилга нисбатан 5,7 фоизга ўсди ва 32,0 трлн. сўмни ташкил этди.

Аҳоли жон бошига ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми эса 16,5 млн. сўмни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 3,9 фоизга ўсди.

2022 йилнинг январь-декабрь ойларида ҳудудда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 18,3 трлн. сўмни ташкил этиб, 2021 йилга нисбатан 15,1 фоизга ўсди.

Шу билан бирга, халқ истеъмол товарларини ишлаб чиқариш ҳажмида сезиларли ўсиш суръатлари кузатилди ва бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 25,5 фоизга ошди. Жорий йилнинг январь-июнь ойларида ҳудудда 11,5 трлн. сўмлик халқ истеъмоли товарлари ишлаб чиқарилган.

Шунингдек, 2022 йилнинг январь-декабрь ойларида қишлоқ хўжалигида 2021 йилга нисбатан 3,4 фоизга ўсиш кузатилди ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 24,6 трлн. сўмни ташкил этди.

Таҳлил қилинаётган давр мобайнида хизматлар соҳасида ўсиш суръатлари 2021 йилга нисбатан 14,6 фоизни, кўрсатилган хизматлар ҳажми эса 10,3 трлн. сўмни ташкил этди.

Бундан ташқари, 2021 йилга нисбатан чакана савдо айланмаси 12,6 фоизга ошиб, 13,4 трлн. сўмни ташкил этди.

Таҳлил қилинаётган давр мобайнида, қурилиш ишларида ўсиш суръатлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,1 фоизни ташкил этди. Жорий йил давомида ҳудудда 4,9 трлн. сўмлик қурилиш ишлари амалга оширилган.

Аммо, асосий капиталга йўналтирилган инвестицияларда нисбатан камайиш кузатилиб 5,5% га камайди ва улар ҳажми 8,8 трлн. сўмни ташкил этди.

Асосий капиталга инвестицияларнинг технологик таркибида вилоятда қурилишмонтаж ишларининг улуши 55,0%, машина ва ускуналар сотиб олиш харажатлари 39,8%, бошқа харажатларнинг улуши 5,2%ни ташкил этди.

Ҳудудда асосий капиталга инвестицияла ҳажмининг камайиши тўғридан-тўғри хорижий инвестиция ва кредитлар миқдорининг (2,3 млрд.сўм бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 89,7%ни ташкил қилди) камайиши билан боғлиқ.

Шу билан бирга, жорий йилнинг январь-декабрь ойларида янги ташкил этилган кичик корхоналар сонинда ўсиш кузатилди. Жорий йилда 5655 та кичик бизнес субъекти ташкил этилган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 15,1 фоизга кўп.

Таҳлил қилинаётган даврда Хоразм вилоятининг ташқи савдо айланмаси 785,5 млн. АҚШ долларини ташкил этди. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 51,9 фоизга кўп. Ҳудудда савдо балансида 295,1 млн. долларлик салбий салдо қайд этилишига қарамасдан, экспорт ҳажми ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 6,0 фоизга кўпайди ва 245,2 млн. долларни ташкил этди. Шу билан бирга, импорт ҳажми 540,3 млн. долларни ташкил этди ва 88,9 фоизга ошди.

Ильясов Салый
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Бош илмий ходим
Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар