Андижонда жорий йил 32 мингдан ортиқ ёшлар иш билан таъминланди

Андижонда жорий йил 32 мингдан ортиқ ёшлар иш билан таъминланди

Ҳар қандай жамият учун пандемиянинг ўзидан ҳам кўра оқибатлари хавфлироқдир. Бу, аввало, ишсиз қатлам муаммоларини ҳал қилиш билан боғлиқ. Шу боис Андижон вилоятида ҳам Президент Халқ қабулхоналари, секторлар раҳбарлари ва Ёшлар агентлиги ҳамкорлигида, биринчи навбатда, ёшларни доимий иш билан таъминлашга асосий эътибор қаратилмоқда. Жорий йил аввалида вилоятда 43 минг 221 нафар ёшлар бандлигини таъминлаш режа қилинган эди. Ҳозирга қадар уларнинг 32 минг 268 таси (74,7%) ўз иш жойига эга бўлди.

Жумладан, 2 725 нафари тикувчилик ва енгил саноат, 1 173 нафари қурилиш, 11 532 нафари қишлоқ хўжалиги соҳаларида иш билан таъминланди. Ёшларнинг 4 205 нафари давлат корхоналарида, 5 858 нафари хусусий секторда, 4 744 нафари бошқа йўналишларда ўз ишини топди.

Бундан ташқари, эртамиз давомчиларининг 2 254 нафарига 101 млрд. 153 млн. сўм кредит ажратилиб, 3 980 та янги иш ўрни яратилишига эришилди.

Жорий йилнинг ўтган даврида вилоятдаги 4 минг 877 нафар ишсиз ёшларга деҳқончилик қилиши учун 91 та массивдан 658,5 гектар ер ажратиб берилди. Бу ер майдонларининг 344,8 гектари боғ қаторлари орасидан, 313,7 гектари эса адирлик ҳудудларидан берилган.

Марҳамат туманида ҳам бу йил ишсиз 170 нафар ёшларга 20 сотихдан ер берилди. Тўхтасин Мирзаев массивида кооператив ташкил қилиниб, 57 нафар ёшга боғдорчилик қилиши учун 11.4 гектар ер тақсимланди. Ёшлар яхши ниятлар билан бодом, ёнғоқ, гилос, олма, шафтоли, нок кўчатлари экишди. Кўчатлари остида эса қовун, тарвуз, ошқовоқ, помидор, картошка, булғор қалампири, бақлажон, ловия, мош, ерёнғоқ уруғлари қадалди. Дастлабки ҳосил – тарвуздан яхшигина ҳосил олинди.

Ҳар бир ёш 20 сотих майдондан 5 тоннадан зиёд ҳосил кўтармоқда. Даромадни эса ўзингиз ҳисоблаб олаверинг. Ҳарҳолда бу маблағ 20 миллион сўмдан кам эмас. Бу ёқда иккинчи ҳосил – помидор, булғор қалампири ва дуккакли экинлар ҳам етилиб қолган.

Қўрғонтепа тумани Мустақиллик маҳалласида яшовчи Табассум Одилшодонова анчадан бери ишсиз бўлган. Бу қиз айни пандемия пайтида қийналиб қолди. Ўзи тиришқоқ ва ҳаракатчан бу қизга 20 сотих ер ажратиб берилгач, у аввал ловия ва бошқа дуккакли экинлар экди. Биринчи ҳосилдан ўртача 5 миллион сўм фойда олишни мўлжаллаб турибди. Кейин эса яна дуккакли экинларини экади.

Қўрғонтепа туманида бу йил 30 нафар ёшларга худди шундай ер майдонлари ажратиб берилган. Фермер хўжалиги раҳбари Шерзод Мирзаев тенгдошларини ёнига олиб, 20 сотихдан ажратилган майдонда деҳқончилик қилмоқад. Дастлабки ҳосил ёмон бўлмади. Бодринг сотишгач, қўллари пул кўрди. Саримсоқнинг-ку бозори анча чаққон. Тарвузнинг ҳам харидори кўп. Буёқда пиёз ҳам етилиб қолай деди. Қўйингки 30 оила ер билан тиллашиб, даромадга кирди.

Пахтаобод туманида ҳам жорий йил бошида 2858 нафар ишсиз йигит-қизлар муаммолари аниқланган эди. Мана олис қишлоқларда ҳам ёшларга ер ажратилгач, қисқа вақтда 1700 нафар ёшлар бандлиги таъминланди.

Ишлаб чиқилган “Йўл харитаси”га асосан туманда ишлаб чиқариш корхоналари, хизмат кўрсатиш шохобчаларида янги иш ўринлари ташкил қилинмоқда. Дейлик, мана бу автомобилларга техник хизмат кўрсатиш маскани яқинда иш бошлади. Бу ерда 10 нафар ёшнинг бандлиги таъминланди.

2020 ўқув йилида Андижон вилоятида умумтаълим мактабларини тамомлаётган 40 298 нафар 11-синф битирувчилари бандлигини таъминлаш ҳам галдаги вазифа бўлиб турибди. Бугунги кунда 23 654 нафар ёшларга устоз-шогирд тамойили асосида ҳунар ўрганилмоқда. Вилоят ёшлари ўртасида ўтказилган сўровномада 13740 нафар ёшлар тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган эди. Ҳозирча улардан 4604 нафарига 40,9 млрд. сўм кредит ажратиладиган бўлди.

Бир сўз билан айтганда, Андижон вилоятида ёшлар бандлигини таъминлаш масаласидаги ишлар изчил олиб борилмоқда. Ҳар бир янги иш ўрнига, барқарор даромад манбаига эса фақат ва фақат аниқ-пухта режа, ишнинг кўзини билиш ва албатта машаққатли меҳнат билан эришилмоқда.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар

Сўнгги янгиликлар