Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази июнь ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк савдоси қандай ўзгарганини таҳлил қилди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази июнь ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк савдоси қандай ўзгарганини таҳлил қилди

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази (Марказ) томонидан кўчмас мулк ва автомобил бозорларида талаб ўзгариши мунтазам равишда таҳлил қилиб келинмоқда.

Мазкур бозорларда талаб ўзгариши Ўзбекистонда иқтисодий фаоллик тикланганини кўрсатмоқда.

Жорий йилнинг июнь ойида мамлакатимизда кўчмас мулк бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони 21,5 мингтани ташкил этди; бу май ойига нисбатан 16,8%га кўпроқдир. Таъкидлаш керакки, май ойида апрель ойига нисбатан бир оз пасайиш қайд этилган эди. 2019 йилнинг июнь ойи (14,3 минг) билан таққослаганда кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича тузилган шартномалари сони 50,6% га ошди. Бироқ, 2020 йил июнь ойига нисбатан (33,6 минг) 36%га пасайиш қайд этилди. Бу, бир томондан, ўтган йили локдаундан кейин карантин чораларининг босқичма-босқич юмшатилиши билан кўчмас мулк бозорида жонланиш қайд этилганлиги билан, бошқа томондан доимий рўйхатга олиш тартибининг соддалаштирилиши билан изоҳланади.

Бунда, 2020 йилнинг июнь ойида мамлакатимизда кўчмас мулк бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони 2019 йилнинг июнига (14,3 минг) нисбатан 135,2% га ошган бўлса, Тошкентда бу кўрсаткич (2019 йилнинг июнида 4,5 минг) 148,7%га кўпайганди.

1-расм. Кўчмас мулк олди-сотдиси бўйича расмийлаштирилган шартномалар сони ўзгариши индекси

Ҳудудлар кесимида республиканинг барча ҳудудларида май ойига нисбатан ўсиш кузатилди. Энг юқори ўсиш суръатлари Самарқанд (31,7%), Фарғона (27,1%), Наманган (26,2%), Жиззах (25,7%) ва Навоий (22,6%) вилоятларида кузатилди.

2-расм. Ипотека кредитлари ва кўчмас мулк олди-сотдиси ўртасидаги алоқадорлик

Таҳлил натижалари шуни кўрсатадаки, ипотека кредити ва кўчмас мулк савдоси ўртасида сезиларли даражада боғлиқлик мавжуд. Ипотека кредитлари сонининг 10% га ошиши кўчмас мулк олди-сотдисининг ўртача 6,7% га ўсишига олиб келади.

3-расм. Аҳолига берилган ипотека кредитлари

Манба: Ўзбекистон Марказий банки маълумотлари асосида ҳисоб-китоблар

2021 йилнинг январь-май ойларида аҳолига берилган ипотека кредитлари ҳажми 2,77 трлн. сўмни ташкил этган бўлса, ушбу кредитлар сони 21,1 мингтага етди.

Вилоятлар кесимида мазкур даврда энг кўп ипотека кредитлари берилган ҳудудлар Тошкент шаҳри (4012, ҳажми – 809,4 млрд. сўм ), Фарғона (2122, ҳажми 248,1 млрд. сўм), Сурхондарё (1782, ҳажми 185,1 млрд. сўм), Тошкент (1524, ҳажми 185,1 млрд. сўм) ва Андижон (1508, ҳажми 226,7 млрд. сўм) бўлди.

4-расм. 2021 йил январь-май ойларида вилоятлар кесимида аҳолига берилган

Халилуллоҳ Ҳамидов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Бош илмий ходими


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар