“Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида давлат хизматлари кўрсатиш тартиб-таомилларини соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ҳукумат қарори (271-сон, 04.05.2021 й.) қабул қилинди.
Қарорга кўра, 2021 йил 1 августдан қуйидаги давлат хизматлари Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали кўрсатилади:
- автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатувчи юридик шахсларнинг ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш;
- автомототранспортлар ва шаҳар электр транспортлар ҳайдовчилигига номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш.
2022 йил 1 августдан ўқув гуруҳларини рўйхатга олиш, шунингдек, ҳайдовчиликка номзодлардан имтиҳонларни қабул қилиш учун ҳужжатларни ва миллий ҳайдовчилик гувоҳномасини расмийлаштириш учун барча тегишли ҳужжатлар фақат ЯИДХП орқали тақдим этилади.
2021 йил 1 сентябрдан ҳайдовчилардан автомототранспортни бошқариш учун ишончнома (нотариал тартибда тасдиқланган), техник кўрикдан ўтказилганлиги тўғрисидаги маълумот, автотранспорт воситалари ойналарининг тусини ўзгартиришга (қорайтиришга) рухсатнома электрон шаклга ўтказиш орқали мазкур ҳужжатларни ҳайдовчидан талаб этиш тартиби бекор қилинади.
2021 йил 1 июлга қадар ДЙҲХХ органларида автоматлаштирилган электрон тизимларнинг ЯИДХПга интеграция қилинган ҳолда тўлиқ ишга туширилиши таъминланади.
Изоҳ қолдириш