Навоий вилоятида ҳам автомобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Навоий вилоятида ҳам автомобиль ишлаб чиқариш йўлга қўйилади

Навоий вилояти эркин иқтисодий ҳудудда яқин кунларда “Navoiy – motors” Ўзбекистон-Эрон қўшма корхонаси барпо этилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 12 миллион AҚШ долларини ташкил этади. Лойиҳа доирасида Хитой давлатининг “Oshan” бренди остида ишлаб чиқарилаётган автомобилларни эндиликда Навоийда ҳам йиғиш ва ички бозорга чиқариш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

“Дастлаб, ички бозор учун замонавий йўл танламас, пикап, минивен каби кузовли автомобиллар йиғишни йўлга қўямиз. Йилига 30 минг дона автоулов ишлаб чиқариш қувватига эга корхонамизда 200 нафардан ортиқ янги иш ўринлари яратилади. Жорий йил якунига қадар ишга тушириш режалаштирилаётган заводнинг барқарор ишлаши учун солиқ ва божхона имтиёзларининг яратилаётгани айни муддао бўлмоқда”, – дейди корхона бош технологи Aфшин Шакери.

Aйни пайтда мазкур корхонанинг қурилиш ишлари жадаллик билан олиб борилмоқда. Карантин талаблари асосида қурувчи ва муҳандислар туну-кун меҳнат қилмоқда. Мақсад қурилиш ишларини тезда якунлаш. Ҳозир бу ерда цемент, ўлчов, тупроқ ишлари олиб бориляпти. Хуллас, яқин кунларда NEIZ даги корхоналар сони яна биттага кўпаяди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, “Навоий” эркин иқтисодий зонасида бугунги кунда Жанубий Корея Республикаси, Хитой, Ҳиндистон, Бирлашган Aраб Aмирликлари, Сингапур, Италия, Буюк Британия сингари ривожланган ва ривожланаётган давлатлар билан ҳамкорликда 30 га яқин корхоналарда 25 дан ортиқ лойиҳалар фаолияти самарали йўлга қўйилган. Истиқболда эса, ушбу лойиҳаларни 78 тага етказиш режалаштирилган.


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар