1 минг 400 га яқин давлат активларини хусусий инвесторларга берилади

1 минг 400 га яқин давлат активларини хусусий инвесторларга берилади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 май куни туризм ва давлат активларини хусусийлаштириш соҳаларидаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди.

Рақобат – иқтисодиётнинг муҳим асосларидан бири. У маҳсулот ва хизматларда сифатни таъминлаб, аҳолига танлов имкониятини яратади. Иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш ва монополияга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чоралардан мақсад ана шу.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳамда унга мувофиқ 2019 йил 14 январда қабул қилинган “Давлат активларини бошқариш, монополияга қарши курашишни тартибга солиш тизимини ва капитал бозорини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида шу борада аниқ вазифалар белгиланган эди.

Бугунги кунда мамлакатимизда 2 минг 965 та давлат иштирокидаги корхона мавжуд. Уларнинг аксарияти эски усулда, самарасиз ишламоқда. Ушбу корхоналарнинг ярмидан кўпи ҳатто дивиденд тўлаш имконига эга эмас.

2019 йил 11 декабрь куни Президент ҳузурида ўтказилган йиғилишда ушбу корхоналарни бозор принциплари асосида ислоҳ қилиш, хусусий инвесторларга сотиш бўйича топшириқлар берилган эди. Шундан келиб чиқиб, республика бўйича ялпи хатлов ўтказилди.

Йил бошидан бери 299 та давлат активлари 348 миллиард сўмга сотилди. Янги инвесторлар ушбу объектларга жами 3,3 триллион сўм инвестиция киритиб, 4 минг 700 нафар янги иш ўринлари яратиш мажбуриятини олган.

Хусусан, собиқ “Чорсу” меҳмонхонаси, “Самарқандкимё” корхонаси, “Ўзбекистон” меҳмонхонасидаги давлат улуши, Қўнғирот сода заводи сотилди. Бу объектларга 425 миллион доллар инвестиция киритилиб, 800 та янги иш ўринлари яратилади.

Тақдимотда давлат активларини хусусийлаштириш, бўш турган объектлар ва ер майдонларини аниқлаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш, давлат иштирокидаги корхоналарда корпоратив бошқарувни жорий этишга доир режалар ҳақида маълумот берилди.

Президент соҳадаги ишларни давом эттириб, яна 1 минг 400 га яқин давлат активларини хусусий инвесторларга беришни тезлаштириш зарурлигини таъкидлади. Вазирлар Маҳкамасига хусусийлаштириш дастурини тасдиқлаш вазифаси қўйилди.

Давлат активларини бошқариш агентлигига тармоқ раҳбарлари билан бирга самарасиз ишлаётган 711 та корхонани тугатиш, 262 та корхонани қайта ташкил этиш, шунингдек, 500 дан зиёд бозорларни хусусийлаштириш бўйича топшириқ берилди. Давлат ихтиёрида сақлаб қолинадиган корхоналарни бошқариш ва ислоҳ қилиш бўйича янги тизим жорий этиш муҳимлиги қайд этилди.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар