Тошкентда тадбиркорлик фаолияти
16 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент шаҳрида мавжуд захираларни тўлиқ ишга солиш ҳамда тадбиркорлик фаолияти учун янада қулай шароитлар яратиш юзасидан йиғилиш ўтказди. Пойтахт миллий иқтисодиётда алоҳида ўрин тутади. Бугунги кунда Тошкент шаҳри ялпи ички маҳсулотнинг 21 фоизини таъминламоқда. Жорий йил “Пойтахтда жадал ривожланиш ва аҳоли даромадлари ўсиши йили” деб эълон қилиниб, шаҳар иқтисодиётини 12 фоизга ошириш, 3,6 млрд. долларлик экспортни таъминлаш, 9 млрд. доллар инвестиция жалб қилиш ва 616 минг аҳоли бандлигини таъминлаш каби катта марралар белгиланган.
Жорий йилда янгича ёндашув асосида шаҳарнинг 12 та тумани аниқ бир саноат ёки хизмат кўрсатиш тармоғига:
Бектемир тумани – кимё саноати ва улгуржи савдо,
Мирзо Улуғбек тумани – кабель саноати, илм-фан, таълим ва ахборот технологиялари,
Миробод тумани – озиқ-овқат саноати, туризм ва умумий овқатланиш,
Учтепа тумани – заргарлик, маиший хизмат ва чакана савдо,
Чилонзор тумани – фармацевтика, савдо, хизмат кўрсатиш ва спортга,
Шайхонтоҳур тумани – мебелсозлик ва гастротуризм,
Юнусобод тумани – қоғоз саноати ва туризм,
Яшнобод тумани – электротехника ҳамда транспорт-логистика,
Яккасарой тумани – енгил саноат ва молиявий хизматлар,
Янгиҳаёт тумани – автомобилсозлик ва логистика,
Олмазор тумани – қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва таълим,
Сергели тумани металлургия, логистика ва автосервис соҳаларига ихтисослаштирилади.
Пойтахтда махсус инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини жорий қилиш орқали янги тажриба яратиш режалаштирилган. Жумладан, бизнес учун рухсатнома ва лицензиялар бериш ваколатини тегишли вазирлик ва идоралардан уларнинг ҳудудий бўлинмаларига тушириш, экспортчи корхоналарни қўллаб-қувватлашнинг янги ёндашувларини жорий этиш, тадбиркорларнинг логистика билан боғлиқ муаммоларини тезкор ҳал қилиш тизимини йўлга қўйиш, айланма маблағ билан таъминлаш ва бизнесни кенгайтириш учун қулай шартларда янги молиялаштириш механизмларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.
Тадбиркорлар кўтарган муаммо ва таклифларни тезкор ҳал қилиш учун алоҳида Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузиш таклиф этилди. Унинг зиммасига туманларни драйвер соҳалар асосида ривожлантириш, иқтисодий ва ижтимоий коньюнктурани доимий мониторинг қилиш, ўсиш нуқталари ва фойдаланилмаётган захираларни аниқлаш, тизимли тўсиқларни бартараф этиш, ғоя ва ташаббусларни шакллантириш, уларни молиялаштириш ва ижросини назорат қилиш вазифалари юкланади.
Умуман, барча имкониятларни сафарбар қилиб, қўшимча 88 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш, 4,9 млрд. долларлик экспортни таъминлаш ва 5 млрд. доллар инвестиция жалб қилиш, бюджетга 2,9 трлн. сўм тушумни таъминлаш, 65,5 мингта юқори даромадли ва доимий иш ўрни ташкил этиш бўйича аниқланган янги захираларни ишга солиш вазифаси қўйилди.
Шунингдек, жорий йилда Тошкент шаҳрига қўшимча 500 млн. доллар жалб қилиш мақсадида пойтахт евробондларини чиқариш таклиф қилинди.
Пойтахт тадбиркорларини Тошкент, Навоий, Қашқадарё, Андижон, Бухоро ва Фарғона вилоятларидаги йирик саноат корхоналари билан боғлаб, маҳаллийлаштириш ва кооперацияни кенгайтириш бўйича дастур тасдиқлаш топширилди.
Фарғона вилоятини ривожлантириш
Президент Шавкат Мирзиёев 28 апрель куни Фарғона шаҳрида Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш масалалари юзасидан йиғилиш ўтказди.
Сўнгги йилларда вилоятда 8 млрд. 200 млн. доллар инвестиция ҳисобига 8 мингта замонавий қувват ишга туширилди. Тадбиркорлик учун 100 трлн. сўм ресурс йўналтирилди, тижорат майдонлари 10 млн. кв. метрга кўпайди. 13,5 мингта кичик ва ўрта корхона ташкил этилиб, уларнинг сони қарийб 2 карра ошди.
Натижада ялпи ҳудудий маҳсулот 1,7 бараварга, саноат 1,5 бараварга, хизматлар 3 бараварга ўсди. Асосийси, сўнгги тўрт йилда ишсизлик 9,2 фоиздан 4,6 фоизга, камбағаллик даражаси эса 11,6 фоиздан 5,2 фоизга тушди.
Аҳолининг уй-жой шароитини яхшилаш бўйича ҳам катта ишлар амалга оширилмоқда. Марғилондаги Ипакчи ва Қиргули маҳаллаларида 241 та эски ҳовли ўрнида 2,5 минг хонадонли кўп қаватли уйлар барпо этилди. Наврўз маҳалласида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивига бу йил яна 6,5 минг оила кўчиб киради. Бундай ишлар Ёзёвон, Қува туманлари, Қўқон ва Фарғона шаҳарларида ҳам давом этмоқда.
Сўнгги ўн йилда вилоятда 74 минг ўринли мактаб, 145 минг ўринли боғча ва 3 минг койкали шифохоналар ишга туширилди. 167 та хусусий мактаб ташкил этилиб, уларда 40 мингдан ортиқ ўқувчи таълим олмоқда. Таълим сифати ошгани натижасида Фарғона ёшларнинг олий таълим муассасаларига кириш кўрсаткичи бўйича республикада 3-ўринга кўтарилди.
Қишлоқ хўжалигида 15 минг гектар саноатлашган боғ ва токзор яратилди, яна 6 минг гектари янгиланди. Мева-сабзавот экспорти 3 карра кўпайиб, 400 млн. долларга етди.
Фарғона, Сўх, Қува туманлари, Марғилон ва Қўқон шаҳрида туризм жадал ривожланмоқда. Ўтган йили хорижий туристлар сони илк бор 500 мингдан, маҳаллий сайёҳлар 3 миллиондан ошди, туризм хизматлари экспорти эса 185 млн. долларга етди.
Шу боис, жорий йил вилоятда иқтисодиётни 9,1 фоизга, саноатни 9 фоизга ўстириш, 4,5 млрд. доллар хорижий инвестиция жалб этиш, экспортни 2 карра кўпайтириб, 2 млрд. долларга етказиш вазифаси қўйилди.
Йиғилишда Фарғона вилояти давлат идоралари, саноат, сервис ва қишлоқ хўжалигида замонавий технологиялар, рақамли ечимлар ва сунъий интеллектни кенг жорий этиш бўйича намуна бўлиши кераклиги таъкидланди.
“Беш миллион сунъий интеллект етакчиси” дастури бўйича сертификат олган ёшларнинг энг кўпи айнан Фарғона вилоятига тўғри келади. Вилоят ва туманлар раҳбарларига иқтидорли ёшларни жалб этган ҳолда давлат идораларидаги хизматлар ва жараёнларни рақамлаштириш, аҳоли ва тадбиркорлар учун қулайликларни ошириш топширилди.
Сўнгги йилларда Фарғонада IT хизматлар 4 карра ўсиб, экспорт 23 млн. доллардан ошди. Янги ўқув йилидан Қува тажрибаси асосида яна 16 та туманда техникумлар негизида дастурлаш, робототехника, график дизайн ва хорижий тиллар бўйича кадрлар тайёрлаш йўлга қўйилади. Фарғона шаҳрида IT-Парк университети, Марғилонда ИНҲА университетининг филиалини очиб, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва дастурий муҳандислик йўналишларида йилига 1000 нафар талабани ўқитиш белгиланди.
Қишлоқ хўжалигида мавжуд захираларни ишга солиш ҳам муҳокама қилинди. Вилоятда 370 минг гектар суғориладиган ер, шундан 55 минг гектар боғ ва токзор бор. Қолаверса, 5,5 минг гектар боғ ва токзор эскирган, 6 минг гектар дашт ва адир ерларидан самарали фойдаланилмаяпти. Бу қўшимча 300 минг тонна мева-сабзавот етиштириш ва иқтисодиётга 2 трлн. сўмлик қўшилган қиймат яратиш имкони экани таъкидланди.
Вилоятда 50 минг гектар кам ҳосилли пахта ва ғалла ерлари ҳамда самараси паст боғлар ўрнида супер интенсив боғлар яратиш бўйича катта дастур ишлаб чиқилади. Бу йил 611 минг тонна мева, 252 минг тонна узум, 1,8 млн. тонна сабзавот, 119 минг тонна шоли етиштириб, мева-сабзавот экспортини 25 фоизга ошириш ва 500 млн. долларга етказиш муҳимлиги қайд этилди.
Давлатимиз раҳбари инвестиция масалаларига ҳам тўхталди. Вилоятда саноат зоналари учун ажратилган 1 077 гектар ердан самарали фойдаланиш, ҳар бир гектарда йилига камида 50 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш асосий мезон бўлиши белгиланди. Саноат зоналарида 5 млрд. долларлик инвестиция лойиҳаларини бошлаш топширилди. Бешариқдаги Андархон маҳалласида эркин савдо зонаси ташкил этиш, Қўқондаги механика заводи ҳудудида 70 млн. долларлик йирик савдо комплексини барпо этиш таклифлари қўллаб-қувватланди.
Туризм соҳасида ҳам катта имкониятлар борлиги қайд этилди. Бунинг учун Қўқон ва Марғилонни зиёрат туризмига, Сўх, Қува, Бешариқ ва Фарғона туманларини тиббий ва экотуризмга ихтисослаштириш зарур. Қувадаги “Каркидон” сув омбори атрофида дам олувчилар хавфсизлигини таъминлаш бўйича фавқулодда вазиятлар маркази ташкил этилгани қайд этилди. Мамлакатдаги бошқа сув омборларини ҳам босқичма-босқич аҳоли ва сайёҳлар учун қулай масканларга айлантириш вазифаси қўйилди.
Фарғона туманида “Шоҳимардон – Ёрдон” халқаро курорт зонаси, “Водил” малина-агротуризм кластери, “Аввал” кўнгилочар туризм мажмуаси ва “Чимён” санаторий-курорт зонаси каби лойиҳалар амалга оширилмоқда. Келаси йил якунигача 300 млн. долларлик 50 та туризм лойиҳасини ишга тушириш белгиланди.
Сўх туманида экотуризм, агро ва тиббий туризмни ривожлантириш учун катта салоҳият мавжудлиги таъкидланди. Сўх дарёсининг Сариканда, Истиқлол ва Ровон маҳаллаларидан ўтган қисмида 130 гектар майдонда йирик туризм комплексини барпо этиш, хорижий мутахассисларни жалб қилган ҳолда туманни ривожлантириш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш топширилди. Умуман, туманга янгича қиёфа олиб кириш бўйича уч йиллик дастур қабул қилиниши эълон қилинди.
Йиғилишда Фарғонанинг бой маданий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилди. “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида ҳар икки йилда Халқаро китобхонлик фестивалини ўтказиш, унга дунёнинг машҳур ёзувчи ва шоирларини таклиф қилиш ташаббуси илгари сурилди. Фарғона вилояти маданиятининг ажралмас қисми бўлган аския санъатини асраб-авайлаш ва ривожлантириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Корхоналарнинг барқарор фаолиятини қўллаб-қувватлаш
5 май куни Президент Шавкат Мирзиёев ишлаб чиқариш корхоналари фаолиятини барқарорлаштириш ҳамда тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоли масалаларни ҳал этиш юзасидан тақдимот билан танишди. Тақдимотда турли сабабларга кўра тўлиқ қувватда ишламаётган ва тушуми камайган корхоналар фаолиятини ўрганиш натижалари кўриб чиқилди. Бундай ҳолатлар асосан тўқимачилик, қурилиш материаллари, озиқ-овқат, нефть-кимё, электротехника ва бошқа тармоқларда кузатилмоқда. Корхоналарда ишлаб чиқаришни тиклаш ва мавжуд қувватларни тўлиқ ишга солиб, қўшимча 65,6 трлн. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқариш ва экспорт қилиш имконияти борлиги аниқланди.
Шу боис, ҳар бир корхона ҳолатини алоҳида ўрганиб, уларни тўлиқ қувватга олиб чиқиш бўйича янги тизим жорий этилиши белгиланди. Бунинг учун мутасадди идоралар ва банклар иштирокида Республика штаби ташкил этилади. Штаб вакиллари жойларга чиқиб, икки ҳафта муддатда корхоналар фаолиятига тўсқинлик қилаётган масалаларни аниқлайди ва уларни жойида ҳал этиш чораларини кўради.
Тақдимотда тижорат банклари балансидаги йирик активлар масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда банклар балансида қиймати 10 млрд. сўмдан юқори бўлган 70 та объект мавжуд. Мазкур активларни иқтисодиётга қайта жалб қилиш, уларга инвестор топиш ва ишлаб чиқариш майдонларига айлантириш бўйича алоҳида механизмлар ишлаб чиқилиши белгиланди.
Умумий овқатланиш корхоналарига қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартибини соддалаштириш, айрим савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари учун экологик экспертиза ҳамда компенсация тўловлари билан боғлиқ тартибларни енгиллаштириш таклиф этилди. Бундан ташқари, меҳнат муносабатларида иш берувчи ва ходим ўртасидаги айрим тартиб-таомилларни аниқлаштириш таклиф қилинди.
Рақамлаштириш ва нақд пулсиз тўловлар масаласига катта аҳамият қаратилди. Жисмоний шахсларнинг ўз банк карталари ўртасидаги пул ўтказмаларини комиссиясиз амалга ошириш, нақдсиз тўловларни аҳоли учун қулай бўлган шаклларини кўпайтириш, умумий овқатланиш, алкоголь, тамаки ва ёқилғи сотиш соҳаларида харид чеки бўйича ҳисобланган кешбекни тезкор қайтариш имкониятини яратиш таклиф этилди. Шу билан бирга, банк карталари орқали амалга ошириладиган операцияларда хавфсизликни таъминлаш мақсадида жорий этилган антифрод СМС-хабарномалар бўйича харажатларни қайта кўриб чиқиш, мобил иловалардаги хабарномалар ёки биометрик идентификация каби муқобил ечимлардан фойдаланиш таклиф қилинди.
Солиқ маъмурчилиги ва молиявий жарималар йўналишида солиқ имтиёзларини қўллашда юзага келаётган низоли ҳолатларни бартараф этиш, солиқ қарздорлиги бўйича ҳисобланаётган пеня асосий қарз суммасидан ошиб кетмаслиги бўйича нормани жорий этиш, чек бермаслик ҳолати юзасидан хабар юбориш тизимини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш, ҚҚС тўловчи гувоҳномасини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш илгари сурилди.
Ташқи иқтисодий фаолиятни соддалаштириш мақсадида импорт жараёнида бир-бирини такрорловчи ҳужжатларни қисқартириш, тадбиркорларга хорижда савдо уйлари, филиал ва ваколатхоналар очиш учун қулайроқ тартиб яратиш, “Ўзэкспомарказ” имкониятларидан самарали фойдаланган ҳолда миллий маҳсулотларни халқаро бозорларда кенг тарғиб қилиш бўйича таклифлар билдирилди.
Чарм-пойабзал саноатини ривожлантириш
5 май куни Президент Шавкат Мирзиёев чарм-пойабзал саноатида амалга оширилаётган ишлар ва келгусидаги режалар юзасидан тақдимот билан танишди. Сўнгги йилларда соҳа корхоналарини қўллаб-қувватлаш, ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва экспортни кўпайтириш бўйича қатор чоралар кўрилди. Жорий йил биринчи чорагида чарм саноатида ишлаб чиқариш ҳажми 962 млрд. сўмни ташкил этиб, ўсиш 25 фоиздан ошди. 2030 йилга қадар чарм-пойабзал саноатида ишлаб чиқариш ҳажмини 12 трлн. сўмга, экспортни 500 млн. долларга етказиш, 12 мингта янги иш ўрни яратиш мақсад қилинган.
Шу билан бирга, соҳада ишга солинмаган имкониятлар ҳали кўп. Хусусан, қўй ва эчки терисини қайта ишлаш даражаси 30 фоиз атрофида. Йилига тайёрланадиган 40 минг тонна жун хомашёсининг эса атиги 6 минг тоннаси, яъни 15 фоизи қайта ишланмоқда. Тақдимотда корхоналар қувватидан самарали фойдаланиш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, тайёр маҳсулот улушини ошириш ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича таклифлар кўриб чиқилди.
Жумладан, Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ва Андижон вилоятининг Шаҳрихон туманида чарм-пойабзал саноатига ихтисослашган саноат зоналарини ташкил этиш режалаштирилган. Бу зоналарда ишлаб чиқариш бинолари, муҳандислик-коммуникация тармоқлари, логистика, дизайн ва малака ошириш марказлари барпо этилади. Саноат зоналари бошқаруви Енгил саноатни ривожлантириш агентлиги ҳузурида ташкил этиладиган махсус дирекцияга юклатилади.
Оҳангаронда терини қайта ишлаш корхоналари учун экологик талабларга жавоб берадиган замонавий саноат зонаси ташкил этилади. Республикадаги 32 та терини қайта ишлаш корхонасида сув тозалаш иншоотларининг 70 фоизи эскирган, ягона марказлашган тизим мавжуд эмас. Шу боис, янги зонада марказлашган сув тозалаш иншооти қурилиб, кунига 8 минг куб метргача тозаланган сувни технологик жараёнларда қайта ишлатиш имконияти яратилади.
Хомашё базасини кенгайтириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қўшни давлатлардан мол терисини марказлашган ҳолда импорт қилиш, бу жараёнда тадбиркорларга “ягона дарча” тамойили асосида кўмаклашиш, транспорт харажатларини компенсация қилиш ва қайта ишловчи корхоналарни айланма маблағ билан таъминлаш таклиф этилди. Майда шохли мол териларини йиғиш ва бирламчи қайта ишлаш тизимини такомиллаштириш ҳам муҳим вазифа сифатида белгиланди. Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё ва Тошкент вилоятларида терини йиғиш ва бирламчи ишлов бериш пунктларини ташкил этиш, қайта ишлаш корхоналарини рағбатлантириш чоралари кўриб чиқилди.
Жун хомашёсини қайта ишлашни кенгайтириш бўйича Сирдарё вилоятида янги комплекс ташкил этиш таклиф қилинди. Унинг қуввати 30 минг тонна жунни қайта ишлашга мўлжалланади. Лойиҳа ишга тушса, хомашёдан тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш занжири шаклланиб, қўшилган қиймат бир неча бараварга ошади, экспорт ва иш ўринлари кўпаяди.
Тақдимотда сунъий чарм ишлаб чиқаришни кенгайтириш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Жаҳон бозорида йирик брендлар экологик талаблар, нарх ва технологик қулайликлар нуқтаи назаридан сунъий чармдан фойдаланишни кенгайтираётгани таъкидланди. Мамлакатимизда мазкур йўналишда 7 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш режалаштирилган. Улар натижасида 50 млн. погон метр маҳсулот ишлаб чиқариш қуввати яратилиб, ички талабнинг катта қисми қопланади, экспорт ошади.
Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича устувор вазифалар
Президент Шавкат Мирзиёев озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш ҳамда чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан йиғилиш ўтказди. Мамлакатимизда озиқ-овқат таъминотини барқарорлаштириш бўйича кенг имкониятлар яратилган: 4 млн. гектар экин майдони, 1,5 млн. тонна сиғимга эга сақлаш омборлари ва 3,5 млн. тонна маҳсулотни қайта ишлаш қувватлари аҳолини арзон ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, шунингдек, 4 млрд. долларлик маҳсулот экспорт қилиш имконини бермоқда. Шунинг учун Ўзбекистон 2030 йилга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини 10 млрд. долларга етказиш, экспорт географиясини яна 100 та давлатга кенгайтиришни мақсад қилган. Йиғилишда ушбу марраларга эришиш учун озиқ-овқат хавфсизлиги тизими халқаро стандартларга тўлиқ мос бўлиши зарурлиги таъкидланди.
Ҳозирга қадар озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги ва назорати билан учта идора шуғулланиб келмоқда. Оқибатда санитария, ветеринария ва карантин органлари ўртасида ягона маълумотлар базаси шаклланмаган, айрим вазифа ва функциялар бир-бирини такрорламоқда. Бу эса тадбиркорларнинг экспорт ва импорт жараёнларида ортиқча овворагарчиликка дуч келишига сабаб бўлмоқда. Шу муносабат билан озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги соҳасини чуқур ислоҳ қилиш ва халқаро талабларга мос ягона марказлашган тизим яратилиши белгиланди.
“Даладан дастурхонгача” тамойили асосида барча назорат жараёнларини қамраб оладиган Озиқ-овқат маҳсулоти хавфсизлиги қўмитаси ташкил этилади. У Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги, Ветеринария қўмитаси ва Санэпидқўмитанинг озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш йўналиши негизида шакллантирилади. Янги тизимда эскирган, тадбиркор фаолиятига тўсиқ бўлаётган текширувлардан воз кечилади. Озиқ-овқат маҳсулотларини мажбурий сертификатлаш бекор қилиниб, унинг ўрнига хавфларни баҳолашга асосланган назорат ва текширув тартиби жорий этилади.
2029 йил 1 январдан бошлаб мева-сабзавот экспорти фақат агрологистика марказлари орқали амалга оширилади. Экспорт салоҳияти юқори йирик озиқ-овқат корхоналарини халқаро хатарлар таҳлили стандарти ва Алиментариус кодекси талабларига ўтказиш бўйича дастур ишлаб чиқилади. 2027 йилдан бошлаб лаборатория текшируви, ҳайвонларни эмлаш, дезинфекция ва идентификация қилиш каби 6 та давлат функцияси хусусий секторга берилади.
2027 йил 1 мартгача озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бўйича ягона автоматлашган ахборот платформаси ишга туширилади. У чегарадаги “Ягона дарча” тизими билан интеграция қилиниб, экспортчилар ортиқча бюрократик жараёнлардан озод этилади. Янги тизим орқали импортда назорат вақти 9 кундан 2 кунга, экспортда эса 3 кундан 1 кунгача қисқартирилиши белгиланди. Бунинг ҳисобига тадбиркорларнинг маҳсулотни омборда сақлаш харажатлари 70 млрд. сўмга тежалади.
Йиғилишда чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистонда чорвачиликни ривожлантириш учун катта имконият бор. Мамлакатимизда 16 млн. гектар яйлов мавжуд, бироқ бу салоҳиятнинг атиги 10 фоизидан фойдаланилмоқда.
Шу боис, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузурида Чорвачилик ва яйлов хўжалигини ривожлантириш агентлиги ташкил этилади. У ўз фаолиятини Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси негизида бошлайди. Янги агентлик олдига қорамоллар сонини 16,5 миллионтага, қўй ва эчкилар сонини 30 миллионтага, паррандалар сонини 141 миллионтага етказиш вазифаси қўйилди. Шунингдек, гўшт ва сутни қайта ишлаш даражасини 50 фоизга, наслдор қорамоллар улушини 90 фоизга етказиш, озуқабоп экин майдонларини эса 1,5 баравар кўпайтириш белгиланди.
Қорақалпоғистон Республикаси ва ҳар бир вилоятдан 1 туман чорвачиликка ихтисослаштирилади. Ушбу туманларда пахта ва ғалла ерларининг 50 фоизига озуқабоп экинлар экишга рухсат берилади, бунинг учун 10 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилади. Барча фермер хўжаликларига ижара ерларининг 20 сотих қисмида ортиқча бюрократиясиз енгил конструкцияли бинолар, озуқа омборлари ва силос ўралари қуришга рухсат берилади. Йил якунига қадар камида 10 гектар ери бор 28 746 та фермер хўжалиги ерида 2 млн. бош қорамол боқишни ташкил этиш вазифаси қўйилди.
Чорвачиликни молиявий қўллаб-қувватлаш чоралари белгиланди. 1 июндан бошлаб тижорат банклари йиллик 10 фоиз ставкада, 4 йил имтиёзли давр билан 10 йил муддатга кредитлар ажратади. Наслдор чорвани импорт қилувчилар 2029 йилгача қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.
Банкларга йиллик 6 фоиз ставкада 1 трлн. сўм ва 50 млн. доллар ресурс жойлаштирилади. Ушбу ресурслар ҳисобидан жорий йилда 5,5 трлн. сўмлик 1,5 мингта лойиҳани ишга тушириш, 25 мингта иш ўрни яратиш ва қорамоллар сонини 400 мингтага ошириш режалаштирилган. Хонадонларда сунъий уруғлантирилган ҳар бир наслдор бузоқ учун 500 минг сўмдан ҳамда эмбрионларни кўчириб ўтказилганда 700 минг сўмдан субсидия тўланади. Бу мақсадлар учун қўшимча 50 млрд. сўм ажратилади.
"Иқтисодий шарҳ" журнали №5/2026
Izoh qoldirish