Facebook компаниясининг акциялари 8,3 фоизга тушиб кетди

Facebook компаниясининг акциялари 8,3 фоизга тушиб кетди

Йирик реклама берувчи компаниялардан бири бўлган Unilever Plc ҳам Facebook`да реклама беришга бойкот акциясига қўшилгач, Facebook компаниясининг акциялари 8,3 фоизга тушиб кетди. Марк Цукерберг эса бунинг оқибатида 7,2 миллиард доллар йўқотди.

Хабарга кўра, ушбу бойкотга Facebook ижтимоий тармоғининг АҚШда яқинлашиб келаётган президентлик сайловлари арафасида норозилик чиқишларига нисбатан қаршиликлар, ирқчилик, нафрат ва нотўғри маълумотлар берилиши билан боғлиқ ҳолатларга қарши етарли даражада курашмаётгани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Фаоллар Facebook`дан тармоқда тазйиқ ва таъқиб қилинишлар ҳақдаги шикоятлар модерациясини кучайтиришни, нафрат уйғотувчи рекламаларни ва экстремистик гуруҳларни автоматик тарзда ўчиришни талаб қилишган.

Ҳозирги вақтга қадар Facebook ижтимоий тармоғида реклама беришдан Coca-Cola Co, Honda Motor Co, Hershey Co, PepsiCo, Verizon Communications Inc, Levi Strauss & Co, Ben & Jerry’s Homemade Inc, Viber, The North Face, REI, Upwork Inc каби йирик компаниялар воз кечишган.

Facebook компаниясини нафақат брендлар, балки улар билан ишлайдиган реклама агентликлари ҳам бойкот қилмоқда. Шу жумладан, йирик реклама агентликларидан бири ўзининг 50 дан ортиқ мижозларини бойкот қилиш акциясини қўллаб-қувватлашга ва ижтимоий тармоқда реклама бермасликка чақирган хабарларни юборган.

Шу сабабли, 26 июнь куни Facebook компанияси қиймати 8,3%га, яъни $56 млрд га пасайди. Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, Марк Цукербергнинг бойлиги $82,3 млрд гача пасайган. Facebook акцияларининг ҳозирги нархи 216 долларга тенг.

Facebook ҳозирда йирик реклама берувчи компаниялар билан келишишга ҳаракат қилмоқда ва компаниянинг нафрат уйғотувчи контент билан қандай курашаётгани, бу йўлда яна нима ўзгаришлар қилиши борасида маълумот берган. Кўпчилик брендлар агар бу борада ўзгаришлар юз берса, платформага қайтишга тайёр эканликларини билдиришган.

Шунингдек, Цукерберг Facebook АҚШдаги сайловлар билан боғлиқ барча хабарларга сайловчилар учун ташкил қилинган янги ахборот марказига йўналтирувчи ҳавола қўйиб борилишини эълон қилди. Бундан ташқари, компания тақиқланган постларга нисбатан ёндашувини кенгайтирди. Шу билан бирга, июнь ойида ижтимоий тармоқ Дональд Трампнинг сайловолди ташвиқоти учун эълон қилинан бир қатор реклама матнларини олиб ташлади.

Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар