Ўзбекистон ҳудудларида тадбиркорлик фаоллиги жорий йилда барқарор ўсиш билан бошланди – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Ўзбекистон ҳудудларида тадбиркорлик фаоллиги жорий йилда барқарор ўсиш билан бошланди – Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази

Солиқ ва Божхона қўмиталари, Марказий банк ҳамда Республика товар-хомашё биржасининг тезкор маълумотларига кўра, Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон Республикаси ҳудудларида тадбиркорлик фаоллиги бўйича мониторинг олиб бормоқда.

Жорий йил январь ойи якунларига кўра, солиқ тушумлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 39,2%га ўсиб, барқарор ижобий динамикани намоён этди.

Тушумлар ўсишининг энг юқори кўрсаткичлари Сирдарё, Навоий, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилди. Ушбу ҳудудларда ўсиш суръатлари ўртача қарийб 49%ни ташкил этди.

Жисмоний шахслар даромад солиғи тушумлари 15,1%га, мол-мулк солиғи тушумлари 19,6%га ҳамда ер солиғи тушумлари 20,3%га ошди.

Божхона тўловлари йиллик ҳисобда 19,8%га ўсди. Энг юқори ўсиш суръатлари Навоий, Жиззах ва Наманган вилоятларида қайд этилди ва ўртача қарийб 67%ни ташкил қилди.

Шунингдек, Самарқанд вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам барқарор ижобий динамика кузатилиб, тушумлар ўртача 31%га ошди.

Ташқи иқтисодий кўрсаткичлар таҳлили якунларига кўра, товарлар экспорти 19,5%га ошди. Экспорт ҳажмининг энг юқори ўсиши Тошкент ва Навоий вилоятларида қайд этилди ва ўртача 47%ни ташкил қилди.

Шу билан бирга, кредитлаш ҳажмида ҳам сезиларли ўсиш кузатилди. Кўриб чиқилаётган даврда тижорат банклари томонидан ажратилган кредитлар ҳажми 2,7%га кўпайди. Энг юқори ўсиш Самарқанд, Бухоро ва Хоразм вилоятларида қайд этилиб, ўртача 58%ни ташкил этди.

Хусусий секторнинг фаол ривожланиши янги хўжалик юритувчи субъектлар сонининг сезиларли ортгани билан ҳам тасдиқланмоқда. 2026 йил январь ойида 7 116 та янги корхона рўйхатдан ўтказилди. Янги тадбиркорлик субъектларининг энг кўп қисми Тошкент шаҳрида (1 712 та) қайд этилди. Ҳудудлар орасида эса Тошкент вилояти (735 та), Самарқанд вилояти (610 та) ва Хоразм вилояти (550 та) етакчилик қилди.

Ўзбекистон Республика товар-хомашё биржасида тузилган битимлар ҳажми 1,8 баробарга ошди. Биржа фаоллиги мамлакатнинг аксарият ҳудудларида ўсгани кузатилди, айниқса Сирдарё вилоятида фаоллик 11,1 баробарга ошди. Шунингдек, Хоразм, Сурхондарё, Бухоро, Жиззах ва Қашқадарё вилоятларида ҳам ўсиш қайд этилиб, ўртача 6,5 баробарни ташкил этди.

Султонмурод Озодов,

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислҳотлар маркази


Мақолани улашинг

Ўхшаш янгиликлар