Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг таҳлили шуни кўрсатдики, ҳозирги кунда автомобилларга бўлган талаб анча барқарор бўлиб, шу йилнинг январь ойида бошланган фаоллик ўсиш тенденциясини давом эттирмоқда. Август ойида автомобил сотиб олишга қизиқишнинг ортиши қайд этилди, бу валюта курсларининг ўзгариши ва истеъмолчиларнинг пул маблағларини инвестиция қилиш истаги ортиши билан боғлиқ.
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан автомобил бозоридаги савдо ўзгаришлари мунтазам равишда таҳлил қилиб келинмоқда.
Жорий йилнинг август ойида сотилган автотранспорт воситаларининг умумий сони 119,3 мингтани ташкил этди, бу июль ойига нисбатан 16%га кўп.
1-расм. Рўйхатга ва қайта рўйхатга олинган автомобиллар сони ўзгариши
Йил бошидан буён мамлакатнинг барча ҳудудларида автомобил савдоси сезиларли даражада ошди. Жумладан, энг юқори ўсиш суръатлари Наманган - 44%, Қашқадарё – 34% ва Жиззах вилоятларида – 23% қайд этилди.
2021 йил август ойига нисбатан автомобил савдоси 2 баравар ошди (+61,9 минг).
Эслатиб ўтамиз, йил бошига келиб жисмоний шахсларга тегишли автомобилларнинг умумий сони 3,1 млн.ни ташкил этди, бу ўтган йилга нисбатан 0,28 млн.га кўп. Шундай қилиб, Ўзбекистоннинг ҳар минг доимий аҳолисига ўртача 87 та автомобил тўғри келади. Статистика маълумотларига кўра, мамлакатимизда ҳар 12 кишидан бири автомобилга эга.
Энг кўп автомобиллар Тошкент шаҳрида рўйхатга олинган - 525 028 та. Пойтахтдан кейин энг кўп рўйхатга олинган автомобиллар Самарқанд вилоятида — 392 475 та, Тошкент вилоятида — 324 154 та ва Фарғона вилоятида — 325 009 та.
Ҳудудлар бўйича жисмоний шахсларга тегишли энг кам рўйхатга олинган енгил автомобиллар Сирдарё – 68 278 та, Жиззах – 90 860 та ва Навоий вилоятларида – 97 439 та қайд этилди.
Иккиламчи автомобил бозори
Август ойида иккиламчи бозорда 98 мингта автомобил сотилган, бу ўтган ойга нисбатан 21 фоизга кўп. Шу билан бирга, иккиламчи автомобил бозори йил давомида 2,2 баробар ўсди.
2-расм. Бирламчи ва иккиламчи автомобил бозори (2021-2022)
Маҳаллий автомобиллар савдоси
Август ойида маҳаллий ишлаб чиқарилган янги автомобилларнинг сотилиши 17 мингтани ташкил этди ва июль ойига нисбатан 7,5 фоизга камайди. Шу билан бирга, 2021 йил август ойига нисбатан савдо ҳажми 1,8 баравар ошди.
Хорижий автомобиллар савдоси
Чет элда ишлаб чиқарилган янги автотранспорт воситалари олди-сотди шартномалари сони 1,8 мингтани ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 38 фоизга, ўтган йилнинг август ойига нисбатан эса 1,8 баробарга ошгани қайд этилди.
3-расм. Маҳаллий ва чет элда ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар савдоси улуши
Хорижда ишлаб чиқарилган автомобиллар савдосининг бундай кескин ўсиши жорий йилнинг май ойидан бошлаб импорт қилинадиган автомобилларни олиб кириш учун божхона тўловларининг пасайиши билан изоҳланади, бу эса савдо ҳажмининг ўсишига таъсир кўрсатди. Жорий йилнинг май-август ойларида хорижий автомобиллар савдоси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1,6 баробарга ошган.
Ушбу даврда маҳаллий автомобиллар сотуви ҳам барқарор ўсишни кўрсатиб, 1,4 баробарга ошган.
Изоҳ қолдириш