Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида 10 февраль куни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури ижросини самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Маълумки, 2021 йил мамлакатимизда “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилинган эди. Шу борада тайёрланган дастур лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, 2 мингдан зиёд таклифлар, фикр-мулоҳазалар олинди, улар асосида қайта ишланиб, янада бойитилди.
Ушбу такомиллашган Давлат дастури Президентнинг жорий йил 3 февралдаги фармонига мувофиқ қабул қилинди. Унда 273 та банд бор. Бу чора-тадбирларни бажариш учун қарийб 30 триллион сўм, 2 миллиард 600 миллион АҚШ доллари ва 57 миллион евродан зиёд маблағ йўналтирилиши кўзда тутилган.
Умумлаштириб айтганда, Давлат дастурининг асосий мақсади – ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, иқтисодиётни ривожлантириш орқали халқ фаровонлигини оширишга қаратилган.
“Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” Давлат дастури тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонини эълон қилган эдик. Давлат дастуридан қандай чора-тадбирлар ўрин олган. Бу ерда танишишингиз мумкин.
Изоҳ қолдириш