Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индекси 2023 йил январь ойида мўътадил ошди

Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индекси 2023 йил январь ойида мўътадил ошди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан баҳоланган Ишбилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ) 2023 йил январь ойида 1001 бирликни ташкил этиб, декабрь ойига нисбатан 0,1 фоизга мўътадил ошган. Шу билан бирга, ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ҳам 15 фоизлик ўсиш қайд этилди.

Компонентлар даражасида қуйидаги ўзгаришлар бўлган.

2023 йилнинг январь ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси ўтган ойга нисбатан 0,1 фоизга ошиб, 1001 бирликни ташкил этиши, қуйидаги компонентлар даражасидаги ўзгаришларга боғлиқ бўлган:

  • хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақаларидаги опреациялар сони 26,3фоизга камайган;
  • фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 2,9фоизга камайган;
  • товар-хом ашё биржасида хом ашё сотиб олиш жадаллиги 19,2фоизга ошган;
  • товар белгилари бўйича компонент 74,5фоизга ошган.

Ҳудудлар кесимида Жиззах вилоятида энг юқори ўсиш суръати қайд этилган.

2023 йил январь ойида Ишбилармонлик фаоллиги индекси 6 та ҳудудда ўтган ойга (2022 йил декабрь) нисбатан ўсиш кузатилган. Жиззах (38,0%), Сирдарё (29,9%), Фарғона (27,9%) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (35,6%) сезиларли даражада ўсиш кузатилган (2 - расм).

Шу билан бирга ушбу кўрсаткич 8 та ҳудудда камайган. Хусусан, Навоий (- 26,9%), Қашқадарё (- 8,1%) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (- 7,4%) ўтган ойга нисбатан сезиларли даражада камайиш кузатилган.

БАНК ҲИСОБ ВАРАҚАЛАРИ БЎЙИЧА ОПЕРАЦИЯЛАР

2023 йил январь ойида банклараро тўлов операциялари сони 4 737,8 минг тани ташкил этди ва 2022 йилнинг декабрь ойига нисбатан 1 689,6 минг транзакцияга (26,3%) камайган.

Банклараро тўлов операциялари сони барча ҳудудларда камайган.

2023 йил январда республиканинг барча ҳудудларида юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан камайган. Хусусан, сезиларли даражадаги камайиш Наманган (-32,4%), Қашқадарё (- 31,2%), Навоий (-30,2%), Фарғона (-29,6%), Сурхондарё (-29,4%), ва Хоразм (-28,4%) вилоятларида кузатилган.

ТОВАР-ХОМ АШЁ БИРЖАСИДАГИ ФАОЛЛИК

2023 йилнинг январь ойида ИФИнинг биржа компоненти 1,1923 бирликни ташкил этди. Бу эса, ушбу компонентнинг ўтган ойга нисбатан 19,2 фоизга ошганлигини англатиб, ҳар бир битим бўйича сотиб олинган товарлар ўртача ҳажмининг 19,9 фоизга ва битимлар сонининг 18,5 фоизга ошганлиги билан изоҳланади.

Республика товар-хом ашё биржасида товарлар савдоси умумий айланмаси ҳажми 2023 йил январь ойида 6 202,2 млрд. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 9,1 фоизга камайган.

ХЎЖАЛИК ЮРИТУВЧИ СУБЪEКТЛАРНИНГ ФАОЛЛИГИ

Фаолият юритаётган хўжалик субъектлари бўйича компонент 2023 йил январь ойида 0,9713 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 2,9 фоизга камайганлигини кўрсатади. Ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан эса ижобий ўзгариб, 9,1 фоизга ошган.

2023 йил январь ойида барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони 2022 йилнинг декабрь ойига (636 734 бирлик) нисбатан 23 343 тага камайиб, 613 391 бирликни ташкил этган.

Йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони 27 тага камайган.

Ҳисобот даврида, кичик корхоналар сони 523 556 тадан 503 804 тагача камайган (пасайиш 19 752 та). Фермер хўжаликлари сони 109 512 тадан 105 948 тагача (камайиш 3 564 та) камайган. Йирик тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар сони 3 639 тани ташкил этиб, 2022 йилнинг декабрь ойига нисбатан 27 тага камайган.

БРEНДЛАРНИ РЎЙХАТГА ОЛИШ

2023 йил январь ойида савдо белгилари муҳофазаси бўйича бизнес фаоллиги индекси 1,7452 бирликни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2022 йилнинг декабрь ойига нисбатан 74,5 фоизга ошган. Жорий йилнинг январь ойида юридик шахслар томонидан 363 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.

Руслан Абдуллаев
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Maqolani ulashing

O'xshash yangiliklar