Таҳлил натижаларига кўра, 2023 йилнинг дастлабки 9 ойи давомида Фарғона вилоятининг ташқи савдо айланмаси ҳажми $1 488 млн.ни шундан, экспорт $524 млн. (товарлар - $518 млн. , хизматлар - $5 млн.) ва импорт $964 млн. (товарлар - $962 млн. , хизматлар - $2 млн.)ни ташкил қилиб, республикада ташқи савдо айланмаси улуши бўйича Тошкент шаҳри ($17 198 млн.), Тошкент вилояти ($4 207 млн.), Андижон ($3 617 млн.), Самарқанд ($1 982 млн.) ва бошқа вилоятлардан кейин 8-ўринга тушган. Ташқи савдо айланмаси ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан $77,9 млн.га ёки 5% (экспорт – -18,2%, импорт – +4,2%)га камайганини кўрсатди.
Ҳозирги кунда, Фарғона вилояти жаҳоннинг 77 та мамлакати билан савдо алоқаларини амалга оширмоқда. Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатлар орасидан 6 та давлатда ижобий ташқи савдо баланси кузатилган бўлиб, Россия, Эрон ва Афғонистон шулар жумласидандир. Қолган 14 та давлат билан манфий ташқи савдо баланси сақланиб қолмоқда.
2023 йил январ-март ойларида МДҲ давлатлари билан товар ва хизматлар айланмаси ҳажми - $715 млн.ни, дунёнинг бошқа давлатлари билан эса $772 млн.ни ташкил қилган.
Мамлакатлар кесимида қаралганда, Фарғона вилоятининг асосий экспорт улуши Россия ($233 млн.), Қирғизистон ($42 млн.), Туркия ($36 млн.) ва Афғонистон ($35 млн.) давлатлари хиссасига, асосий импорт улуши эса Хитой ($403 млн.), Россия ($168 млн.), Қозоғистон ($140 млн.) ва Туркия ($34 млн.) давлатлари хиссасига тўғри келган.
Вилоятдаги шаҳар ва туманлар кесимида ташқи савдо айланмаси динамикаси таҳлил қилинганда, Қўқон шаҳри ($285 млн.), Учкўприк ($229 млн.), Фарғона шаҳри ($205 млн.) ва Олтиариқ ($129 млн.) юқори улуш билан олдинги ўринларни эгаллаган.
Хусусан, 2023 йил январь-сентябрь ойларида вилоятда жами экспортёрлар сони 675 тани ташкил қилиб, Олтиариқ ($100 млн.), Қўштепа тумани ($63 млн.), Қўқон шаҳри ($58 млн.) ва Учкўприк тумани ($54 млн.) вилоятнинг экспортида юқори улушга эга бўлган ҳудудлар сирасига кирган. Шунингдек, Қўқон шаҳри ($228 млн.), Учкўприк тумани ($175 млн.) ва Фарғона шаҳри ($162 млн.) импорт фаолияти бўйича юқори кўрсаткичларни қайд этган.
Вилоятнинг асосий экспорт махсулотлари таркибини озиқ-овқат махсулотлари ва тирик ҳайвонлар (42,4%), саноат товарлари (36%) ва турли хил тайёр буюмлар (11,2%) ташкил этган. Техника воситалари ва транспорт асбоб-ускуналари (37%), саноат товарлари (22%) ва озиқ-овқат махсулотлари ва тирик ҳайвонлар (16%) импорт қилинган товарларнинг асосий қисмини ташкил қилган.
Баҳодир Холмирзаев
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази
Изоҳ қолдириш