Мамлакатимизда илк бор “маҳаллабай” тизими, унинг ортидан барча маҳаллаларда “ҳоким ёрдамчиси” лавозими жорий этилди. Сиз учун бу лавозимнинг мазмун-моҳияти нимада, уни қандай тушунасиз?
– Ушбу лавозим муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан 2021 йилнинг октябрь ойида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида аҳолининг тадбиркор ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш, уларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш, маҳаллабай ишлаш орқали камбағалликни қисқартириш, маҳалладаги ижтимоий-иқтисодий аҳволни хонадонбай ўрганиш мақсадларида таъсис этилган эди. Аҳоли муаммоларини “хонадонбай” ўрганиб, уларни қуйи бўғинда бевосита ҳал этиш маҳаллаларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш – ҳоким ёрдамчиларининг асосий вазифаси саналади.
– Ўзингиз ва ушбу лавозимга қандай келганингиз ҳақида батафсилроқ сўзлаб беринг. Ҳоким ёрдамчиси бўлган маҳаллангиздаги ишлар билан аввал қанчалар таниш эдингиз? Илгариги қандай иш тажрибангиз ҳоким ёрдамчиларига юклатилган вазифаларни ҳал қилишга имкон бермоқда?
– 2019 йили Андижон шаҳар ҳокими ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси лавозимида ишлай бошладим , 2020 йилдан ҳокимнинг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, яъни маҳалла бўйича ўринбосари сифатида фаолият олиб бордим. Фаолиятимнинг асосий негизи маҳалла тизимини яхшилаш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, хотин-қизларимизни ҳаётдан рози қилиш, оилавий аҳволини яхшилашда бевосита иштирокчи сифатида хизмат қилиш бўлди. 2021 йили ҳоким ўринбосари сифатида видеоселектор йиғилишида қатнашиб, биринчилардан бўлиб маҳаллада ҳоким ёрдамчиси сифатида ишлашга тайёр эканлигимни билдирдим. 2022 йил январь ойидан бошлаб Андижон шаҳри Боғишамол МФЙда ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишлаб келмоқдаман. Ушбу лавозимга қадар ҳокимият структурасида – айни маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш йўналишида ишлаганим, шунингдек, пандемиянинг энг қийин даврларида аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида таъсис этилган “Темир дафтар”, кейинчалик “Аёллар дафтари” юритиш ва уларни молиявий ва маънавий қўллаб-қувватлашда, уларнинг муаммоларини индивидуал тарзда аниқлаш, ёрдам кўрсатиш, кейинчалик даромадли қилиш ва дафтарлардан қандай тарзда чиқариш йўналиши бўйича ишлаганим кейинги фаолиятимда жудаям қўл келди. Бундан ташқари, ҳоким ўринбосари сифатида 4 йил давомида фаолият олиб борганим маҳалламдаги муаммоларнинг 70-80 фоизини ечишимга амалий ёрдам берди десам, адашмаган бўламан.
– Маҳаллангиз ҳақида батафсил маълумот беринг. У қаерда жойлашган, қишлоқда ёки шаҳардами, катталиги қандай, маҳалла аҳлининг ишлаши учун қандай йирик корхоналар мавжуд, маҳалла аҳолиси, асосан, қайси фаолият турлари билан шуғулланади? Маҳаллада қандай ижтимоий инфраструктура объектлари бор (мактаб, боғча, тиббий пункт ва ҳ.к.)?
– Мен фаолият олиб бораётган маҳалла Андижон шаҳри туманлари билан чегарадош маҳалла бўлиб, унинг асосий қисми адирликлардан иборат, у 996 гектар ер майдонига эга бўлиб, аҳоли яшаш майдони 45 гектарни ташкил қилади. Ижтимоий жиҳатдан оғир маҳалла сифатида рўйхатда турган. Маҳалладаги хотин-қизларимиз ишлаши учун 3 та саноат ишлаб-чиқариш корхоналари, 1 та ойна ишлаб чиқариш корхонаси, 10 та кичик бизнес субъектлари ва 13 та хизмат кўрсатиш объектлари, 14 та озиқ-овқат савдо дўконлари мавдуд. Бундан ташқари, “Боғи Бобур” дам олиш маскани ҳам менинг ҳудудимда жойлашганлиги сабабли 15 та умумий овқатланиш шохобчалари ва 20 та дам олиш масканлари мавжуд. Ҳудудимда ижтимоий инфратузилма объектларидан 9-умумтаълим мактаби ва 3 та оилавий мактабгача таълим муассасалари фаолият олиб боради.
– Ҳудудда аҳолининг қайси ижтимоий гуруҳлари кўпчиликни ташкил қилади, қанча камбағал ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қўллаб-қувватлашга муҳтож?
– Маҳаллада жами хонадонлар сони ҳозирги кунда 946 та бўлиб, аҳоли сони 5 096 нафарни ташкил этади, оилалар сони эса 1 126 та. Булардан 1-тоифа – 65 та; 2-тоифа – 358 та; 3-тоифа – 523 та. Ижтимоий гуруҳларга кирилган фуқаролар сони 66 нафарга етиб, ҳозирги кунда 23 нафар ишсизлар аниқланган. Кўмакка муҳтожлар тоифасига киритилган фуқароларга манзилли ёрдам кўрсатиш мақсадида аниқ чора-тадбирлар режаси тузилди. Ҳозирда уни амалга ошириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
“Хонадонбай” хатлов орқали ҳудуддаги оилаларнинг ижтимоий аҳволи, томорқасидан фойдаланиш даражаси, тадбиркорлик билан шуғулланишга иштиёқини аниқлаш бўйича ўрганишлар ўтказилди. Натижада биринчи тоифа 2022 йил февраль ойида аниқланганлиги бўйича 102 та, иккинчи тоифага кирувчилар 221 та ва учинчи тоифага кирувчи 423 та хонадонлар ташкил қилинган, уларнинг даромадини ошириш бўйича манзилли “йўл харитаси” ишлаб чиқилди ва биринчи тоифага кирувчи оилалар учун ҳар бирига алоҳида папкалар юритиб, уларнинг ойлик даромадини ошириш учун ўз олдимга вазифалар қўйдим. Маҳалламда, асосан, тикувчилик, хизмат кўрсатиш, кўрпа-тўшак тикиш, косибчилик ва касаначилик фаолияти билан шуғулланилади. Хонадондаги меҳнатга лаёқатли фуқароларни касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларига ўқитиш, шундан сўнг уларга даромад топишлари учун асбоб-ускуна ажратиш мақсад қилиб қўйилди. Маҳаллада дастлаб 70 нафар фуқаронинг ишсиз экани аниқланди. Шунингдек, ҳудуддаги инфратузилма ҳолати ҳам ўрганилди ва бу йўналишларда қилиниши зарур бўлган ишлар белгилаб олинди. 68 нафар “Аёллар дафтари” ва” Ёшлар дафтари”га кирган фуқароларга субсидия асосида тикув машиналар олиб берилиб, ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида рўйхатдан ўтказилди.
– Ўтказилган тадқиқ ва ўрганишлар натижасида маҳалла аҳолиси орасида камбағалликнинг қандай асосий сабаблари аниқланди? Уларни бартараф этиш ва мавжуд муаммоларни ҳал қилиш учун қайси ёндашувларни ишлаб чиқдингиз?
– Ҳудудда ўтказилган хатлов ва тадқиқ натижаларидан келиб чиққан ҳолда, маҳалладаги ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларни хонадоннинг ўзида бандлигини таъминлаш зарурлиги ва уларни тадбиркорлик кўникмаларини устоз-шогирд тамойили асосида йўлга қўйишим кераклигини англадим. Бунда маҳалламдаги 68 нафар хотин-қизлар ва ёшлар “Аёллар ва Ёшлар дафтари”га киритилиб, хонадонига жами 502 млн сўмлик субсидия асосида асбоб-ускуналар, яъни тикув машиналари, компьютер жамланмаси, печлар, мотокультиватор жиҳозлари олиб берилди. Ҳудудимда яратилган иш ўрни кўп бўлгани билан, бериладиган иш ҳақлари фуқароларни унчалик қониқтирмайди. Фуқароларнинг деярли барчаси ўзига тўқ хонадонларда истиқомат қилади ва кўпчилиги, асосан, тадбиркорлик ва ҳунармандчилик ҳамда давлат ташкилотида ишлайди. Бугунги кунда ушбу фуқароларимиз ўзини ўзи банд қилиш асосида фаолият юритмоқда.
– Маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш бўйича қандай ишлар амалга оширилди? 2023 йилда бу борада қандай натижаларга эришилди?
– Маҳалладаги ишсиз фуқароларни иш билан банд қилишда бир қатор ишлар олиб борилди. Жумладан, ўзини ўзи банд қилиш орқали хотин-қизларнинг 13 нафарига субсидия асосида, ҳомийлик асосида 43 нафарига тўғри чок ва оверлок (56 та тўғри чок, 56 та “оверлок”) машиналари, жами 112 та тикув машиналари олиб берилди, ҳомийлик асосида 5 нафарига компьютер, 3 нафарига мотокультиватор, субсидия асосида 2 нафарига духовка, умумий 68 нафарига ҳунармандчилик жиҳозлари олиб берилди. Яна 4 нафар фуқарога ҳомийлик асосида иссиқхоналар қуриб берилди. “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури орқали 41 нафар фуқарога 1 млрд 58 млн сўм кредит берилиб, янги иш ўрни яратилди ва 200 га яқин фуқаролар иш билан таъминланди. 10 га яқин янги лойиҳалар ишлаб чиқилди. 168 нафар фуқарога касб-ҳунарга ўқитиш учун йўлланма берилди ва Мономарказда ўқитилиб, барчалари иш билан таъминланди. Маҳаллада норасмий секторда банд бўлганларнинг 400 га яқини рўйхатдан ўтказилиб, ўзини ўзи банд килди. Тадбиркорликни ривожлантириш бўйича 4 та янги лойиҳа ташкил қилинди ва 200 та янги иш ўрни яратилди. Ҳудуддаги қизил тоифага кирган ёшларнинг 11 нафари Бандлик дастури орқали, 2 нафари доимий ишга жойлаштирилиб, яна 2 нафарига кредит берилди, 7 нафарига эса субсидия асосида асбоб-ускуналар олиб берилди.
– Маҳалланинг барқарор ривожланишида транспорт, энергетика, коммунал, ижтимоий ва бошқа инфратузилмаларнинг мавжудлиги ва ҳолати муҳим аҳамиятга эга. Бу борада қандай ишлар олиб боряпсиз?
– Боғишамол маҳалласи инфратузилмасини яхшилаш борасида ҳам бир қатор ишлар қилинди. 40 йилдан буён тоза ичимлик суви билан таъминланмаган аҳолининг ҳаётини яхшилаш мақсадида 2 млрд 600 млн сўм пул ажратилиб, янги 6,5 км сув тармоғи тортилди. Натижада 400 га яқин хонадонлар ичимлик суви билан таъминланди. 150 та ёритиш чироқлари, 5 та трансформатор, 110 та бетон сим ёғочлари ўрнатилди. Бундан ташқари, “OPEN BYUDJET” асосида мактаб ҳудудида мини-стадион қурилди, туризмни ривожлантириш бўйича 8 та янги дам олиш масканлари яратилди.
– Бугунги кунда мамлакатимизда коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши аёвсиз кураш олиб борилмоқда. Сиз ўз фаолиятингизда коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик учун нима ишлар қилмоқдасиз?
– Коррупцияга қарши курашиш Ўзбекистон давлат сиёсатининг энг устувор йўналишига айланиб улгурди. Буни сўнгги йилларда сохага оид қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, коррупцияни олдини олишга қаратилган маъмурий ислоҳотлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Давлат раҳбарининг жамиятни “ҳалоллик вакцинаси билан эмлаш” зарурияти ҳакидаги фикрлари бу борадаги ишларга қўйилган тамал тоши десак, асло муболаға бўлмайди. Коррупция ҳолатларини олдини олиш ва уларни бартараф этишнинг энг муҳим жиҳатларидан бири – давлат бошқаруви тизимида “инсон омили”ни камайтириш учун давлат ва жамият бошқарувига ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш йўлга қўйилди. Бунинг тасдиғи сифатида маъмурий тўсиқлар бартараф этилиб, фуқаролар ҳар бир йўналишдаги муаммолари билан электрон тарзда мурожаат қилишлари ва уларга очиқлик ва ошкоралик билан жавоб олишлари учун хизмат қилмоқда. Масалан, мени йўналишимда коррупцион ҳолатларни олдини олиш мақсадида “Ҳар бир оила – тадбиркор” доирасида кредит олиш учун “Оила кредит уз” порталига ариза билан мурожаат қилинади ва ушбу ариза менинг платформам орқари тасдиқланади, банкнинг платформасига боргандан сўнг ушбу мурожаат тасдиқланиб, фуқарога кредит ажратилиши лозим бўлади. Бу ерда кўриниб турибдики, инсон омили қатнашмаслиги туфайли коррупцион ҳолатларга ҳам анчагина барҳам берилмоқда. Бир давлат хизматчиси сифатида менга давлатимиз томонидан берилаётган иш ҳақи, оиламдаги тўкинчилик ортиқча коррупцияга ҳожат қолдирмайди ва мен бундай ишлардан нафратланаман. Бундан ташқари, маҳаллада бажарилган ишлар, сарфланган маблағлар юзасидан депутатлар, маҳалла аҳолиси олдида доимий равишда ҳисобот бериб борилади. Бу ҳам коррупция ҳолатларининг юзага келмаслигига катта ёрдам беради.
– 2024 йилда маҳаллани янада ривожлантириш бўйича қандай режаларингиз бор?
– Режаларимиз кўп! Биринчидан, маҳалла бўйича 1-тоифага (даромади камбағаллик чегарасидан кам бўлган оилалар) киритилган 15 та оилаларни камбағалликдан чиқариш бўйича тузилган “Индивидуал дастур”лар ижросини таъминлашни кўзлаганман. Шунингдек, хизмат кўрсатиш ва ишлаб чиқариш соҳасидаги тадбиркорлик билан шуғулланиш истагидаги 10 та ташаббускорлар лойиҳаларини амалга оширишда зарурий молиявий маблағлар жалб этиш ҳам мақсад қилинган. Инфратузилма билан боғлиқ мавжуд масалаларни ҳал этиш орқали 200 та янги иш ўринлари яратиш, ишсизларни иш билан таъминлаш ҳам режалаштирилган. Ҳоким ёрдамчиси Давлат раҳбарининг жойлардаги ишончли вакили бўлиб, унинг вазифаси мамлакат иқтисодиётини ривожлантиришда энг қуйи иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишда бевосита иштирокчи бўлиб хизмат қилишдир.
— “Маҳаллабай” иш тизими самарадорлигини ошириш бўйича қандай таклифларингиз бор?
– Маҳалларни қўллаб-қувватлашни янада такомиллаштириш, маҳалла институтининг жамиятдаги ролини тубдан ошириш ва унинг аҳоли муаммоларини ҳал этишда биринчи бўғини сифатида ишлашини таъминлаш тўғрисида Президентимиз томонидан ишлаб чиқилган фармони айни муддао бўлди, десам адашмаган бўламан. Ушбу фармонда “Маҳалла еттилиги” фаолиятини қўллаб-қувватлаш, маҳалланинг халқ билан давлат ўртасидаги “кўприк” вазифасини амалга оширувчи мустақил ва халқчил тузилмага айланишига кўмаклашиш, энг аввало, ҳар бир оила ўзи ва оиласининг келажаги, молиявий аҳволи ва фаровонлигини таъминлашда масъулият сезиши, боқимандаликка ўрганмаслик ҳиссини янада кучайтириш, тарғибот ишларини кучайтириш лозимлиги уқтирилган.
– Фаолиятингиз давомида маҳаллада нималар ўзгарди, аҳолининг бунга муносабати қандай? Уларнинг ҳоким ёрдамчилари институтига ва умуман “маҳаллабай” тизимига ишончи ортдими?
– Фаолиятим давомида 13 та янги тадбиркорлик субъектини ташкил этдим. Инсонларда ўзини ўзи банд қилиш орқали тадбиркорликни ривожлантириш, оилавий даромадларини кўпайтириш орқали камбағалликдан чиқиш мумкинлигига ишонч пайдо бўлди. Маҳалладаги ишсиз фуқаролар ҳам ишга жойлашмоқда. Албатта, аҳоли ҳам буни кўриб-билиб турибди. Чунки олдинлари ишга жойлашиш, субсидиялар олиш, касб-хунарга ўқиш, ўз бизнесини очиш учун кредитлар олиш, уни ривожлантириш учун турли идораларда сарсон бўлиш ҳолатлари бўлган. Ҳозирда ҳоким ёрдамчиларининг сайъ-ҳаракатлари, ҳудудни “хонадонбай” ўрганиши орқали фуқаролар иш билан таъминланиб, тадбиркорлик қилиши энг катта кўмакчи бўлаётгани сир эмас. Одамлардан ҳоким ёрдамчилари давлат идоралари ва халқ ўртасида асосий кўприк вазифасини ўтаяпти, деган сўзларини эшитиш кишига қувонч бағишлайди. Асосийси, фидойилик билан аҳолини рози қилишда сидқидилдан меҳнат қилиш, инсонларнинг жамиятдаги ўз ўрнини топишларида бевосита иштирокчи бўлиш ва кишилар турмуш шароитлари яхшиланишига ҳисса қўшишда бизнинг ҳам ҳиссамиз бор. Бунинг учун барча билим ва тажрибамни ишга солишга тайёрман. Албатта, ўз ҳаётида ижобий натижаларни кўрган фуқароларда келажакка ишонч пайдо бўлади, бу эса Президентимизнинг менга берган ишончини оқлашимда куч бағишлайди!
Изоҳ қолдириш