16 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 2024 йилда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ривожланишни таъминлаш бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши худди шу масалага бағишланди. Давлатимиз раҳбари ушбу йиғилишда 2024 йилда мамлакат иқтисодиётини 100 млрд долларга (2016 йилда 67 млрд. доллардан ортиқ) етказиш учун тан нархни қисқартириш, харидлар ва логистикани мақбуллаштириш, энергия ресурсларини тежаш, рақамлаштириш йўли билан харажатларни камайтиришгача бўлган жиҳатларни кўрсатиб ўтди.
Шунингдек, Президентимиз молиявий интизом масаласига эътибор қаратиб, солиқ тизимига оид янги йўналишларни белгилаб берди. Бюджет тушуми учун яна катта захиралар бу хусусийлаштириш ва ерларни аукцион орқали сотиш эканлиги кўрсатиб ўтилди ва мутасаддиларга жорий йилда 20 трлн сўм тушумни таъминлайдиган янги хусусийлаштириш дастурини тайёрлаш вазифаси топширилди.
Макроиқтисодиёт мамлакатнинг иқтисодий ҳолати ва ривожланишини ифодаловчи умумлашган кўрсаткичлар тизими. Жамиятнинг ҳар қандай ислоҳоти иқтисодиётга таянади. Шундай экан, унинг барқарорлиги ва ривожланиши кун тартибидаги энг асосий масала.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директори Обид Хакимов “Ўзбекистон 24” телеканалининг “Таҳлилнома” кўрсатувига ушбу видеоселектор йиғилишида ўртага ташланган муҳим вазифалар ҳамда уларнинг ижросини амалга ошириш чора-тадбирлари хусусида гапириб берди.
– Бу йил мамлакатимиз иқтисодиёти 100 млрд долларга етиши кутилмоқда. Бу катта марра бўлиб, асосан ишлаб чиқариш, энергия самарадорлигини ошириш орқали эришиш кўзда тутиляпти. Президентимиз томонидан битта нарса айтиб ўтилдики, “...бундан кейин биз ривожланишда илмни асосий ролга қўйишимиз лозим. Илмий тадқиқотлар, илмий изланишлари ва иқтисодиёт, сиёсат борасида қилинаётган ҳар битта қадам илмга ва илмий изланмаларга асосланган бўлиши керак”, дедилар.
Иқтисодиётни ривожлантириш борасида қарайдиган бўлсак, бу интенсив, икстинсив усуллар бор. Масалан, капитал ёки ишчи кучини кўпайтириш орқали ҳам иқтисодий ўсишга эришса бўлади. Лекин биз бу йўлдан бормасдан, самарадорлик орқали иқтисодий ўсишни келажакда узоқ муддатли давом этишини таъминлашимиз лозим. Иқтисодиётимиз катта ресурсларни сотиш эвазига шаклланаётгани йўқ. Юқори қўшилган қийматли саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш орқали бу марраларга эришишимиз учун мана шу мақсадлар айтиб ўтилди, деди Обид Хакимов.
Жорий йилда иқтисодий самарадорликни ошириш бўйича улкан марралар белгиланган экан, тадқиқот марказлари олдига ҳам аниқ вазифалар қўйилди. Масалан, энди ақл марказлари ҳар ойда камида иккитадан тармоқни таҳлил қилиб, таннархни камайтириш, қўшилган қиймат ҳамда меҳнат унимдорлигини ошириш янги имкониятларни ишга солиш мумкинлигини кўрсатиб беради.
– Биргина соҳа ҳисобида оладиган бўлсак, электротехника соҳасида муайян маҳсулотлар ишлаб чиқиляпти. Текстиль, енгил саноат соҳаларининг самарадорлигини, меҳнат унумдорлигини чуқур таҳлил қилишимиз керак. Бундан янги резервларни топишимиз шарт. Бу соҳаларни чуқур тадқиқотлар асосида таҳлил қилиб, буларни самарадорлигини янада оширмас эканмиз, дунёда бораётган кескин рақобатга дош бера олмаслиги мумкин. Шу сабабли бу соҳаларни 2024 йил давомида чуқур таҳлил қилиб, қандай қилиб буларни рақобатбардошлигини ошириш, маҳсулотларини кейинги босқичларга олиб чиқиш борасидаги тадқиқотлар қилишимиз лозим. Бундан ташқари ҳозир маҳсулотларимизнинг бозорлари чекланган, биз бу бозорларни диверсификация қилишимиз, янги бозорлар учун янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришимиз, янги маҳсулотлар билан янги бозорларга кириб боришимиз керак. Мана шундай соҳаларимиз учун муҳим бўлган тадқиқотлар жуда муҳим, дейди Марказ директори.
Тан нархни тушириш ва қўшилган қийматни ошириш бўйича ҳам масъуллар олдига аниқ рақамлар қўйилган. Мисол учун 2024 йилда қўшилган қийматни 45%дан ошириш, таннархни 15%га камайтириш, саноатда 7%га ўсишни таъминлаш бўйича корхонабай чора-тадбирлар тасдиқланиб, амалга оширилади. Бунинг учун аниқ механизмлар ишлаб чиқилади.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Жамоатчилик билан алоқалар бўлими
Изоҳ қолдириш