БМТТД ёшларнинг рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳалари учун 2 100 минг АҚШ доллари ажратади

БМТТД ёшларнинг рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш лойиҳалари учун 2 100 минг АҚШ доллари ажратади

2021 йил 20 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ва Ўзбекистондаги БМТ Тараққиёт дастурининг "Рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорликни ривожлантириш учун ёшлар имкониятларини кенгайтириш" янги қўшма лойиҳаси ишга туширилди.

Имзоланиш маросими вазирликда Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили Матилда Димовска хоним, шунингдек, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги элчисининг маслаҳатчиси Валентин Гусев иштирокида бўлиб ўтди.

Лойиҳа рақамли тадбиркорлик муҳитини ва ёш тадбиркорларнинг рақамли кўникмаларини яхшилаш, рақамли иқтисодиёт ва рақамли тадбиркорлик сиёсатини ривожлантириш учун ёшларни жалб қилишган ҳолда институционал салоҳиятни кучайтириш, тўсиқларни камайтириш ва ёшларнинг рақамли бизнес лойиҳалари ва стартаплари учун яхши молиялаштириш имкониятларини яратишга қаратилган.

Илҳом Норқулов ҳукумат томонидан янги иш ўринлари яратиш, янги бозорларга чиқиш, инновацияларни жорий этиш ва иқтисодиётнинг янги тармоқларини ривожлантиришда рақамли технологиялар имкониятларини рўёбга чиқариш борасидаги саъй-ҳаракатларини таъкидлади. Шу сабабли, "ёшларни иш билан таъминлаш миллий стратегиялари ёшларга рақамли аср салоҳиятидан фойдаланиш, мавжуд ва юзага келаётган муаммоларни ҳал қилиш учун имкониятлар яратиш чора-тадбирларини ўз ичига олади", деди у.

БМТТД ва миллий ҳамкорлар ўртасидаги янги ҳамкорлик Ўзбекистонда рақамли иқтисодиётни янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш, рақамли тадбиркорлик кўникмалари, воситалар ва қулай муҳит орқали ёшлар, айниқса, аёлларнинг имкониятларини кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқишга қаратилади. Бу бандлик имкониятларини, рақобатбардошликни, COVID-19 ва шунга ўхшаш инқирозларга чидамлилигини ошириш, шу орқали тенгсизликни камайтириш, инклюзив, инновацион ва барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш ва янги иш ўринларини яратиш каби умумий мақсадга хизмат қилади.

БМТ Тараққиёт дастурининг Доимий вакили Матилда Димовска хоним тадбирнинг муҳимлигини таъкидлаб, ҳукуматнинг ёшлар учун муносиб меҳнат ва даромад олиш имкониятларини рағбатлантириш борасидаги саъй-ҳаракатларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдирди.

"Рақамли технология ёш аёллар ва эркакларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий имкониятларига эришиш учун улкан салоҳиятга эга. Лойиҳанинг аниқ мақсадлари ёшларнинг рақамли дунёга кириши ва иштирокини ошириш, шунингдек, тегишли таълим ва иш билан таъминлаш имкониятларини кенгайтиришдан иборат. Лойиҳа рақамли кўникмаларни, масалан, Интернетда муҳим контентни топиш ва баҳолаш қобилиятидан тортиб, онлайн маркетинг ва тижорат каби илғор фойдаланувчи ноу-хаугача ривожлантиришга қаратилган ", деди у.

Лойиҳа БМТТДнинг рақамли ва яшил трансформация бўйича ҳукумат саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш, фаол меҳнат бозори сиёсатини такомиллаштириш ва ёшларнинг тадбиркорлик кўникмаларини ошириш бўйича амалга оширилаётган дастурий фаолиятининг мантиқий давомидир. Лойиҳа Россия Федерацияси томонидан молиялаштирилади, шунингдек, Иқтисодий ривожланиш ва савдо вазирлигининг ҳиссаси ва IT-Парк томонидан параллел молиялаштиришни ҳам ўз ичига олади, лойиҳанинг умумий бюджети 2 100 000 АҚШ долларини ташкил этади


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар