Ўзбекистон ҳудудларида тадбиркорлик фаолияти тезлашди: 2025 йил якунлари

Ўзбекистон ҳудудларида тадбиркорлик фаолияти тезлашди: 2025 йил якунлари

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон Республикаси ҳудудларининг 2025 йил учун ишбилармонлик фаоллиги мониторингини тақдим этди.

Таҳлил Солиқ ва Божхона қўмиталари, Марказий банк ҳамда Республика товар-хомашё биржасининг тезкор маълумотлари асосида тайёрланди.

Йил якунларига кўра, солиқ тушумлари барқарор ижобий динамикани кўрсатди ва ўтган йилга нисбатан 24,3%га ўсди.

Солиқ тушумларининг энг сезиларли ўсиши Навоий, Сирдарё ва Тошкент вилоятларида, шунингдек, Тошкент шаҳрида қайд этилди, бу ерда ўсиш суръатлари ўртача тахминан 40%ни ташкил этди.

Республика бўйича даромад солиғи тушумлари 19,9%га, мол-мулк солиғи — 17,8%га, ер солиғи эса 22,25%га ошди.

Божхона тўловлари йиллик ҳисобда 20,8%га кўпайди. Энг юқори ўсиш суръатлари Сирдарё вилоятида 52,5% кузатилди.

Барқарор ижобий динамика, шунингдек, Жиззах, Тошкент, Навоий ва Наманган вилоятларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилди, ушбу ҳудудларда тушумлар ўртача 30,7%га ўсди.

Ташқи иқтисодий кўрсаткичлар таҳлилига кўра, товарлар экспорти 17,5%га ошди. Экспорт етказиб беришнинг энг сезиларли ўсиши Сурхондарё вилоятида деярли 80%ни, шунингдек, Самарқанд вилоятида 30%ни ташкил этди.

Шу билан бирга, кредитлаш ҳажмида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. Йил давомида тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 35,8%га ошди. Энг юқори ўсиш Сирдарё (71,1%), Самарқанд (46,6%), Андижон (43,8%) ва Бухоро вилоятларида (43,2%) қайд этилди.

Шунингдек, Наманган ва Навоий вилоятларида кредитлашнинг ўсиш суръатлари 38%дан юқори бўлди.

Хусусий секторнинг фаол ривожланиши янги хўжалик юритувчи субъектлар сонининг сезиларли даражада ортгани билан тасдиқланади. 2025 йилда 79 655 та янги корхона рўйхатга олинди, бу эса ишбилармонлик муҳитининг ижобий эканидан далолат беради.

Энг кўп янги тадбиркорлик субъектлари Тошкент шаҳрида (18 324 та) рўйхатга олинган. Ҳудудлар орасида Тошкент (8 366 та), Хоразм (6 483 та), Самарқанд (6 314 та) ва Фарғона (6 163 та) вилоятлари етакчи бўлди.

Йил давомида Ўзбекистон республика товар-хомашё биржасидаги битимлар ҳажми ўтган йилга нисбатан 22,3%га ошди. Биржа фаоллигининг ўсиши мамлакатнинг аксарият ҳудудларида, айниқса, Бухоро вилоятида кузатилди ва у ерда фаоллик 46,9%га ортди. Шунингдек, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах ва Фарғона вилоятларида ўртача 36,5%лик ўсиш қайд этилди.

Султонмурод Озодов, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар