Адлия вазирлигининг хабар қилишича, “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш ва аҳолининг даромад манбаини кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–55-сон, 20.12.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, 2022 йилда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида:
а) мақсадли жамғармалар ҳамда Тикланиш ва тараққиёт жамғармасининг ресурслари банкларга йиллик 10 фоизда жойлаштирилади;
б) имтиёзли кредитлар йиллик 14 фоиз ставкада:
- оилавий тадбиркорлик, даромад топишга қаратилган муайян меҳнат фаолияти билан шуғулланиш ва фаолият турини кенгайтириш истагини билдирган аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига – 3 ойдан 6 ойгача бўлган имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;
- чорвачилик (қорамол, қўй, эчки), балиқчилик ва паррандачилик (тухум йўналиши) учун – 1 йилгача имтиёзли давр билан 3 йилгача муддатга;
- боғдорчилик, узумчилик ва лимончиликни ташкил этиш, иссиқхона, қишлоқ хўжалиги техникаси ва асбоб-ускуналарни харид қилиш учун – 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача муддатга;
- “Ҳунарманд” уюшмаси аъзоларига ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун асбоб-ускуна, эҳтиёт қисмлар ва хомашё материалларини харид қилиш, ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари, “уста-шогирд” мактабларини ташкил этиш, уй-музейлар ва устахоналар қуриш ёки шу мақсадларда бино ва иншоотлар сотиб олиш учун – 3 йилгача муддатга ҳамда айланма маблағларини тўлдириш учун 18 ойгача муддатга ажратилади;
в) кредитлар маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокими ёрдамчисининг (кейинги ўринларда – ҳоким ёрдамчиси) ўзига бириктирилган маҳаллада истиқомат қилаётган (жойлашган) қарз олувчига берадиган тавсияси асосида ажратилади;
г) чорвачиликни ривожлантириш йўналишида кредитлар устувор равишда камида 10 дан 50 бошгача четдан келтирилган наслли чорва молларини (қорамол, қўй, эчки) боқиш учун кичик фермаларни ташкил этишга берилади;
д) “етакчи” тадбиркорлик субъектларига деҳқон хўжаликлари ер майдонлари ва аҳоли томорқаларида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кооперация асосида етиштириш ва етиштирилган маҳсулотларни харид қилиш учун айланма маблағларни тўлдиришга кредитлар ажратилади.
Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси дастурлар доирасида “Агробанк” АТБга ажратилган 2,9 триллион сўм ва “Микрокредитбанк” АТБга ажратилган 1,3 триллион сўм миқдоридаги ресурсларни мазкур банкларнинг устав капиталини оширишга йўналтиради ҳамда ваколатли банкларга дастур координаторларининг тақсимотига мувофиқ 3,65 триллион сўм миқдордаги кредит ресурсларини 3 йиллик имтиёзли давр билан 7 йил муддатга ажратади.
Изоҳ қолдириш