11 март куни Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Бошқарувининг оралиқ йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Пул-кредит шароитлари
2021 йил январь-февраль ойларида иқтисодиётда ижобий реал фоиз ставкалари сақланиб қолди. Февраль ойида банклараро пул бозорининг ўртача тортилган фоиз ставкаси 14,4 фоизни ташкил этиб, фоиз коридори доирасида асосий ставкага нисбатан ижобий тафовут билан шаклланди. “UZONIA” индекси 14 фоиз атрофида бўлди.
Йил бошида пул бозоридаги операциялар ҳажмининг барқарор ўсиши кузатилмоқда. Хусусан, февраль ойида операциялар ҳажми 11,5 трлн. сўмни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 23,1 фоизга кўпайди.
2020 йил II ярмидаги пасаювчи тенденциясидан сўнг жисмоний шахсларнинг миллий валютадаги депозитлари бўйича фоиз ставкалари 2021 йил февраль ойида 18,3 фоизгача ва юридик шахсларнинг депозитлари бўйича эса 16,8 фоизгача кўтарилди. Жорий йилнинг февраль ойида миллий валютадаги кредитлар бўйича ўртача тортилган фоиз ставкалари 21,3 фоизга тенг бўлди.
2021 йил 1 январдан бошлаб мақбул фоиз ставкалар механизми бекор қилинганидан сўнг фоиз ставкаларида ошиш томонга маълум даражадаги тўғриланиш кузатилди. Бироқ, фоиз ставкалари пул-кредит шароитларидаги ўзгаришларни ўзида акс эттирган ҳолда ўтган йилнинг мос давридаги кўрсаткичларга нисбатан анча паст даражада шаклланди.
Шунингдек, сўнгги ойларида иқтисодий вазиятнинг нисбатан нормаллашуви ва инқирозга қарши чоралар бўйича харажатларнинг қисқариши натижасида маълум даражада фискал консолидация кузатилди.
Изоҳ қолдириш