
Жорий йилнинг январь ойида ИФИ компонентлари даражасидаги қуйидаги ўзгаришлар кузатилди:
- хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисоб-варақларидаги операциялар сони бўйича компонент 21,5 фоизга камайган;
- товар-хом ашё биржасида хом-ашё сотиб олиш жадаллиги 13,3 фоизга камайган;
- фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 1,4 фоизга ортган;
- товар белгилари бўйича компонент 12,1 фоизга камайган.
2026 йил январь ойида ИФИ 7 та ҳудудда ўтган ойга нисбатан ўсиши кузатилган.
Жумладан, Хоразм (10,7 %), Тошкент шаҳри (8,1 %), Андижон (7,4 %) ва Жиззах вилоятида (7,0 %) сезиларли даражада ўсиш кузатилган.
Шунингдек, Бухоро (13,6 %), Самарқанд (13,3 %), Сурхондарё (11,6 %) ва Қашқадарё (11,5 %) вилоятларида сезиларли даражада камайган.

Ҳисобот даврида банклараро тўлов операциялари сони 5539,7 минг тани ташкил этиб, 2025 йилнинг декабрь ойига нисбатан 1 513,4 минг транзаксияга (21,5%) камайган.
Банклараро тўлов операциялари сони барча ҳудудда камайган. Хусусан, Қашқадарё (41,6 %), Сурхондарё (39 %), Самарқанд (38 %) ва Бухоро (37,4 %) вилоятларида юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан сезиларли камайган.
Жорий йилнинг январь ойида ИФИнинг биржа компоненти 0,8670бирликни ташкил этган (ўтган ойга нисбатан 13,3 фоизга камайган). Бунда, ҳар бир битим бўйича сотиб олинган товарларнинг ўртача ҳажми 2,1 фоизга ва тузилган битимлар сони 24,5 фоизга камайганлиги кузатилди.
Республика товар-хом ашё биржасида товарлар савдосининг умумий айланмаси ҳажми 2026 йил январь ойида 5 912 млрд. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 26,7 фоизга камайган.
Ҳисобот даврида фаолият юритаётган хўжалик субъектлари компоненти 1,0135 бирликни ташкил этиб, олдинги ойга нисбатан 1,4фоизга ортган. Бунда:
- барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони олдинги ойга нисбатан 8 166 бирликка ортиб, 504,4 мингтани ташкил этган;
- йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони эса 27 тага ошиб, 4 110 тани ташкил этган;
- кичик корхоналар сони 7,3 мингтага ортиб, 411,1 мингтага етган. Шунингдек, фермер хўжаликлари сони 832 тага ортиб, 89,2 мингтани ташкил этган.
2026 йилнинг январь ойида савдо белгилари бўйича компонент 0,8792 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 12,1фоизга камайган. Мазкур даврда юридик шахслар томонидан 393 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.
Исломбек Сапарматов, CERR
Изоҳ қолдириш