Германиянинг “Industrielle Automation” интернет нашри веб-саҳифасида нашр муҳаррири Мари-Кристин Крюгернинг “Коронавирус пандемияси даврида энергетика сиёсатидаги бурилиш” номли мақоласи чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Мақолада мамлакатимиз ҳукумати томонидан пандемия шароитидаги инқироз даврида олиб борилаётган энергетика сиёсати хусусида сўз юритилган.
Муаллиф ўз мақоласида ДЕНА – Германия энергетика агентлигининг мамлакатлар ўртасида ташкил этилган “Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатларида шаҳар энергетика инфратузилмаси” мавзусидаги мулоқот майдони ҳақида хабар бериб, агентликни ушбу минтақаларда сиёсий ва иқтисодий субъектлар ўртасида ҳамкорликка кўмаклашаётганини таъкидлади.
Германиялик журналистнинг GTAI (Germany Trade & Invest) ташкилотига асосланиб хабар беришича, Марказий Осиё минтақасида ҳал қилувчи мавқега эга Ўзбекистон пандемиянинг иқтисодиётга салиб таъсирини камайтириш бўйича мажмуавий чора-тадбирларни ишлаб чиқди. Карантин даврида тадбиркорларга иқтисодий енгиллик ва имтиёзлар берилаётгани, ҳукуматнинг ташқи савдони қўллаб-қувватлаётгани шулар жумласидан. “Ўзбекистон иқтисодиёти пандемия бошланмасидан олдин тахмин қилинган 5,5 фоиз эмас, ҳатто 1,8 фоиз ўсишга эришса ҳам, мазкур инқироз шароитида Шарқий Европа ва Марказий Осиё давлатлари орасида иқтисодий жиҳатдан юксалишга эришган ягона мамлакат бўлиб қолмоқда”, дея GTAI маълумотини келтиради немис журналисти.
“Энергетика соҳасини модернизация қилиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан кенг фойдаланишга урғу берган ҳолда унинг кўламини кенгайтириш масаласи Ўзбекистон ҳукуматининг иқтисодий сиёсатида муҳим ўрин тутади. Бунинг сабаби оддий: иқтисодиётни қайта ислоҳ қилиш ва барча соҳаларда режалаштирилган кўплаб инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, ўз навбатида, электр энергиясини ишлаб чиқаришни жадал суръатларда ошириш, узлуксиз етказиб бериш ва тақсимлашни талаб этади. Жорий йилнинг май ойи бошида ҳукумат томонидан соҳада қабул қилинган янги ва узоқ муддатли режалар электр ишлаб чиқариш қувватини жадал кучайтириш, яъни бугунги 12,9 минг мегаватт ўрнига 2030 йилга бориб 29,3 мегаваттга етказиб, соҳада барқарорликка эришишни кўзда тутади.
Мақолада, шунингдек, Шарқий Европа ва Марказий Осиё мамлакатларида энергия экспорти ривожланиши борасида сўз боради. Коронавирус инқирозининг минтақа энергетика тизимига бурилиш ясаш ёки соҳага таъсири бир хил эмас. Бир томондан қараганда, кўпгина ҳолатларда энергия экспортидан тушадиган даромаднинг пасайиши ва сарф-харажатларнинг кўпайгани сабабли маблағлар камайиб кетмоқда. Бошқа жиҳатдан инқироз энергия экспорт қилувчи давлатлар иқтисодиёти бир томонлама йўналтирилишининг салбий оқибатларини аниқ кўрсатиб берди”, дейилади мақолада.
Таъкидланишича, қайта тикланувчи энергия манбалари ёқилғига қараганда истиқболлидир. Марказий Осиё минтақасида энергия самарадорлиги ва қайта тикланувчи энергия манбалари, хусусан, Ўзбекистонда муҳим аҳамият касб этади. Шу кабилардан келиб чиқиб, Германия энергетика агентлиги минтақа мамлакатлари билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқда.
Изоҳ қолдириш