“Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–5203-сон, 30.07.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021/2022 ўқув йилидан республикадаги барча олий таълим ташкилотлари бакалавриатининг кундузги таълим шаклида ҳамда магистратура босқичида тўлов-контракт асосида таҳсил олиш учун таълим кредити ажратишнинг янги тизими йўлга қўйилади.
Бунда:
- тижорат банклари таълим кредитларини Марказий банкнинг асосий ставкасида ажратади;
- таълим кредитининг асосий қисми талабанинг расмий ўқиш муддати тугагандан сўнг еттинчи ойдан бошлаб 7 йил давомида қайтарилади;
- таълим кредитини расмийлаштиришда ва унинг қайтарилишида талабанинг доимий даромад манбаига эга бўлган оила аъзолари биргаликда қарз олувчи сифатида қатнашишига рухсат этилади;
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”га кирган оилалар фарзандларидан таълим кредити учун гаров ва кафилликлар талаб этилмайди.
Қарорга мувофиқ, Молия вазирлиги ҳузурида Таълим кредитини молиялаштириш жамғармаси ташкил этилди.
Жамғармага 2021 йилда камида 1 триллион сўм, кейинги йилларда ҳақиқий талабдан келиб чиқиб маблағлар ажратилади.
Изоҳ қолдириш