Азиз Абдуҳакимов: Туризм-365 телеканалини очиш вақти келгандир

Азиз Абдуҳакимов: Туризм-365 телеканалини очиш вақти келгандир

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Тошкент давлат иқтисодиёт университети биносида республика гидлар гуруҳи вакиллари билан учрашди.

Азиз Абдуҳакимов бугунги кунда туризм соҳаси ривожланишида экскурсиячи гидларнинг ўрни ниҳоятда катта эканлигини таъкидлаб, қисқа вақт ичида Ўзбекистондаги гидлар сонини ошириш кераклиги ҳақида сўзлади.

“Биз энди туризмни янги поғонага кўтаришимиз лозим, зеро туризм энг аввало маҳаллий аҳоли учун янги иш жойлари демакдир. Бугунга келиб гидларнинг сони 1000дан ортиқ бўлса, биз қисқа вақт ичида уларнинг сонини 5000 нафарга етказишимиз керак”, деди Абдуҳакимов.

Шунингдек экскурсиячи гидларни ўйлантираётган масалалар, ўз ечимини кутаётган муаммоларни тинглади.

Азиз Абдуҳакимов саёҳат маданиятини кишиларга болаликдан шакллантириш зарурлигини таъкидлаб, шу йўналишда дастур тузиш ва унга кўра, ёш сайёҳларга мўлжалланган кўрсатувларни ташкил қилиш, махсус видеокурсларни тавсирга олиб тарқатиш чоралари кўрилишини айтди.

“Эҳтимол, Туризм-365 телеканалини очиш вақти келгандир, зеро ички туризм бугунги кунда талаб даражасида ўрганилмаган”, деб қўшимча қилди Бош вазир ўринбосари.

Шу ўринда Азиз Абдуҳакимов бугунги кунда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан экскурсиячи гидлар билан мулоқотга киришиб, оператив маълумот алмашиш имконини берувчи янги лойиҳа устидаги ишлар тугагани, бу келгусида сайёҳлик соҳаси билан боғлиқ муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш имконини беришини маълум қилди:

“Гидлардан илтимосимиз – сайёҳ билан ҳаракатланаётиб қаердадир камчилик ё муаммо кўрдингизми, дарҳол ушбу платформа орқали бизга матн, фото ёки аудио шаклида йўлланг. Сир эмаски, ҳудудларда кафе ва ресторанлар, санитария-гигиена шохобчалари ва инфратузилма билан боғлиқ муаммолар талайгина. Бундан ташқари, туристик хизмат кўрсатувчиларнинг муомаласи кўнгилдагидек бўлмаслиги мумкин. Бундай камчиликлардан тезкор хабардор қилсангиз, биз тегишли давлат идоралари ва ташкилотлар билан ҳамкорликда зарур чораларни кўрамиз. Шу тариқа мавжуд муаммоларни биргаликда бартараф этамиз”.

Гидлар вакиллари сўнгги йилларда давлат раҳбари ҳамда ҳукумат даражасида соҳани ривожлантиришга доир қабул қилинаётган фармон ва қарорлар уларни илҳомлантираётганини алоҳида таъкидлаб, келгусида эътибор қаратилиши керак бўлган жиҳатлар бўйича таклифларини билдиришди. Туризм журналистикаси йўналишини жорий қилиш, юртимиз ҳақидаги флаерлар ва қўлланмаларининг чет тилларидаги таржималари камлиги, ҳар бир туристик объектда сити-басларни ташкил қилиш, веган менюни йўлга қўйиш, сертификат олиш жараёнига ўзгартириш киритиш шулар жумласидандир.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар