ФВВ: Сардобадаги сув оқими Арнасой кўлига йўналтирилди

ФВВ: Сардобадаги сув оқими Арнасой кўлига йўналтирилди

1 май куни соат 05:55да Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба” сув омбори дамбасининг 6 пикет деворида сув чиқиши юзага келган. Натижада Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган эди.

Мазкур вазият оқибатларини бартараф этиш, эвакуация тадбирларини ташкиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида, воқеа жойига Ўзбекистон Республикаси Президенти етиб борган.

Фавқулотда вазиятлар вазирлигининг маълум қилишича, Дўстлик, Пахтакор, Зарбдор ва Мирзачўл туманларида ташкил этилган махсус штаблар томонидан мактаб, коллеж, хусусий корхоналар ва аҳоли хонадонларига фуқароларни жойлаштириш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, Мирзаобод туманидаги “Навбаҳор”, “Ҳақиқат” ва “Баҳористон” МФЙлари аҳоли яшаш пунктларига қисман сув кирган. Аҳоли ушбу тумандаги касб-ҳунар коллежи, Сафарбарлик чақирув резерви бўйича ҳарбий қисм ва касалхонага эвакуация қилинди. Эвакуация тадбирлари Жиззах шаҳрига ҳам ташкиллаштирилди. Хусусан, Оқолтин туманидаги “Аҳиллик”, “Шодлик”, “Саховат”, “Навоий”, “Дўстлик”, “Кўркамдиёр”, “Тошкент”, “Янгиҳаёт”, “Обод” ва “Мустаҳкам” МФЙларининг аҳолиси Жиззах вилояти Гагарин шаҳарчасига вақтинчалик кўчирилди. Унда аҳоли учун 6000 дона ниқоб, 80 дона антисептик восита, 200 жуфт бир марталик қўлқоплар ва бошқа тиббиёт воситалари тарқатилди.

Бундан ташқари, Сардоба шаҳарчасидаги аҳолини ҳам Жиззах вилояти Гагарин аҳоли яшаш пунктига эвакуация қилиш ишлари олиб борилмоқда.

Мирзаобод туманидаги “Беруний”, “Пахтаобод”, “Балиқчи”, “Ҳақиқат”, “Баҳористон”, “Янгиовул” ва “Дўнгариқ” МФЙлари аҳолиси сув тошиш хавфи бўлгани учун Янгиер шаҳрига эвакуация қилинмоқда.

Тошқин оқибатларини бартараф этиш учун сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилган.

Ҳозирда дамбадан сув чиқиши камайган.

Фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш ишлари давом эттирилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар