Талабалар ётоқхоналарини қуриш учун 4.4 триллион сўм маблағ ажратилади, ижара пулининг 50 фоизи эса давлат томонидан қоплаб берилади. Бу ҳақда айни вақтда Президент иштирокида ёшларнинг бандлиги ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида айтиб ўтилди.
Президент ижарада яшайдиган талабалар учун Ҳукумат дастури тайёрланаётганини маълум қилди.
“Бугунги кунда 130 мингдан зиёд олийгоҳ талабалари ижарада яшамоқда. Бу фарзандларимизга 1 сентябрдан бошлаб ижара тўловининг ярми давлат томонидан қоплаб берилади.
Дастлабки босқичда ушбу тизим орқали 60 минг нафар ёшлар қамраб олинади. Шунингдек, эҳтиёжманд талабаларга ушбу харажатлар ҳокимликлар ва олийгоҳлар маблағи ҳисобидан ҳам қоплаб берилади. Навбатдаги ўқув йилида бунинг учун 100 миллиард сўм ажратилади", деди Шавкат Мирзиёев.
Президент ташаббуси билан 4.4 триллион сўм маблағ янги ётоқхоналар қурилишига йўналтирилади.
Шунингдек, йиғилишда 2021 йилда қўшимча 20 минггача ўрта тиббиёт (терапия, педиатрия, патронаж ва акушер ҳамширалар) ва ижтимоий ходимлар штатини ташкил этилиши ҳақида ҳам айтиб ўтилди.
Президент “тиббий бригадалар” га 7 минг ўрта тиббиёт ходимлари кераклигини айтиб ўтди:
-Қани тиббиёт коллежини битирган ёшлар? Шунча йиллар давомида тиббиёт коллежларининг мармардан қурилишига пул бериш ўрнига ёнига поликлиника қурганимизда, сифатли ўқитганимизда, ёшларга иш топиб берганимизда бугун ҳолат бошқача бўларди. Ўрта тиббиёт бўғинида 20 минг қўшимча штат очилиши минглаб ёшларга иш ўрни бўлади.
Изоҳ қолдириш