9 ой учун тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби дефицити 5,3 млрд долларни ташкил қилди - Марказий банк

9 ой учун тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби дефицити 5,3 млрд долларни ташкил қилди - Марказий банк

Марказий банк томонидан 2021 йилнинг 9 ойи якунлари бўйича тўлов баланси жорий операциялари ҳисобининг дастлабки кўрсаткичлари тайёрланди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, тўлов балансининг жорий операциялар ҳисоби дефицити 5,3 млрд. долларни ташкил этди.

Бунда, савдо баланси (товарлар ва хизматлар) манфий сальдоси (10,1 млрд. доллар), бирламчи ва иккиламчи даромадларнинг ижобий сальдоси (4,8 млрд. доллар) ҳисобига қисман қопланди.

Товарлар ва хизматлар экспорти

Жорий йилнинг 9 ойи якунлари бўйича жами товарлар экспорти 8,1 млрд. долларни ташкил этди. Бунда, экспорт (номонетар олтин ҳисобга олинмаган ҳолда) ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 36 фоизга ёки 1,8 млрд. долларга ошиб 6,7 млрд. долларни ташкил этди. Товарлар экспортининг асосий қисмини “текстиль ва текстиль маҳсулотлари” – 2,3 млрд. доллар (ўтган йилнинг мос даврида 1,5 млрд. доллар), “қимматбаҳо металлар ва тошлар” – 1,7 млрд. доллар (ўтган йилнинг мос даврида 5,9 млрд. доллар), “қимматбаҳо бўлмаган металлар ва улардан буюмлар” – 1,2 млрд. доллар (ўтган йилнинг мос даврида 773,8 млн. доллар) товар гуруҳлари ташкил этди.

Хизматлар экспорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 25 фоизга ёки 322 млн. долларга ошиб 1,6 млрд. долларни ташкил этди. Бунда дунёда пандемия билан боғлиқ чекловлар жорий йилда аста секинлик билан юмшатилиши хизматларнинг савдо айланмаси кўпайишига сабаб бўлмоқда.

Товарлар ва хизматлар импорти

Товарлар импорти 16,5 млрд. долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 21 фоиз ёки 2,9 млрд. долларга ошди. Товарлар импортининг асосий қисмини “машиналар, ускуналар, механизмлар” – 4,7 млрд. доллар (ўтган йилнинг мос даврида 4,4 млрд. доллар), “қимматбаҳо бўлмаган металлар ва улардан буюмлар” – 2,3 млрд. доллар (ўтган йилнинг мос даврида 1,8 млрд. доллар), “кимё саноати маҳсулотлари” – 2,1 млрд. доллар (ўтган йилнинг мос даврида 1,7 млрд. доллар) ва “ер усти, ҳаво ва сув транспорти воситалари” – 2,1 млрд. доллар (ўтган йилнинг мос даврида 1,6 млрд. доллар) товар гуруҳлари ташкил этди.

Хизматлар импорти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 31 фоиз ёки 794 млн. долларга ошиб 3,3 млрд. долларни ташкил этди. Бунда, хизматлар импорти тузилмасида 2020 йилнинг 9 ойлигига нисбатан транспорт хизматлари 435 млн. долларга ўсиб, “сафарлар” компонентида ҳам 276 млн. долларга ўсиш кузатилди.

Бирламчи ва иккиламчи даромадлар

Бирламчи даромадларнинг сальдоси 218 млн. доллар миқдорида ижобий бўлиб шаклланди. Бунда, пандемия билан боғлиқ чекловлар юмшатилиши қисқа муддатли ишчиларнинг сони кўпайишига олиб келган бўлса, харажатлар қисмида эса жалб қилинган қарзларга ҳисобланган фоизлар ва тўғридан-тўғри инвесторлар даромадлари ўтган йилга нисбатан ўсиши кузатилмоқда.

Иккиламчи даромадларнинг ижобий салъдоси 4,6 млрд. долларни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 26 фоиз ёки 949 млн. долларга ўсиши кузатилди.

Ўзбекистоннинг 2021 йилнинг 9 ойи якунлари учун тўлов баланси, халқаро инвестицион позицияси ва ташқи қарзи кўрсаткичларининг ҳисоботи фойдаланувчиларга 2021 йилнинг декабрь ойида тақдим қилинади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар