Кўчмас мулк бозорининг барқарорлиги-Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоботи

Кўчмас мулк бозорининг барқарорлиги-Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази ҳисоботи

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) ўзининг навбатдаги ҳисоботида Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида юз берган ўзгаришлар таҳлилини тақдим этди.

Кўчмас мулк бозоридаги фаоллик кетма-кет икки ойлик пасайишдан сўнг, апрель ойида барқарор тикланишни кўрсатди. Ой давомида битимлар ҳажми 20%га ошиб, 24 мингтани ташкил этди.

Ҳудудий динамика

Апрель ойида кўчмас мулк бозоридаги ҳудудий динамика барқарор ўсишни кўрсатиб, республиканинг ҳеч қайси ҳудудида битимлар ҳажмида пасайиш қайд этилмади.

Фаолликнинг энг сезиларли ўсиши Наманганда (39%), Самарқанд (29%) ва Бухоро вилоятларида (27%) қайд этилди.

Иккиламчи бозордаги уй-жой нархлари

Апрель ойида Ўзбекистонда иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача нарх ўтган ойга нисбатан 1,3%га ошди.

Йиллик ҳисобда ўсиш 2,4%ни ташкил этди.

Ўсиш суръатлари Жиззах, Сурхондарё ва Хоразм вилоятлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикасида юқори қайд этилган.

Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бозоридаги вазият

Апрель ойида Тошкент шаҳри кўчмас мулк бозори нисбатан барқарорликни кўрсатди. Иккиламчи бозорда уй-жойларнинг ўртача нархи деярли ўзгармаган (0,3% пасайиш).

Йиллик ҳисобда ҳам бирламчи, ҳам иккиламчи кўчмас мулк бозорларида нархларнинг пасайиши кузатилди.

Иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 6,3%га камайган бўлса, бирламчи уй-жой сегментида эса пасайиш 4,2%ни ташкил этди.

Иккиламчи уй-жой нархларининг энг катта пасайиши Чилонзор (10,7%), Мирзо Улуғбек (9,4%) ва Яшнобод (8,2%) туманларида кузатилди.

Бирламчи уй-жой нархларининг энг сезиларли пасайиши Учтепа (15,3%), Шайхонтохур (13,3%) ва Юнусобод (8,8%) туманларида кузатилди.

Уй-жой ижара бозори

Апрель ойида Тошкент шаҳрида ижара нархларининг барқарорлик кузатилди. Ўртача ижара нархи ўтган ойдаги кўрсаткични сақланиб қолди ва бир квадрат метр учун 8,1 долларни ташкил этди.

Пойтахтнинг Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархи нисбатан юқорилигича қолмоқда. Ушбу туманларда ижара нархи бир квадрат метр учун ўртача 10,4 долларни ташкил этади.

Йиллик ҳисобда ўртача ижара нархларининг пасайиши секинлашиб, 3%ни ташкил этди.

Йил давомида ижара нархларининг энг сезиларли пасайиши Учтепа, Юнусобод ва Мирзо-Улуғбек туманларида қайд этилди.

Жалолиддин Усмонов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Жамоатчилик билан алоқалар бўлими

тел: (78) 150 02 02 (417)

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар