АҚШ банклари томонидан 13 ҳолатда Ўзбекистондаги компанияларнинг тўловлари музлатиб қўйилди ёки мусодара қилинди. Бу ҳақда 21 июль куни ўтказилган матбуот анжуманида Марказий банк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Ботир Захидов маълум қилди.
«Ушбу ҳолатнинг барчасини ўз сабаби бор. 3−4 та ҳолатда тўловлар санкция эълон қилинган кунда ўтказилган. 4−5 та ҳолатда қабул қилувчи томон санкция остида бўлмаган, бироқ, қабул қилувчиларнинг бенефициарлари санкцияга тушган одамлар билан боғлиқ бўлган. Хорижий банклар шуни аниқлашди ва [тўловларни] музлатиб қўйишди», деди Ботир Захидов.
Унинг сўзларига кўра, яна 3−4 та ҳолатда маҳаллий компаниялар хавф-хатарлар ҳақида огоҳлантирилган, лекин шунга қарамай тўловларни амалга оширган ва якунда улар музлатиб қўйилган. Ботир Захидов хорижий банклар ушбу йўналишларни кучайтирилган режимда мониторинг қилиб турганини қайд этди.
«Бу ҳамма давлатда бор. 13−20 та ҳолат юз минглаб транзакциялар орасида — ҳеч нима эмас. Бу табиий», деди МБ расининг биринчи ўринбосари.
Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуратовнинг таъкидлашича, Америка банклари билан алоқага чиқилгач, маблағнинг маълум қисми қайтарилган. Унинг баҳолашича, бугунги кунга келиб, «138 минг доллар маблағнинг масаласи ҳал этилмасдан қолмоқда».
Изоҳ қолдириш