2021 йил якунлари бўйича Наманган вилоятида хизматлар кўрсаткичлари

2021 йил якунлари бўйича Наманган вилоятида хизматлар кўрсаткичлари

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари томонидан вилоятнинг 2021 йилдаги хизматлар кўрсаткичлари таҳлил қилинди.

2021 йилда Наманган вилоятида кўрсатилган хизматлар ҳажми 11 786,8 млрд. сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 21,4%га ошган. Вилоятнинг қишлоқ жойларида кўрсатилган хизматлар ҳажми 2 676,7 млрд. сўмни ташкил этиб, 2020 йилга нисбатан 14,6%га ошган.

Вилоятда кўрсатилган хизматларнинг республика хизматларидаги улуши 4,2%ни ташкил қилган.

Вилоятда корхона ва ташкилотлар томонидан кўрсатилган хизматлар ҳажми 5 713,6 млрд. сўмни ташкил этса, якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан 6 073,2 млрд. сўмлик хизмат кўрсатилган.

Вилоят хизматлари таркибида савдо хизматларининг улуши- 32,54%, транспорт хизматлари улуши – 19,00%, молия хизматлари улуши – 16,01%ни ташкил қилган.

Қишлоқ жойларида кўрсатилган хизматларнинг юқори улуши савдо хизматлари(34,72%), молия хизматлари (20,75%) ва транспорт хизматлари (17,9%)да қайд этилган. Шунингдек, қишлоқ жойларида кўрсатилган жами хизматларда ахборот ва алоқа соҳасидаги хизматлар (0,14%), меъморчилик, муҳандислик изланишлари, техник синовлар ва таҳлил соҳасидаги хизматлар(0,39%), кўчмас мулк билан боғлиқ хизматлар (0,76%)нинг улуши паст эканлиги кузатилган.

Вилоятда кўрсатилган хизматлар таркибида 2020 йилга нисбатан ўтган йили соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматлар 38,2%, таълим соҳасидаги хизматлар 32,6%, компьютерлар, шахсий фойдаланиш буюмлари ва маиший товарларни таъмирлаш бўйича хизматлар 32,1%га ортган.

Вилоятнинг туманлар кесимида 2021 йилда кўрсатилган хизматлар ҳажми 2020 йилга нисбатан сезиларли ошган.

Вилоят хизматларида Наманган шаҳри (вилоят хизматларидаги улуши 40,25%) ва Поп (6,63%) туманининг улуши юқори бўлган бўлса, Норин (4,54%) ва Мингбулоқ(4,08%) туманларининг улуши паст бўлган.

Жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми вилоят бўйича 4 065.4 минг сўмни ташкил қилган ҳолда, 2020 йилга нисбатан 18,9%га ошган.

Наманган шаҳрида жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми вилоят кўрсаткичига нисбатан 1.78 баравар юқори.

Вилоятда жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажмига нисбатан Косонсой (70,13%), Чуст (66,72%), Янгиқўрғон (61,76%) туманлари кўрсаткичи вилоят кўрсаткичига нисбатан паст.

Туман (шаҳар)ларда жон бошига тўғри келадиган хизматлар ҳажми

Жон бошига тўғри келувчи хизматлар ҳажми бўйича 2020 йилга нисбатан Норин (20,2%), Поп (20,0%) Тўрақўрғон(19,6%) ва Мингбулоқ(19,5%) туманларида Наманган шаҳри (19,5%)да юқори ўсиш кўрсаткичлари таъминланган.

Шоирахон Нурдинова

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Наманган филиали

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар