Ҳозирги кунда коронавирус пандемияси COVID-19 атрофидаги глобал ноаниқлик ўтган даврлардаги пандемия (эпидемия) ҳолатлари сабабли вужудга келган ноаниқликларга қараганда анча юқоридир.
Ушбу ноаниқликни камайтириш, иқтисодиётнинг тезда оёққа туриши ва одамларнинг одатий турмуш тарзига қайтиши давлатлар томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг муваффақиятли амалга оширилиши билан бир қаторда инсонларнинг карантин қоидалари ва интизомига сўзсиз амал қилишига боғлиқ. Токи бирор бир жамиятда коронавирус инфекцияси билан касалланган сўнгги бемор аниқланмагунича, бутун жамият, инсоният учун хавф сақланиб қолаверади. Карантин қоидалари ва интизомига риоя қилинг. УЙДА ҚОЛИНГ!
Халқаро валюта жамғармасининг Тадқиқот департаменти бўлим бошлиғи – Davide Furceri, катта илмий ходими – Hites Ahir ҳамда Стэнфорд университетининг иқтисодиёт профессори – Nicholas Bloom томонидан 143 мамлакат учун Жаҳон пандемия ноаниқлик индекси (World Pandemic Uncertainty Index (WPUI)) (Жаҳон ноаниқлик индексининг кичик бир индекси сифатида) ишлаб чиқилди. Мазкур индексни ҳисоблашда улар Economist Intelligence Unit (EIU) томонидан 1996 йил 1-чоракдан 2020 йил 1-чоракгача бўлган даврда чоп этилган мамлакатлар ҳисоботларидаги маълумотлардан фойдаландилар. Шундай қилиб, улар мамлакатлар ҳисоботида “ноаниқлик” сўзи неча марта пандемия ёки эпидемиялар билан боғлиқ бўлган сўзларга (Severe Acute Respiratory Syndrome, SARS, Avian flu, H5N1, Swine flu, H1N1, Middle East respiratory syndrome, MERS , Bird fu, Ebola, Coronavirus, Covid-19, Influenza, H1V1, World Health Organisation, and WHO) яқин тилга олинганлигини санаб чиқдилар. WPUI индексини мамлакатлар бўйича таққослаш учун муайян бир даврда ҳар бир мамлакат учун ҳисоботда саналган сўзларни умумий сўзлар сонига нисбатини ҳисобладилар.
Коронавирус инфекцияси дунё бўйлаб, мамлакатлар бўйлаб тарқалишда давом этиб авжига чиқиб бормоқда. Коронавирус инқирозидан азият чекаётган давлатлар вирус тарқалишини чеклаш мақсадида тугаш муддати номаълум карантин ҳолатларини жорий этиб, ижтимоий узоқлашиш талабларини кучайтираётган бир пайтда, юқумли касалликни юқтириб олиш ва даромадларни йўқотиш қўрқуви бутун дунёда ноаниқликларни кучайтирмоқда.
Коронавирус инқирози билан боғлиқ ноаниқликни рақамлар орқали ўлчаш ва уни олдинги пандемия ва эпидемиялар билан таққослаш мақсадида ишлаб чиқилган янги ўлчов бирлиги – WPUI шуни кўрсатмоқдаки, ҳозирги кунда COVID-19 атрофидаги ноаниқликлар олдинги касалликлар (масалан, SARS, Swine flu, MERS ва бошқалар) сабабли жаҳон ҳамжамиятида вужудга келган ноаниқликдан анча юқори.
Қуйидаги расмда кўрсатилгандек, коронавирус сабабли вужудга келган ноаниқлик даражаси мисли кўрилмаган даражада юқори ҳисобланади. 2020 йил 31 март ҳолатига ушбу кўрсаткич 2002-2003 йиллардаги ўткир нафас йўллари синдроми (Severe Acute Respiratory Syndrome (SARS)) эпидемияси давридаги ноаниқлик кўрсаткичидан 3 баробар ва Ebola эпидемияси давридаги ноаниқлик индексидан қарийб 20 баробар кўпроқдир. Коронавирус билан касалланганлар сони кўпайишда давом этиши ҳамда инқирознинг қачон тугаши номаълум бўлиб қолаётган шароитда коронавирус атрофидаги ноаниқлик даражаси юқорилигича сақланиб қолиши кутилмоқда.
Жаҳон пандемия ноаниқлик индекси, оддий ўртача:
Пандемия атрофидаги глобал ноаниқлик
Коронавирус глобал миқёсида кенгайиб борар экан, Жаҳон пандемия ноаниқлик индекси 2020 йил 1-чоракда энг юқори даражага кўтарилди.
COVID-19 билан касалланганлар сони тобора кўпайиб бораётган давлатларда пандемия билан боғлиқ ноаниқликлар ҳам ошиб бормоқда. Аввалига фақат Хитойнинг муаммосидек туюлган коронавирус эпидемияси кўп вақт ўтмай пандемияга айланди. Бугунги кунга келиб, ривожланган ғарб мамлакатларида, айниқса, АҚШ, Буюк Британия, Швейцария, Германия, Италия, Испанияда коронавирус инқирози сабабли ноаниқликлар энг юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Шунинг учун, мамлакатимизда истиқомат қилаётган ҳар бир киши дунё мамлакатлари хатосидан хулоса чиқарган ҳолда коронавирус инфекцияси билан касалланган беморнинг муаммосини ўз муаммоси деб билмоғи лозим. Акс ҳолда, коронавирус инқирози билан боғлиқ ноаниқларни ошиб боришига ўз ҳиссасини қўшади.
Ўзбекистонда COVID-19 инфекциясини юқтириб олганлар сони кўпайиб бориши билан эса бутун дунё мамлакатларида кузатилаётгани сингари мамлакатимизда ҳам ушбу касаллик туфайли вужудга келган ноаниқликлар ошиб боради.
2020 йил 6 апрель ҳолатига мамлакатимизда коронавирус инфекцияси аниқланган ҳолатлар сони 397 нафарни ташкил этди. Ҳозирча коронавирус билан боғлиқ ноаниқликни бироз бўлсада жиловлаб турган омиллардан бири шуки, сўнгги кунларда коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморларнинг барчаси стационар шароитда карантинга олинган фуқаролар орасидан аниқланган. Бу стационар шароитдаги карантиндан ташқарида хавф йўқ деган маънони англатмайди.
Шу боис, Ўзбекистон Республикасида истиқомат қилаётган ҳар бир инсон карантин қоидалари, карантин интизомига қатъий риоя қилишни ўз бурчи деб билиши лозим.
Шу ўринда таъкидлаш керакки, инқироз туфайли даромадини йўқотган тадбиркорлар, кунлик даромад топувчи аҳоли қатлами, боқувчисини йўқотган оилалар даромад топиш илинжида карантин қоидаларини бузишга мажбур бўлмаслиги лозим.
Шубҳасиз, ҳукуматимиз томонидан ўз вақтида амалга оширилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар коронавирус инқирозидан катта талофатларсиз ўтиб олишимизга ёрдам беради. Шундай бўлсада, бундай оғир вазиятда давлат-хусусий шерикчилик механизмини муваффақиятли йўлга қўйилиши коронавирус инқирозига қарши курашишда ўз сўзини айтади. Шундан келиб чиқиб, тадбиркорлик вакиллари ва фуқаролар томонидан ёрдамга эҳтиёжманд оилалар, ёлғиз яшаётган қариялар, даромадини йўқотган аҳоли қатламига ёрдам бериш устувор вазифалардан бирига айланиши даркор.
Ушбу мақсадларда Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги қошида хайрия фаолиятини мувофиқлаштириш ягона маркази ташкил этилди. Мазкур марказ орқали ёрдамга муҳтож оилаларга ёрдам қўли чўзилмоқда.
Ишонамизки, тез кунларда давлатимизнинг, халқимизнинг бирдамликдаги саъй-ҳаракатлари натижасида коронавирус билан боғлиқ ноаниқликлар бартараф этилади.
Халилуллоҳ Ҳамидов
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Етакчи илмий ходими
Изоҳ қолдириш